Ҳеч нарсани билмаслигини билган буюк донишманднинг аянчли қисмати
Ҳисоблаб кўрсак, унинг суди бўлиб ўтганига йигирма тўрт асрдан ошибди. Шундай бўлса-да, ҳали-ҳануз аҳли башариятнинг эсидан чиққани йўқ. Чунки у жаҳон тарихидаги энг адолатсиз судлардан бири эди ҳамда етмиш ёшли файласуфга адолатсиз ўлим жазоси берилганди. Бу қаттолликнинг қурбони кейинчалик номи жамики авлодлар ва халқлар учун донишмандлик рамзига айланган даҳо Суқрот эди.
Суқрот милоддан аввалги 470–469 йилларда афиналик ҳайкалтарош Софриникс ва доя Фенаретта оиласида туғилган. Патрокл деган иниси, Ксантиппа исмли хотини, уч нафар ўғли бўлган.
Айрим манбаларда ёзилишича, Суқрот фақирона ҳаёт кечирган. Қачон қараманг, эски либос кийиб, оёқ яланг юрган. Кўп вақтини кўча-кўйда, майдон-хиёбонларда одамлар билан гурунглашиб ўтказган. Ҳар қандай кишини чуқур ўйлантириб қўядиган жумбоқли саволлари билан суҳбатдошларини ҳайратга солган. Бошқа маълумотларга кўра, Суқрот олибсотарлик орқали кун кечириб, учта ҳарбий юришда қатнашган. Баъзи адабиётларда Афинада аҳоли сони камайиб кетишининг олдини олиш ниятида эркакларга ўз жуфти ҳалолидан бошқа аёлдан ҳам фарзанд кўришга рухсат берувчи қонун қабул қилингач, у иккинчи бор уйлангани эслатилган.
Ажабланарлиси, Суқрот умрида бирон нарса ёзмаган, барча фикр-ғояларини оғзаки баён этган. Унинг фалсафий таълимотига оид маълумотларни замондошлари ва шогирдларидан Ксенофонт, Афлотун, кейинроқ Арасту қоғозга туширган.
Қандайлигидан қатъи назар, Суқрот кўҳна Юнонистон ҳамда дунё педагогикаси, фалсафаси ва мантиқ фани ривожига улкан ҳисса қўшди. Биринчи навбатда, ёшлар тарбиясини шарафли вазифа деб билди. Бу борада ўзига хос назария яратиб, тарбиядан кўзланган мақсад инсонни билимли ва юксак ахлоқли қилиб камол топтиришдан иборатдир, деган фикрни илгари сурди. Шунингдек, таълим-тарбия жараёнидаги ҳар қандай ақидапарастликни кескин қоралади. Педагогикада мажбурлаш ва зўравонликдан воз кечиш, билим беришнинг ягона воситаси ишонтириш бўлиши лозимлигини уқтирди.
Иккинчидан, Суқрот борлиқнинг вужудга келиши ва ривожланиши ҳақидаги фалсафий таълимот ҳамда воқеликни билиш ва унга асосланган тафаккур услуби – диалектика сўзини илк бор амалиётда қўллади. Уни бир-бирига зид, қарама-қарши фикрлар тўқнашуви орқали ҳақиқатни кашф этиш санъати сифатида баҳолади.
Учинчидан, милоддан олдинги V асрнинг иккинчи ва IV асрнинг биринчи ярмида Юнонистонда донолик ва чиройли сўзлашиш бўйича сабоқ берувчи файласуф-муаллимлар, лўндароқ қилиб айтганда, софистлар пайдо бўлишган. Улар муайян ҳақ эвазига одамларга мунозара олиб бориш, мухолифи мулоҳазаларидаги заиф томонларни топиб, зарба бериш, ўз бемаъни фикрларини бошқаларга ўтказиб, ғолиб чиқиш йўлларини ўргатишган. Бунда ўзлари жорий этган, мантиқ қонунларини атайин бузиб, ёлғон далилларга таянган ҳолда ҳийлакорона муҳокама юритишга асосланган фалсафий оқим – софистикадан фойдаланишган. Рақибни эсанкиратиб қўядиган мантиқий софизм ҳамда анъанавий фикр ёки тажрибага зид фавқулодда мулоҳаза ёки ғалати муҳокамаларни ўйлаб топишган.
Юнонистонда фалсафанинг асосий эътибори дунё муаммоларидан одамзод ва унинг маънавий олами муаммоларига йўналтирилгач, софистлар «Инсон ҳамма нарсанинг мезонидир!» деган ақидага ружу қўйишди. Улар яратган софизм эса ростни ёлғон, ёлғонни рост деб тушунтириш ва мантиққа хилоф хулоса чиқаришга хизмат қилди. Янада аниқроғи, содда кишиларни тўғри йўлдан адаштирувчи, уларнинг қалбида ҳақиқат ва адолатга шубҳа уйғотувчи маккорлик қуроли вазифасини ўтади.
Шу боис милоддан аввалги IV асрда яшаган Арасту софизмни «сунъий исбот», унинг тарғиботчиларини «сохта донолик ўқитувчилари» деб атаганди. Суқрот эса, ҳақиқатни баҳсли суҳбат орқали аниқлаш мумкин, деган фикрни илгари сурди.
У тарихда биринчи бўлиб инсонни фалсафий англаш масаласини ўртага қўйди. Айни йўналишдаги тадқиқотларининг мавзуси сифатида ахлоқий муаммоларни танлади. Асосий эътиборни инсон онги ва тафаккурини таҳлил қилишга қаратди. Суқрот таълимотига кўра, фалсафанинг асл моҳияти ўзликни англашдан иборат бўлиб, бу чинакам эзгуликка етишиш йўлидир. Эзгулик эса билим ёки донишмандлик аломатидир.
Суқротнинг суҳбатлашиш ва баҳслашиш санъати бўйича иш тутиши, яъни борлиқ тўғрисидаги фалсафий таълимот ҳамда воқеликни билиш ва унга асосланган тафаккур услуби, ўзи яратган индуктив таълимотдан, яъни тўғри тафаккур юритишнинг асосий қонунлари ва шакллари ҳақидаги мантиқ фанига тааллуқли усулдан моҳирона фойдаланиши бошқаларда катта қизиқиш уйғотган.
«Мен ҳеч нарсани билмаслигимни биламан!» деган сўзлар Суқротнинг ҳаётий шиори бўлган. Шу боис у мудом ақлли инсонларни излади. Дастлаб давлат арбоблари билан дўстлашишга интилди. Бироқ эларо машҳур амалдорлардан бири билан суҳбатлашаётиб, унинг манманлигидан ҳафсаласи пир бўлди. «Мен-ку, ҳеч нарса билмаслигимни билардим, у эса шуниям билмас экан!» дея афсусланди. Кейин ўша кезларда замонасининг энг зукко кишилари саналган шоирлар даврасига ошиқди. Лекин уларнинг тимсолида ҳам ҳақиқий доноларни кўрмади, билъакс, барчаси туғма иқтидорли фолбинлар сингари ва нима деяётганини ўзлари ҳам дуруст тушунмаган ҳолда ижод қилишининг шоҳиди бўлди.
Суқрот кўп вақтини баҳс-мунозаралар билан ўтказар ва ҳамиша ғолиб чиқарди. Мағлуб бўлганлар аламига чидолмай, уни ҳақоратлашар, мазахлашар ва калтаклашарди. Дўстлари нега уларга қарши чора кўрмаслигини сўрашса, Суқрот «Мени эшаклар тепяпти, уларни судга беролмайман-ку!» дерди. Устига-устак, у давлат бошқарувининг адолатни бузадиган барча шаклларини кескин танқид қиларди.
Суқротнинг билимдонлиги ва шаккокликлари жуда қимматга тушади. Унинг таълимотидаги танқидий руҳ ўзларини оқилу доно ҳисобловчиларга ёқмади. Бу, айниқса, Афина ҳукмрон доираларини қаттиқ хавотирга солди. Масала жиддийлашгач, халқ орасида мавқеи тобора ошиб бораётган, одамлар кўзини очаётган файласуфга ҳукуматнинг ўзи қарши чиқади. Уни демократияга душманликда, ёшларни йўлдан уриш, фуқаролик меъёрларини бузиш ҳамда шаҳар аҳли азалдан сиғиниб келган худоларни менсимай, янги маъбудалар яратишда айблаб, судга берди.
Судда ажабтовур усул қўлланилди. Косиблар номидан Анит, нотиқлар номидан Ликон, шоирлар номидан Мелет даъвогар сифатида сўзга чиқиб, ҳамкасбларини узлуксиз масхаралаб келгани учун айбдорга нисбатан олий жазо тайинлашни сўрашди. Суқрот эса ўзини ҳимоя қилиш ўрнига ғанимлари ва ҳакамларни баттар ғазаблантирувчи гапларни айтди. «Тағин мени ўлимга маҳкум этиб, Худо сизларга берган эҳсондан айрилиб қолманглар», дея уларнинг жиғига тегди. Шу боис маҳкамада қатнашган 501 нафар судьядан 281 нафари уни айбдор деб топиш юзасидан овоз берди.
Судьялар жазони белгилаётганида Суқрот яна саркашлик йўлини тутди. У агар айби исботланса, арзимаган миқдорда жарима пули – 25 драҳма тўлашга рози эканлигини билдирди. Сўнгра «Аслида бу ишларим учун мени жазолашларинг эмас, давлат кенгашида текин тушлик беришларинг керак... Чамамда, Тангри каминани уззукун шаҳар кезиб, сизларни уйғотиш учун юборган. Менга ўхшаганларни осонликча тополмайсизлар. Гапимга ишонсангиз, ҳаётимни сақлаб қоларсиз, аксинча бўлса, сўна чақиб, жаҳли қўзиган одамлар каби уриб ўлдирарсиз. У ҳолда Худо менинг ўрнимга бошқа бировни йўллагунча умрингиз ғафлатда ўтади», дейди.
Бу қочиримли гаплар қасоскорлар қаҳрини жунбишга келтирди. Кейинги сафар қарши овоз берганлар сони 361 нафарга етди. Суқрот эса отдан тушса-да, эгардан тушмасди.
– Начора! – деди у суд ниҳоясида сўнгги сўзини айтаркан, изтеҳзоли оҳангда. – Энди мен ўлимга юз тутаман, сизлар яшамоқ учун тарқаласизлар. Лекин қай биримиз яхшилик сари йўл олишимиз ёлғизгина Яратганга аён!..
Хулласи калом, суд кекса файласуфни ўлимга лойиқ кўрди. Суд тугагач, дўстлари унга ҳукм ижро этилгунга қадар қамоқдан қочишни таклиф қилишди. Аммо Суқрот кўнмади. «Мен, – дейди Суқрот сабабини тушунтириб, – умрим бўйи қонунларни, давлатни, ватанни ҳурмат қилиб, шу даражага етишдим. Нега энди ажалга рўбарў бўлганда уларни ташлаб қочишим керак? Агар қонун ва давлат ёмон бўлиб, мени қониқтирмаганида, олдинроқ кетишим ёки уларни ўзгартириш учун курашишим керак эди. Мен бундай қилмаганман. Демак, энди қонун ва давлатга сўзсиз итоат этишим керак!»
У лафзига содиқ қолди. Бироқ жаллод томонидан қатл этилмади, балки ҳибсхонада ўз ихтиёри ила бир коса оғу ичиб, милоддан аввалги 399 йили дорилбақога рихлат қилди.
Антик даврда ўз жамиятига сиғмаган файласуфнинг ҳаёти шу зайл аянчли якун топди. Афина улуси кейинчалик хатосини англаб етди. Пировардида суд ҳукми асоссиз эканлиги исботланиб, туҳматчилар жазоланди. Чунончи, Мелит ўлдирилди, Анит ва Ликон шаҳардан қувилди. Суқротга эса бронза ҳайкал ўрнатилди. Лекин ҳеч ким «Ҳой, биродарлар! Уни ёлланма даъвогарлар эмас, аслида кўпчилик овоз билан ўзимиз олий жазога маҳкум этгандик. Бу қандай бедодлик, ахир?!.» деган саволни хаёлига келтирмади.
Ўтмишда не-не табаррук инсонларнинг бошига етган, Суқротдек буюк даҳолар умрига зомин бўлган бундай фожиали ҳодисалар такрор-такрор рўй берган. Ўз алломаларини тириклигида хўрлаган, вафотидан сўнг кўкларга кўтариб, улуғлаган миллатлар ва халқлар жуда кўп бўлган.
А.Ҳайдаров


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter