Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Исён ва инқилоб: Z авлод нимадан норози? (фото)

Исён ва инқилоб: Z авлод нимадан норози? (фото)

Фото: TRT Russian

Фото: Getty Images

Марокашдан Мадагаскарга, Непалдан Перуга қадар – дунёнинг турли минтақаларида оммавий норозиликлар, исён ва инқилоблар кузатилмоқда. Ўзгаришларни талаб қилиб кўчаларга чиқаётганларнинг катта қисмини кенжа авлод вакиллари ташкил этмоқда. Шу боис ҳам жаҳон бўйлаб ёйилиб бораётган норозилик ҳаракатлари “Z авлод инқилоблари” деб аталаётир. Фан доктори Элшод Мусоўғлунинг TRT нашрида чоп этилган мақоласида ҳам айнан Z авлод иштирокидаги оммавий исёнлар таҳлил қилинган. Қуйида ушбу мақоланинг қисқартирилган таржимаси билан танишишингиз мумкин.

Рақамли технологиялар одамларнинг сиёсатдаги иштирокини ҳам кескин ўзгартириб юборди. Онлайн платформалар эски тўсиқларни йўққа чиқарди: эндиликда ҳар бир шахс уйидан чиқмаган ҳолда ахборот олиши, мунозараларда қатнашиши ва акциялар уюштириши мумкин. X, Facebook каби ижтимоий тармоқлар таъсирни ошириш майдонига айланди: сиёсатдонларнинг постлари остида мудом баҳс қизийди, муҳиблар ва мухолифлар шарҳлар воситасида ўзаро курашади.

Янги рақамли экотизимда 1997 – 2012 йиллар оралиғида дунёга келган ёшлар, яъни Z авлод муҳим роль ўйнамоқда. Бу, таъбир жоиз бўлса, танглайи интернет билан кўтарилган авлод. Улар учун смартфон шунчаки жонсиз қурилма эмас, балки дунёга дарча ҳамда янгиликлар, мусиқа, видео, ўйин ва мулоқот кабиларни ўзида мужассам этган кундалик ҳамроҳдир. Улар деярли барча ахборотни Instagram, TikTok, YouTube ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали олишади. Рақамли авлод ўта юқори тезликда ҳаёт кечиради...

Қолаверса, ижтимоий тармоқлар қадриятлар ва ўзликни шакллантирувчи маконга айланди. Ўсмирлар айнан тармоқлар орқали иқлим сиёсати, тенгҳуқуқлилик, ижтимоий адолат ҳақида маълумот олади, бироз содда шаклда бўлса-да, бутун дунёдаги ғоя ва ҳаракатлар билан танишади. Бу эса уларда “глобал фуқаролик” туйғусини шакллантиради...

Тадқиқотчилар фикрича, ҳар бир тарихий давр муайян муштарак ҳодисалар ва маданий эврилишлар теграсида янги авлодни шакллантиради. Pew Research таҳлилларига қараганда, АҚШда айни пайтда “cукутга чўмган авлод” (1922–1945), бэби-бумерлар (1946–1964), X авлод (1965–1977) ва миллениаллар (1977–1993) каби ёш қатламлари мавжуд. Кейинги – рақамли инқилоб болалари эса Z авлод деб аталади.

Айрим баланд-пастликларга қарамай, бошқа мамлакатларда ҳам шу каби ёш қатламларини кузатиш мумкин. Қай бир мамлакат рақамли даврга кечроқ қадам қўйган, бошқаси эса аксинча – шитоб билан ўзгаришга юз тутган. Осиёда тараққиёт мароми ўзига хос тарзда – бу минтақадаги Z авлод технологик жиҳатдан Ғарбдаги тенгдошларидан ҳам ўзиб кетган.

Рақамли авлод ва реал ҳаёт

Z авлод ҳақида гап кетганда, кўпчилик уларни интернетга муккасидан кетган, реал ҳаётда юз бераётган ҳодисаларга қизиқмайдиган, бефарқ ва сиёcатдан йироқ қатлам деб таърифларди. Аммо сўнгги ҳафталарда рўй берган ҳодисалар бу қараш эскирганини кўрсатди.

Катманду (Непал пойтахти), Работ (Марокаш пойтахти), Лима (Перу пойтахти), Антананариву (Мадагаскар пойтахти) ва бошқа шаҳарлардаги ҳодисалар шундан далолат берадики, кўчаларга чиқаётган ёшлар ўзгаришларни талаб қилмоқда, яъни намойишлар компьютер ёки смартфон экранидан ҳаётга кўчмоқда.

Майдонларни тўлдирган минглаб йигит-қизлар ҳукуматлардан жавобгарлик ва адолат сўрамоқда, янги ижтимоий битим талаб этмоқда. Мамлакатлар кесимида талаблар фарқланиши мумкин, аммо уларни бирлаштириб турган жиҳат шу: ёшлар тизим яроқсиз ҳолга келган деб ҳисоблайди.

Францияда 1968 йил май ойидаги талабалар исёни ва АҚШдаги аксилҳарбий намойишлардан то Occupy ҳаракати ва “Араб баҳори”га қадар – бутун XX аср мобайнида айнан ёшлар ўзгаришлар мотори бўлди. Қўлланган воситаларда фарқ бор, албатта. Илгари митинг уюштириш учун ҳафталаб вақт ва ҳаракат талаб этилган бўлса, ҳозир смартфоннинг ўзи кифоя. Онлайн платформалар намойишларнинг янги инфратузилмасига айланди. Улар орқали марказлашмаган ҳолда ҳам ҳаракатланиш, сониялар ичида маълумот алмашиш, дунё бўйлаб ҳаммаслакларни бирлаштирувчи рамз ва мемлар яратиш мумкин.

Марокаш

Сўнгги ҳафталарда Марокаш шаҳарлари қирқ қозондек қайнади: “GenZ 212” шиори (212 – мамлакатнинг халқаро алоқа коди) остида бирлашган минглаб ёшлар намойишга чиқди. Аксари талабалар ва иш топа олмаётган битирувчилар бўлган намойишчилар соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий сиёсат бўйича ислоҳотлар талаб қилмоқда. Улар футбол бўйича 2030 йилги жаҳон чемпионатини ўтказиш каби йирик лойиҳаларга ҳам қарши. Чемпионат учун қисман хусусий сектор ҳисобидан 5 миллиард доллар сарфланиши режалаштирилган. “Cтадионлар бор, аммо шифохоналар қани?!” деб савол қўймоқда намойишчилар.

Фото: Reuters

Одамни ҳаммасидан ҳам намойишлар кўлами эмас, балки тезлиги ҳайратга солади. Ушбу ҳаракат Discord серверида бошланиб, ҳамжамият қатнашчилари сони 3000 дан 200 минг кишига кўпайди. Номсиз аватарлар ва қисқа хабарномалардан пировардида реал куч шаклланди.

Шимолий Африкадаги Марокаш қироллиги яшаш даражасини ошириш бўйича сезиларли ютуқларга эришди, аммо тараққиёт мевасидан аҳоли баравар фойдалана олмади. Танқидчилар фикрича, ижтимоий тенгсизлик кучайиб кетган.

Мадагаскар

Африка қитъасининг энг қашшоқ давлатларидан бири Мадагаскарда ҳам ёшлар кўчаларга чиқди. Ҳаммаси ижтимоий тармоқлардаги сув ва электр энергиядаги узилишлар ҳақидаги шикоятлардан бошланди. Сентябрь ойи охирида эса шикоятлар оммавий исёнга айланиб кетди. Пойтахт Антананариву ва бошқа шаҳарларда минглаб одамлар 16 йил аввал давлат тўнтариши йўли билан ҳокимиятга келган президент Андри Радзуэлинанинг истеъфосини талаб қилди.

Фото: АP

Дастлаб президент мушкул вазиятни ҳал қилишга уринди: ҳукумат тарқатилди, энергетика вазири ишдан бўшатилди. Аммо жин кўзадан аллақачон чиқиб кетган эди.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, кучишлатар тизим вакиллари билан тўқнашувларда камида 22 киши ҳалок бўлди, юзлаб одам жароҳатланди.

Октябрь ойи бошида президент Андри Радзуэлина Франция президенти Эммануэль Макрон билан келишувга кўра француз ҳарбий учоғида Мадагаскарни тарк этди.

Олий конституциявий суд президент ваколатини полковник Майкл Рандрианиринага топширди. Айнан у бошчилигидаги ҳарбий бўлинма президент саройини эгаллаган эди.

Мадагаскардаги исённинг асосини қитъадаги бошқа намойишлардан илҳомланган Z авлод вакиллари – талабалар, ёш ишчилар ва фаоллар ташкил этди.

Непал

Фото: АP

Ҳимолай тоғи бағридаги Непалда оммавий намойишлар бошланишига ҳукумат сентябрь ойида Z авлод учун “муқаддас” бўлган айрим ижтимоий тармоқларни тақиқлангани сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотолар – амалдорларнинг фарзандларига тегишли қимматбаҳо машина ва виллалар ҳам жамоатчиликни жунбушга келтирди. Намойишчилар бой амалдорларнинг эрка фарзандлари ҳашамат ичида ҳаёт кечираётганини сиёсий тизимнинг коррупцияга ботгани ва тенгсизлик белгиси деб баҳолади.

Намойишлар пайти норози зумерлар Непал пойтахтидаги парламент биносига ўт қўйди.

Ҳукуматнинг ижтимоий тармоқларни блоклаш қарорига қарши бошланган намойишлар ортидан ўнлаб одам ҳалок бўлди.

Жанубий Осиёдаги бошқа давлатларда ҳам шу каби ҳодисалар рўй бермоқда. 2024 йилда Бангладешдаги оммавий намойишлар чоғи мамлакатни 15 йилдан зиёд идора этган Шайх Ҳасина ҳукумати ағдарилган эди. Ҳокимиятга эса Нобель мукофоти соҳиби Муҳаммад Юнус келди.

Бангладешдаги намойишлар ҳам инсоний ўлимларга олиб келган.

Перу

Нафақат Африка ёки Осиё, “Янги дунё”ни ҳам осудалик тарк этгандек. Сентябрь ойи охирида Перу пойтахти Лима шаҳрида пенсия ислоҳотига қарши намойишлар бошланди. Бир неча ой аввал президент Дина Болуарте ойлик маошини икки баравар ошириш ҳақида фармон чиқарган эди. Пенсия ислоҳоти эса аҳолининг сабр косасига томган сўнгги томчи бўлди гўё.

Аввал аранг кун кечираётган ёшлар, кейин эса транспортчилар норозилик акциясига қўшилди.

Фото: Reuters

Намойишлар тўқнашувларга уланиб кетди. Z авлод вакиллари миршабларни тошбўрон қилди, улар резина ўқ билан жавоб қайтарди. Бир киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам жароҳатланди.

9 октябрь куни Перу парламенти депутатларнинг кўпчилик овози билан президент Болуартени лавозимдан бўшатилди. Аммо намойишлар ҳали-ҳам рўй бериб турибди.

Рамзлар

Непалда ҳокимият рамзи саналган Сингха Дурбар саройи аланга ичида ёнар экан, намойишчилар қаср дарвозасига тиржайиб турган бош суяги акс этган қора байроқни осишди.

Фото: Daily Tribune

One Piece деб аталган япон комикси қаҳрамони бўлган қароқчи образи дунё бўйлаб ҳукуматларга қарши чиқаётган ёшлар учун кураш тимсоли, янги глобал ёшлар инқилобининг универсал байроғига айланди. Зотан, Z авлод айнан мемлар, анимелар ва стримлар таъсирида вояга етган. Шу каби тимсоллар орқали замонавий ёшлар дунё низомига таъсир кўрсатишга, локал намойишларни глобал трендга айлантиришга уринмоқда.

Яқинда АҚШ ва Буюк Британия олимлари Z авлодига мансуб 18 ёшдан 24 ёшгача бўлганларни энг бахтсиз ёш гуруҳи деган хулоса келган эди.

Юзага келган қалтис вазият зумерлар ҳаёти, қизиқишлари, мақсад-муддаоларини чуқур тадқиқ этишни талаб этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг