Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кимнинг пенсияси зўр?

Кимнинг пенсияси зўр?

Фото: «Homak»

БМТ маълумотларига кўра, 2070 йилга бориб, дунё аҳолисининг 20 фоизини (ҳозир 9 фоиз) пенсионерлар ташкил этади. Шуни назарда тутган ҳар хил ташкилотлар (хусусан, улар орасида Американинг «Mercer» консалтинг компанияси ҳам бор) мамлакатлар ҳукуматларига, агарда фуқаролари кексайганда бекаму кўст яшашларини исташса, ҳозирданоқ пенсия тизимларидаги носозликларни «текислаб қўйиш»га чорлашяпти.

Хўш, қайси мамлакатлар идел пенсия тизимига яқин-у, қайси бирларида молиявий хотиржамликни фақат тушда кўриш мумкин?

«Forbes» журнали 2019 йилнинг интиҳосида Австралиянинг Монаш университети Молиявий тадқиқотлар маркази томонидан тайёрланган «Глобал пенсия индекси»ни ўз саҳифаларида чоп этди. Унда пенсия тизимларининг ҳаётга қобиллиги-ю, пенсияга чиққанлар учун тақдим этилаётган солиқ имтиёзлари ва омонатлар, умуман, мамлакатлар иқтисодиёти чиғириқдан ўтказилиб, «A» дан «E» гача баҳоланди — худди ўзимиздаги «5», «2» баҳоларга ўхшаш.

Тадқиқот жаҳоннинг 63 фоиз аҳолиси яшаётган 37 мамлакатни қамраб олди. Ўз-ўзидан етакчилар ва қолоқлар сараланиб қолди.

Фақат Дания ва Нидерландия аъло баҳо олди.

Данияда аксарият фуқаролар, кексайиб пенсияга чиққанда қўшимчаси кўп бўлиши учун, бутун умр кўнгилли равишда даромадларининг муайян қисмини пенсия жамғармасига ўтказиб боришади. Қўшимчасига ҳар ой маошдан фоизлар пенсия жамғармасига ўтказилади, бу фондда тўпланган пуллар 25 йиллик пенсия тўловига тақсимланганида ойига ўртача (айрим кичиқ солиқларни ҳисобламаганда) 3 087 долларлик пенсия чиқади!

Нидерландияда пенсия даромадлари қаттиқ ставкали давлат пенсияси ва касбий пенсиядан шакллантирилади: ўртача пенсия — 1 418 доллар. Ёши 65 дан ошган ва мамлакатда 50 йилдан бери яшаётган барча нидерланд фуқаролари ойига шунча пенсия чиқишига умид қилишса бўлади.

«Иккичилар» ёки қолоқлар деймизми, хуллас, рўйхатнинг энг охирида — Мексика, Филиппин, Туркия, Аргентина ва Таиланд. Қизиғи, Таиландда одамдан кўра ҳайвоннинг қадри баландроқ: бу мамлакатда ёши элликдан ошган ҳарбийлар ва филлар (муқаддас жониворнинг пенсияси 7 млн. сўм атрофида) пенсия олади, холос...

Кекса таиландликларни фарзандлари қарамоғига олиши мажбурий. Агар фарзандлари бўлмаса давлат 500 бат (150 минг сўм атрофида) пенсия тўлайди. Ҳарбий бўлиш учун эса йилда бир марта келадиган лотерея ўйнаш керак: оқ чипта чиқса — ҳарбий бўлиш ва кексайганда пенсия олиш мумкин, сариқ чипталилар янаги йили ҳам омадларини синаб кўришларига тўғри келади, қизил чипта чиқса — ҳарбий бўлишдан ҳам, пенсиядан ҳам умид қилмаса бўлаверади...


Мавзуга оид: Ўзбекистонда пенсия ёши босқичма-босқич ўзгартирилади. 1 апрелгача янги концепция тайёрланади


«Тўрт» баҳо Австралия, Финляндия, Швеция, Норвегия, Сингапур, Янги Зеландия, Канада, Чили, Ирландия, Швейцария ва Германияга қўйилди.

«Уч» баҳо Гонконг, АҚШ, Малайзия, Франция, Перу, Колумбия, Польша, Саудия Арабистони, Бразилия, Испания, Австрия, ЖАР, Италия ва Индонезия пенсия тизимларига қўйилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг