Конгода Эбола юқтирганлар даволанаётган марказ ёқиб юборилди
Конго Демократик Республикасининг шарқий қисмида Эбола вируси тарқалаётган ҳудудда аҳоли даволаш марказига ўт қўйди. Ҳодиса Итури вилоятининг Рвампара шаҳрида содир бўлган.
Маълум қилинишича, маҳаллий ёшлар Эбола қурбони бўлган дўстининг жасадини олиб кетишга уринишган, аммо санитария қоидалари сабабли бунга рухсат берилмаган. Шундан сўнг улар Эболага қарши даволаш марказига ҳужум қилиб, бинога ўт қўйган.
Воқеа гувоҳларига кўра, полиция вазиятни тинчлантиришга уринган, аммо бунинг уддасидан чиқа олмаган. Натижада марказ ичидаги жиҳозлар ва гумон қилинган қурбонлардан бири сақланаётган жой ҳам ёқиб юборилган. Тиббиёт ходимлари эса шошилинч равишда ҳудудни тарк этган.
Мутахассислар таъкидлашича, Эбола қурбонларининг жасадлари юқумли бўлгани сабабли уларни дафн этиш қатъий санитария қоидалари асосида амалга оширилиши керак. Бироқ бу тартиблар маҳаллий анъаналар ва диний маросимлар билан тўқнаш келмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Эбола тарқалишини халқаро аҳамиятга эга фавқулодда ҳолат деб эълон қилган. Расмий маълумотларга кўра, Конгонинг икки вилоятида 671 та гумонли ҳолат ва 160 та ўлим қайд этилган. Аммо ЖССТ ҳақиқий кўрсаткичлар анча юқори бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Ҳозирча вирусга қарши самарали вакцина ёки дори воситаси мавжуд эмас. Мутахассислар вакцина яратилиши учун камида 6–9 ой вақт кераклигини билдирмоқда.
Вирус илк бор апрел ойи охирида аниқланган бўлса-да, бир неча ҳафта давомида яширин тарқалган. Кейинчалик касаллик Жанубий Киву вилоятига ҳам етиб боргани маълум қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter