Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Макроннинг ядровий ташаббуси: Германия ҳам жараёнга қўшилди

Макроннинг ядровий ташаббуси: Германия ҳам жараёнга қўшилди

Европада хавфсизлик масалалари яна кун тартибининг марказига чиқмоқда. Франция ва Германия қитъадаги ядровий тийиб туриш тизимини кучайтириш бўйича музокараларни бошлади. Германиянинг Der Spiegel нашри маълумотига кўра, биринчи учрашув 27 май куни Парижда бўлиб ўтган.

Музокараларда Германия канцлери Фридрих Мерцнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Гюнтер Зауттер иштирок этган. Томонлар Европа хавфсизлиги, мудофаа ҳамкорлиги ва Франция бошчилигидаги ядровий ҳимоя концепциясини муҳокама қилган. Кейинги учрашув 4 июл куни Германия ҳудудида ўтказилиши мумкин.

Маълум қилинишича, Германия ҳарбийлари яқин ойларда Франциянинг ядровий машғулотларида дастлаб кузатувчи сифатида қатнашиши мумкин. Кейинчалик Бундесвер ядровий қурол билан бевосита боғлиқ бўлмаган логистика ва қўллаб-қувватлаш вазифаларида иштирок этиши эҳтимоли ҳам кўриб чиқилмоқда.

Бу жараён Франция президенти Эммануэл Макроннинг март ойидаги баёнотидан кейин тезлашган. Макрон Франция «илғор ядровий тийиб туриш» босқичига ўтаётганини маълум қилиб, ядровий каллаклар сонини ошириш ва Европа давлатлари билан қўшма машғулотлар ўтказиш режасини эълон қилган эди.

Ташаббусга ҳозирча Буюк Британия, Германия, Полша, Нидерландия, Белгия, Греция, Швеция, Дания ва Норвегия қўшилган.

Кузатувчилар фикрича, Европа давлатлари сўнгги геосиёсий кескинликлар, Россия–Украина уруши ва АҚШ сиёсатидаги ўзгаришлар фонида хавфсизлик соҳасида мустақилроқ позиция шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли Франциянинг ядровий салоҳиятини умумевропа хавфсизлик тизими билан уйғунлаштириш масаласи тобора долзарблашмоқда.

Мутахассислар бу жараён Европа мудофаа сиёсатида янги босқични бошлаб бериши мумкинлигини таъкидламоқда. Айни пайтда, ядровий масалалар атрофидаги бундай фаоллик қитъадаги ҳарбий-сиёсий рақобатни янада кучайтириши эҳтимоли ҳам истисно қилинмаяпти. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг