Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нега «юлдузлар» солиқ тўлашдан бўйин товлайди?

Нега «юлдузлар» солиқ тўлашдан бўйин товлайди?

foto: chatgpt

Шоу-бизнес – миллиардлаб доллар айланадиган катта индустрия. Аммо бу улкан даромад ортида кўпинча солиқ билан боғлиқ муаммолар ҳам қалқиб чиқади. Қуйида машҳур санъаткорлар ва футболчилар мисолида юқоридаги саволга чуқурроқ жавоб излаймиз.

Солиқлар жуда юқори – «қочиш» истаги шу ердан бошланади

Кўплаб давлатларда бойлар учун солиқ ставкалари жуда юқори. Масалан, Испанияда айрим ҳолларда бу миқдор 45–50% гача етади. Шу боис машҳур қўшиқчи Шакира Испанияда истиқомат қилган бўлса-да, ҳужжатларда ўзини Багам оролларида яшайман, деб кўрсатган. Унга 14,5 миллион евро миқдорида солиқни тўламаслик айби қўйилган.

Машҳур шахслар «мен нега даромадимнинг ярмини давлатга беришим керак?» деган савол билан солиқдан қочиш йўлларини излай бошлайди.

Офшор компаниялар – энг машҳур схема

Офшор ҳудудлар (Панама, Багам ороллари) – солиқ паст ёки умуман йўқ жойлар. Улар даромадни шу ердаги компанияларга ўтказади.

Бу усулдан машҳур футболчи Лионель Месси ҳам фойдаланган. У ва отаси реклама даромадларини офшор компаниялар орқали айлантирган. Натижада 4,1 миллион евро миқдорида солиқдан қочиш бўйича иш очилган. Суд бўлиб, жарима қўлланган.

«Мен буни билмаганман» – маслаҳатчилар хатоси

Кўплаб таниқлилар молиявий ишларини ўзлари бошқармайди. Улар ҳисобчи ва адвокатларига ишонади.

Криштиану Роналду ўз ишида айнан шуни таъкидлаган – молиявий схемаларни тўлиқ тушунмаганини айтган. Оқибатда нима бўлди? У 18,8 миллион евро жаримага тортилди ва шартли қамоқ билан жазоланди.

Қонунга қарши чиқиш жиддий оқибатларга олиб келади

Баъзи ҳолларда машҳурлар солиқ тўламасликни очиқчасига рад этади. Буни Ҳолливуднинг машҳур жангари фильмлар юлдузи Уэсли Снайпс мисолида кўриш мумкин. У АҚШда бир неча йил солиқ декларациясини топширмаган. Кейин эса 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бу ҳолат шундан далолат берадики, АҚШ каби давлатларда солиқдан қочиш жуда қаттиқ жазоланади.

Даромад турлари кўп – назорат қилиш қийин

Машҳурлар фақат концерт ёки фильмлардан эмас, балки реклама, бренд шартномалари ва инвестициялар орқали ҳам пул топади. Дейлик, Бейонсе каби хонандаларда юзлаб даромад манбалари бор. Бу эса солиқ ҳисобини жуда мураккаблаштириб юборади. Қайси даромад қаерда солиққа тортилиши аниқ бўлмаса, муаммо келиб чиқади.

Психологик омил – «мен қонундан устунман»

Баъзи машҳур шахсларда  «менга ҳеч ким тегмайди» деган фикр шаклланади. Шу сабабли улар хавфли қарорлар қабул қилади. Лекин амалиёт шуни кўрсатадики, ҳеч ким қонундан устун эмас.

Хуллас, таниқлиларнинг солиқдан қочиш сабаблари оддий: юқори солиқлар, офшор схемалар, маслаҳатчиларга ортиқча ишониш, катта ва назорат қилиш қийин бўлган даромадлар. Аммо натижа доим бир хил: улкан жарима солиниб, суд бўлади ва шон-шуҳратга путур етади.

Аксар ҳолларда машҳур юлдузлар бойиб кетиш учун эмас, балки «пулни сақлаб қолиш» солиқдан қочади. Лекин охирида улар янада кўпроқ пул йўқотади.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг