Қозоғистон уч йил ичида рақамли давлатга айланади – элчи

Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар мавҳум келажак эмас, улар аллақачон Қозоғистон халқи ҳаётини ўзгартирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов Тошкентда ўтказилган давра суҳбатидаги чиқишида гапирди.
Ўзбекистоннинг етакчи экспертлари, таҳлилчилари ва ОАВ вакиллари қатнашган анжуманда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг жорий йил 8 сентябрь куни мамлакат халқига йўллаган мурожаати муҳокама қилинди.
“Сунъий интеллект даврида Қозоғистон: долзарб вазифалар ва уларни рақамли трансформация орқали ҳал қилиш” номли мурожаатда мамлакатни тараққий эттиришга оид кўплаб марралар, жумладан, сунъий интеллектга доир вазифалар белгиланган.
“Мурожаатнинг номидан ҳам кўриниб турибдики, рақамлаштириш ва сунъий интеллект унинг асосий негизини ташкил этади. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев стратегик мақсадни белгилаб берди: Қозоғистон уч йил мобайнида тўлиқ рақамли давлатга айланиши керак. Бунинг учун президент Сунъий интеллект ва рақамли тараққиёт вазирлигини ташкил этиш, шунингдек, Рақамли тараққиёт кодексини қабул қилишни таклиф этди. Таъкидлаш лозимки, янги вазирлик аллақачон тузилди ва фаолиятга киришди”, – деди Қозоғистон элчиси Бейбут Атамқулов.
Дипломатга кўра, Қозоғистонда яқинда юқори даражадаги ҳисоб-китобларга мўлжалланган илк суперкомпьютер пайдо бўлди. Миллий банк тенгега бириктирилган илк қозоқ стейблкоинини жорий этди. Шу тариқа рақамли активлар экотизимини йўлга қўйиш жараёни бошланди. Alatau City лойиҳаси доирасида эса Олмаота вилоятидаги янги шаҳар ақлли технологиялар татбиқ этиладиган илк рақамли шаҳарга айланади.
Қайд этилишича, мурожаатда илгари сурилган вазифалар шиддат билан ўзгариб бораётган дунё чақириқларига ва минтақа давлатлари мақсад-мўлжалларига ҳамоҳангдир.
“Ўзбекистонда сунъий интеллектнинг миллий модели ишлаб чиқилаётгани ва бир қатор давлат дастурлари муваффақиятли тарзда амалга татбиқ этилаётганини инобатга олсак, давлатларимиз рақамли ҳамкорлик бўйича ҳам улкан истиқболга эга. Дарвоқе, Central Asian Innovation Hubs платформаси аллақачон фаолият юритмоқда. Astana Hub ва IT Park Uzbekistan ҳамкорлигидаги лойиҳа доирасида глобал даражада қўшма стартаплар амалга оширилмоқда”, – деди Қозоғистон элчиси.
Давра суҳбатида таъкидланишича, Марказий Осиё интеграциянинг тарихий босқичини бошдан кечирмоқда ва айнан ҳозир минтақанинг умумий фаровонлиги ва барқарорлигининг пойдевори қўйилмоқда.
Қозоғистон президенти томонидан халққа мурожаат йўллаш анъанага айланган.
Аввал хабар берганимиздек, Қ.Тўқаев 8 сентябрь куни мамлакат халқига йўллаган мурожаатида Қозоғистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янги босқичга кўтариш учун парламент ислоҳотлари ўтказишни ҳам таклиф этганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter