Швейцарияда аҳоли сонини 10 миллион билан чеклаш ғояси қўллаб-қувватланяпти
Швейцарияда мамлакат аҳолиси сонини 10 миллион киши билан чеклаш ташаббуси тобора кўпроқ қўллаб-қувватланмоқда. Сўнгги сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг 52 фоизи ушбу ғояни маъқуллаган.
Агар июнь ойида бўлиб ўтадиган умумхалқ овоз беришида ташаббус қабул қилинса, ҳукумат 2050 йилгача мамлакат аҳолиси 10 миллиондан ошмаслиги учун иммиграцияни қисқартириш чораларини кўришига тўғри келади. Ҳозирда Швейцария аҳолиси 9,1 миллион кишини ташкил қилади.
Сўровларга кўра, аҳолининг 46 фоизи ташаббусга қарши чиққан, 2 фоиз иштирокчи эса ҳали қарор қабул қилмаган. Шу билан бирга, қўллаб-қувватловчилар сони ўтган ойга нисбатан ошгани қайд этилмоқда.
Ташаббусни ўнг қарашдаги Швейцария Халқ партияси илгари сурмоқда. Улар, айниқса, бошпана сўровчилари ва чет элдан келаётганлар сони ошиб бораётгани уй-жой муаммоси ва инфратузилмага босимни кучайтираётганини таъкидламоқда.
Бироқ ташаббусга қарши чиққанлар уни «мамлакатда катта муаммо келтириб чиқарувчи ташаббуси» деб аташмоқда. Уларнинг фикрича, бу қарор чет эллик мутахассисларни жалб қилишни қийинлаштиради ва бизнесга салбий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, Швейцариянинг Европа Иттифоқи билан муносабатларини ёмонлаштириши мумкин.
Швейцария ҳукумати ҳам ташаббус иқтисодиётга миллиардлаб франк зарар келтириши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Маълумотларга кўра, Швейцария аҳолисининг тўртдан бир қисмидан кўпроғи мамлакат фуқароси ҳисобланмайди. Бу Европа давлатлари ичидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири саналади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter