Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Силле – тарихий қўриқхона

Силле – тарихий қўриқхона

Дунёда саноқли шаҳарларгина ўзининг қадимий тарихи билан ҳақли равишда фахрлана олади. Шундай шаҳарлардан бири қадимий ва бой тарихга, хилма-хил маданиятга эга Туркиянинг Кўня (туркча Konya) шаҳридир. Туркиянинг маънавий пойтахти ҳисобланмиш Кўня сеҳрли, сокин ва меҳмондўст шаҳар дея тан олинган. Шаҳарда диққатга сазовор жойлар, зиёратгоҳлар жуда кўп. Кўняга келган сайёҳлар албатта Силле (туркча Sille, юнонча Σύλλη) қишлоғига боришлари керак бўлади.

Қишлоқ Кўнянинг Селжуқ (Selçuk) туманига қарашли бўлиб, шаҳардан 8 километр шимолий-ғарбда жойлашган. Қишлоқ 1071—1924 йилларга қадар кичик Осиёда юнон-православ маданиятининг ўчоқларидан бири бўлиб келган. Маълумотларга кўра, салжуқ султонлари ўрта асрларда юз берган урушлар оқибатида вайрон бўлган Кўняни тиклаш ишларига ёрдам берган юнон усталари учун Силле қишлоғидан ер ажратган. XX аср бошларида қишлоқда 18 мингга яқин киши истиқомат қилган. Шаҳарда насроний-юнонлар билан бир қаторда турклашган насроний (караманлид)лар ҳам яшаган. Бу ҳақда қишлоқ черковига кираверишдаги ёзувдан билиб олиш мумкин.
Лозанна тинчлик битимига кўра, 1924 йилда қишлоқнинг насроний аҳолиси Грецияга кўчирилади. Шу ўринда Лозанна тинчлик битими ҳақида қисқача маълумот бериб ўтиш лозим.

1923 йилнинг 24 июлида Лозанна шаҳрида бир томондан – Буюк Британия, Франция, Италия, Япония, Греция, Руминия, Серблар, хорватлар ва словенлар Қироллиги, иккинчи томондан – Туркия ўртасида Тинчлик битими имзоланади. Мазкур Битимга кўра, Туркиянинг янги чегаралари белгиланди. Шу тариқа Усмонийлар империяси ўрнида замонавий Туркия давлати юзага келди. Битим Туркия ва Антанта давлатлари ўртасида тинчликка эришилганини эълон қилди. Битим 1923 йилнинг 23 августида Туркия томонидан, 1924 йилнинг 6 августида эса қолган барча мамлакатлар томонидан ратификация қилинди. Антанта мамлакатлари Туркия худудларида арман ва курдлар учун мухторият ташкил этилмаслигига рози бўлди. Кичик Осиё ҳудудларида этник тўқнашувлар юзага келмаслигини олдини олиш мақсадида Болгария, Туркия ва Греция ҳукуматлари аҳолини айирбошлашга келишиб олдилар. Аҳоли айирбошланиши этник асосда эмас, балки диний асосга биноан амалга оширилди. Масалан, мусулмонлар Грециядан, насронийлар эса Туркиядан чиқиб кетиши мажбур эди. Греция ва Болгария ўртасида этник асосда аҳоли алмашди. Болгария ва Туркия ўртасида аҳоли мажбуран алмашмади. Аммо амалда православ-болгарлар Туркия худудларини тарк этган бўлишига қарамай, мусулмонлар Болгарияда яшаб қолаверди. Грецияга 1,5 миллион насроний келган бўлса, мамлакатдан 0,5 миллион мусулмон чиқиб кетди.
Айни дамда 3500 га яқин киши истиқомат қиладиган Силле қишлоғи номининг келиб чиқиши борасида турли қарашлар мавжуд. «Sille» номи «Silenos» сўзидан келиб чиқиб, туркча сел («Sel») деган маънони англатиши айтилади. Чунки бу ерда мунтазам сел келиб турар экан. Яна бир тахминга кўра, «Sille» сўзи қадимий юнон афсоналари қаҳрамони Гермеснинг ўғли Силен («Silen» ёки «Silene») номига боғлиқ экан.

Таъкидлаб ўтилганидек, қишлоқ шаҳардан узоқ эмас. Шаҳар марказидан қишлоққа автобус қатнови йўлга қўйилган. Тарихий қўриқхона сифатида қайд қилинган Силле ўзининг ноёб меъморий обидалари билан ажралиб туради. Бу ерда туризм ривожига алоҳида эътибор қаратилаётганини кўриш мумкин.

Қишлоқда насронийларнинг қадимий черкови билан бир қаторда мусулмонларнинг масжиди ҳам бор. Шу ўринда Муқаддас Елена ибодатхонаси ҳақида гапириб ўтиш керак бўлади. Қадимда қишлоқ ҳудудлари орқали Буюк Ипак йўли ўтган, насроний зиёратчилар эса айни шу ердан Қуддусга боришган. Айтишларича, 327 йилда Византия императори Константиннинг онаси Елена Қуддусга йўл олар экан, Кўняга кириб ўтади. У аҳоли билан суҳбатларидан сўнг, бу ерда истиқомат қилаётган насронийлар учун ибодатхона қуришга қарор қилади. Еленанинг шахсан ўзи ибодатхона пойдеворига асос солади.

Шу кунга қадар мазкур ибодатхона тўрт марта реставрация қилинган. Сўнги бор таъмирлаш ишлари Султон Абдулла Мажид даврида – 1833 йилда амалга оширилди. Тўғри, айни дамда ҳам ибодатхона қисман таъмирланаяпти. Черковнинг ташқи кўриниши ҳам, ички кўриниши ҳам деярли асл ҳолича сақлаб қолингани таҳсинга лойиқ. Мана салкам юз йилдирки, турклар бу ердан кўчиб кетган юнонларга ҳурмат юзасидан ҳам, нафақат черковни, балки бутун бошли қишлоқни асл ҳолича сақлаб келмоқда.

Қоялар бағридаги Силледан топилган мозор ва ғорлар тадқиқ қилинганида бу ерда насроний ва мусулмонлар азалдан яшаб келгани аниқланди.

Бугунги кунда Силле қишлоғи ҳам маҳаллий, ҳам хорижлик сайёҳларнинг севимли масканларидан бирига айланган. Бу ерда сиз тарих билан юзлашасиз. Қояларда кўриниб турган ғорларда қачонлардир ибтидоий одамлар яшаганини ўз кўзингиз билан кўриш имконияти бор. Автомобиллар кириши тақиқланган кўча бўйлаб сайр қилар экансиз, ўзингиз хоҳлаган қаҳвахонага кириб ҳордиқ чиқаришингиз мумкин. Қаҳвахонадан теварак-атроф янада гўзал кўринади. Сиз хаёлан ўтмишга сайр қиласиз.

Шарофиддин Тўлаганов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг