Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сурияда уруш тугади... (биринчи мақола)

Сурияда уруш тугади... (биринчи мақола)

Фото: «naspravdi.info»

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров яқинда «Труд» газетасига берган интервьюсида Сурия тинч ҳаёт тарзига қайтгани, фақат ҳукумат назоратига ўтмаган айрим ҳудудларда алоҳида нотинчлик ўчоқлари сақланиб қолаётгани, Америка бу мамлакатда кўзлаган ўз мақсадига эриша олмагани ҳақида баёнот берди. У босқинчи давлатларни Сурияга ҳужум қилишни тўхтатишга, аксинча қочоқларни ўз ватанига қайтаришга ёрдам кўрсатишга чақирди.

Агар ҳақиқатдан осойишталик қарор топган бўлса, буни фақат олқишлаш керак. Аммо дунёни 8 йил таҳликада ушлаб турган Суриядаги уруш жуда қимматга тушди. Олти минг йиллик тарихига бу кўҳна замин мислсиз фожиага дучор бўлди.

У бошланган 2011 йилдан буён 470 минг одам қурбон бўлди, 117 минг киши бедарак йўқолди. Талафотлар умумий миқдори 143 миллиард долларга тенг. 27438 бино вайрон қилинди. Энг ёмони, 5 минг мактаб бузилди. 6,2 миллион киши чет элларга чиқиб кетди, 7,6 миллионлик ички қочоқлар оқими пайдо бўлди. Ишсизлик 50 фоизга етди. Аҳолининг 82,5 фоизи қашшоқлик чегарасидан ҳам паст даражада турмуш кечирмоқда.

Фото: «w-n.com.ua»

Агар 2010 йилда Сурия аҳолиси сони 21 миллион киши бўлган бўлса, орадан салкам ўн йил ўтиб, бу рақам 18 миллион нафарга тушиб қолди. Иқтисодиёт бутунлай хароб бўлди. Агар уруш бошланишидан аввал Сурия ялпи ички маҳсулоти 60,2 миллиард долларни ташкил этган бўлса, ўтган йили бу миқдор 20 миллиардга ҳам етмади. Экспорт миқдори эса 2010 йилдаги 11,4 миллиарддан ўн баробарга қисқариб, 1,2 миллиард долларга тушиб қолди.

Ҳозир қўшни Туркияда 3,6 миллион, Ливанда 2 миллион, Иорданияда 655 минг нафар қочоқлар яшамоқда.

Туркия қўрқадими?

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған уруш йилларида турк диёридан қўним топган суриялик қочоқлар учун 40 миллиард доллар сарфлаганини иддао қилмоқда. Ҳозир Туркия фожиадан азият чеккан бу қочоқларни Европага ўтиб кетмаслиги учун ўзига хос ҳимоя қўрғони вазифасини ўтаяпти. Бунинг учун расмий Анқара ЕИдан харажатларни қоплаб қўйишини талаб қилмоқда. У «Кўҳна қитъа»даги иттифоқчиларидан шу вақтга қадар олган 5,6 миллиард евро жуда кам, деб ҳисоблайди.

Туркиянинг Сурияда ўз манфаатлари бор. У амалда мустақил бўлиб олган Сурия курдларини ўзи учун ҳақиқий душман, деб билади ва чегарасидан анча узоқроқда тутиб туришни афзал билмоқда. Хавфсизлик учун «энг яхши ҳимоя – ҳужум, дейишмоқда турк ҳарбийлари.

Фото: «express.co.uk»

Шу сабабли Суриянинг Евфрат дарёсидан шарқидаги ҳудудларда Туркия ўзи учун хавфсизлик камарини яратишни кўзламоқда. Бунинг учун шу вақтга қадар қўшниси ҳудудига қўпол равишда бостириб кириб, икки маротаба йирик ҳарбий операцияларни ўтказди. Айни пайтда ҳам турклар ўз ҳарбийларини чегарада жанговар тарзда жамлаган ҳолда ҳужум уюштиришга тайёр турибди.

Ғарбда «Демократик иттифоқ» ва «Суриядаги курд халқининг ўзини ўзи мудофаа отрядлари» деб аталувчи ва қўллаб-қувватланувчи ҳарбий кучларни Туркияда Курдистон ишчилар партияси террорчи гуруҳлари, деб ҳисоблашади. АҚШ уларни Сурия келажаги бўйича ўтажак музокаралар жараёнига фаол жалб этишга уринмоқда.

АҚШ ҳеч бир муболағасиз курдлар тарафини олади ва улар истиқомат қилаётган ҳудудда ўз базаларига эга. Трамп маъмурияти Эрдоғаннинг тажовузкор шаштидан чўчиб, унга чегара бўйлаб 5 километрлик «А» зонасини ташкил этиш таклифини билдирди.

Бу зона курд аскарларидан бутунлай ҳоли бўлади. Бундан ташқари, АҚШ ва унинг иттифоқчилари назорати остидаги «Б» зонаси ҳам тузилади.

Расмий Анқара бундай мужмал таклифга рози бўлмаяпти ва ташаббусни бериб қўйиш нияти йўқ. У Сурия билан чегарасидан 32 километр узоқликда курдларнинг мудофаа иншоатларисиз «буфер зона»ни тузиш керак, деб ҳисобламоқда. Ва Сурия-Туркия-Ироқ чегарасига қадар чўзилган стратегик муҳим ҳудудни ўзи мустақил назорат қилишни истамоқда.

Қолаверса, у ўз ихтиёридаги мазкур ерларга Туркиядаги 3,6 миллион суриялик қочоқларни кўчириб ўтказишни ва бу минтақанинг этник таркибини ўзгартириб юборишни истайди.

Ҳозирда Туркия музофотларида қочоқлар учун 20 та чодир лагерлари ва контейнер шаҳарчалари қурилган. Охирги ойларда Истанбул шаҳридаги рейдлар чоғида 40 минг суриялик қочоқ бошқа музофотларга чиқариб юборилди. Шу тариқа қочоқлар – турк ташқи сиёсатида муҳим дастак вазифасини бажариши мумкин.

Айрим экспертлар эса Туркиянинг асосий мақсади хавфсизлик эмас, балки Суриянинг нефть, газ, сув ва қишлоқ хўжалигига бой шимолий ҳудудини ўзига қўшиб олиш деб баҳолашмоқда.

Суриялик курдлар эса бу режага қарши. Улар чегара бўйлаб 5 километрлик демилитаризация хонасини яратиб, бу нейтрал ҳудудни турк ҳарбийлари назоратига беришни таклиф қилмоқда. Анқара бунга унамаса катта кўча дейишмоқда.

Сурия ҳукумати эса Туркиянинг ўз ҳудудига кириши давлат чегараларини бузиш ва суверенитетига таҳдид деб қарамоқда ва қуролли қаршилик кўрсатишга тайёр турибди. Ҳозир Россия Дамашқ ва Анқара ўртасида бош воситачи, тинчликнинг асосий кафолатловчиси бўлиб турибди.

Аслида 1998 йилдаги Адан келишувига кўра, Сурия ҳам Курдистон ишчилар партиясини қўллаб-қувватлашдан воз кечган эди. Чунки курдлар Марказий ҳукуматга сепаратизм билан хавф туғдирар эди.

Аммо «ИШИД»га қарши урушда курдлар ҳам жиддий талофат кўрди, олдинги сафларда жангариларга қизғин қаршилик кўрсатди, амалда давлат ичида мустақил автономияга эга бўлиб олишди. Инсоф билан айтганда, ҳозир Башар Асад уларни хушламаса-да, душман сифатида қурол кўтариб бостириб кира олмайди.

Ўз навбатида Туркия ҳам Сурияда узоқ муддатли ҳарбий амалиётлар олиб боришга қодир эмас. Туркия собиқ генерали Холдун Солмазтуркнинг айтишича, Туркия Суриядаги вазият устидан назоратни аллақачон йўқотган: «Расмий Анқара рус-америка консенсуси қандай ҳаракат қилишини кузатишдан бошқа нимадир қилишга қодир эмас».

Эрдоған ўз айтгани бўлмаслигига кўзи етгач, Сурия ҳудудида АҚШ ва Россия билан ҳамкорликни кучайтиришга интилмоқда. Аммо шу кунларда Анқара ва Вашингтон Сурия шимоли хавфсизлик зонасида операцияларни биргаликда ўтказишни мувофиқлаштириш бўйича марказ тузишга келишиб олди.

Фото: «anna-news.info»

Санкциялар бекор қилинсин...

АҚШ Сурияда нормал ҳаёт тикланишини кўпам истамайдиган кўринади. У Ироққа ҳужум қилган йиллари Башар Асад Вашингтонни кескин танқид қилиб чиққан эди. Бу эса Оқ уйга ёқмаган Сурия етакчисини халқаро террорчиликни қўллаб-қувватлашда айблаб чиққан эди. Кейинроқ эса ундан ҳокимиятдан воз кечишни талаб қилди.

Намойишлар бошланган илк кунларданоқ ҳукуматга мухолифат кучларини қурол-аслаҳа билан таъминлаган ҳам, хориждаги жангариларни бу ерга ўтказишни ташкил қилган ҳам айнан Ғарб давлатлари эканлигини бугун улар тан олмаса ҳам барча экспертлар якдил ҳолда эътироф этмоқда.

АҚШ учун ҳозир Суриядаги урушнинг кўпроқ чўзилиши, Сурияни этник ва диний тамойилга кўра бўлиниб кетиши, Россиянинг бу низога кўпроқ тортилиши ва қурбонлари сони ортиши муҳим. Кейинроқ Эронга қарши ҳаракат бошлаш учун ҳам яхши плацдарм вазифасини ўтайди. Шу боис Асадга қарши кучларни АҚШ ҳозир ҳам фаол рағбатлантириб келмоқда.

Асад тузумига қарши қўлланилаётган халқаро санкцияларнинг олиб ташланмагани эса Сурияни иқтисодий тиклашга йўл бермайди.

АҚШ Ироқ ва Суриядаги курдларни ягона давлатга бирлаштириш орқали ўзига яқин иттифоқчи мамлакатни яратади ва Янги Яқин Шарқ стратегик лойиҳасини амалга оширади. Шу сабабли курдларни қурол-яроқ ва моддий маблағ билан таъминлаб келмоқда.

АҚШ ўзининг Суриядаги қуролли кучлари иштирокини қўллаб-қувватловчи маҳаллий хайрихоҳ кучлар тизимини яратишни истайди. У Ироқ, Афғонистон, Япония, Германия ҳудудида ўз аскарларини ҳукумат розилиги билан сақлаб қолаётган бўлса, Сурияда Асад ҳокимияти бунга қарши. Шу сабабли армияни ушлаб туриш учун ягона умид курдлардандир.

Оқ уй ҳозир русларнинг қатъий ҳаракатларидан кейин Сурияни йўқотганини, бу ерда мағлубиятга учраганини яхши билади. Аммо вақтдан ютишга ҳаракат қилмоқда.

Ҳозир бу ердаги жангариларнинг қолган-қутганига қарши асосан Сурия қуролли кучлари, заруриятга қараб Россия ҳарбий ҳаво кучлари кўмагида курашмоқда. Башар Асад армияси ўтган даврда катта ҳарбий тажрибага эга бўлди, тобланди. Энди уни енгиш мумкин эмаслиги ҳам ойдинлашди. Шу сабабли Вашингтон учун энг тўғри йўл – беқарор вазиятни кўпроқ чўзиш, мухолифатга кўмак бериб туришдир.

Исроил Эронга қарши

Сурияга таъсир кўрсатаётган ташқи кучлардан яна бири – бу Эрон ва Исроилдир. Исроил вақти-вақти билан Суриядаги объектларига қарши ракета ва қирувчилардан ҳужум қилиб турибди. Эрон эса Башар Асадни қўллаш мақсадида бу ерда ўзининг Ислом инқилобий кучларидан иборат бўлинмаларни ташлаган.

«Fox News» телеканали Сурия ҳудудида Эрон ҳарбий базаларида мингдан ортиқ элита аскарлари борлиги ҳақида маълумот тарқатган. Лекин Теҳрон буни очиқ тан олган эмас ёки инкор қилгани ҳам йўқ.

Исроил эллик йил муқаддам Сурияга қарашли ўзи эгаллаб олган Жўлон тепаликларининг тақдири учун курашмоқда. Суриядаги талотўплардан фойдаланиб, уни узил-кесил ўзига аннекциясини мустаҳкамламоқчи.

Эрон эса бунга мутлақо қарши ва Сурия ичига яҳудийларнинг суқулиб киришини истамайди. Ўз навбатида, Россия ҳам бу икки давлат ўртасидаги зиддиятлар қаршисида кимнидир танлашига тўғри келиб қолмоқда. Бу ердаги рус ҳарбий ҳаво кучларига қарши кураш воситалари бир неча бор Исроил ракеталарини уриб туширган эди. Москва Исроилни унинг рухсатисиз Сурия ҳаво кенгликларини бузиб ўтмасликка чақирмоқда.

Бироқ яҳудийларнинг технологик ва ҳарбий тараққиёти, халқаро лоббиси олдида баъзан Путин ҳам ён беришига тўғри келмоқда. Исроил билан Россиянинг Сурия масаласида охирги пайтда ҳаддан зиёд яқинлашиб бораётгани унинг анъанавий иттифоқичи бўлган Эронда норозилик уйғотмоқда. Эроннинг позициясига яҳудийлар билан анчадан буён чиқиша олмаётган Туркия ҳам қўшилмоқда.

(давоми бор)

А.Ҳасан ўғли, халқаро шарҳловчи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг