Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Таниқли олим Фрэнсис Фукуяма Украинадаги уруш якунини башорат қилди

Таниқли олим Фрэнсис Фукуяма Украинадаги уруш якунини башорат қилди

Фото: Getty Images

АҚШнинг Стэнфорд университети профессори Фрэнсис Фукуяма American Purpose нашрида чоп этилган мухтасар мақоласида Украинадаги урушга ўз муносабатини билдирди. Қуйида таниқли сиёсатшуноснинг 12 банддан иборат башорат ва тавсиялари билан танишишингиз мумкин.

  1. Россия Украинада шубҳасиз мағлубиятга учрайди. Чунки Кремль ҳарбий ҳаракатларни Украина армияси кўз очиб юмгунча ер тишлайди деган сохта маълумот ва умидга суяниб бошлади. Ҳозирга қадар президент Владимир Путин барча ҳарбий кучларни сафарбар қилди, аммо рус қўшини Украина шаҳарларини эгаллай олмади.
  2. Россия кутилмаганда ва ҳалокатли тарзда позицияларни бой беради. Шу тариқа рус қўшини руҳий жиҳатдан узил-кесил мағлубиятга учрайди.
  3. Айни пайтда ҳам Украина, ҳам Россияга мақбул дипломатик ечим мавжуд эмас.
  4. БМТ Хавфсизлик кенгаши бу гал ҳам ҳеч нарсага қодир эмаслигини кўрсатди.
  5. АҚШ президенти Жо Байденнинг Украина осмонини учиш тақиқланган ҳудуд деб эълон қилмагани ва уларга МиГ-29 ҳарбий учоқларини бермагани тўғри қарор бўлди. Москва мағлубиятига НАТОнинг аралашувини важ ўлароқ кўрсатмаслиги учун Украина ўз кучи билан ғалаба қозонгани маъқул.
  6. Украина урушда сўзсиз катта талафот кўради. Аммо ҳозирги паллада рус армиясини ҳавода эмас, ерда тўхтатиш муҳим.
  7. Путин мағлубиятга дош бера олмайди. Тарафдорлари ҳам уни кучли ҳукмдор бўлгани учун қўллаб-қувватлашини унутмаслик керак.
  8. Россиянинг Украинага бостириб киргани Путинга бўлган хайрихоҳлигини очиқ изҳор этиб келган Маттео Сальвини (Италия), Жаир Болсонару (Бразилия), Эрик Земур, Марин Ле Пен (Франция), Виктор Орбан (Венгрия), Дональд Трамп (АҚШ) каби популист сиёсатчиларнинг ҳам пайтавасига қурт туширди.
  9. Бу уруш Хитойга сабоқ бўлиши, расмий Пекин Тайванга ҳужум қилиш ниятидан қайтиши керак.
  10. Тайвань уйқудан уйғониб, украиналиклар каби жиддий жангга ҳозирлик кўришга киришмоғи лозим.
  11. Туркия ишлаб чиқараётган учувчисиз қурилмалар (дронлар) дунё бўйлаб харидоргир маҳсулотга айланади.
  12. Россиянинг мағлубияти эркинликнинг қайта туғилишига доялик қилади ва глобал демократиянинг ўлими ҳақидаги тахминларга йўққа чиқаради. Украиналикларнинг жасорати туфайли 1989 йилги руҳ яна қайта жонланади.

70 ёшли Ёсихиро Фрэнсис Фукуяма  – япон миллатига мансуб Америка файласуфи, сиёсатшунос, сиёсий иқтисодчи ва ёзувчи. Дунё бўйлаб шов-шув уйғотган «Тарихнинг тугаши ва сўнгги одам» бестселлери муаллифи.

Аввал хабар берганимиздек, Фукуяма уруш бошланган илк кунларда В.Путиннинг нега ҳарбий ҳаракат бошлагани сабаби ҳақида гапирган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг