Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Трамп Фаластинни арзонгаровга сотиб олмоқчи бўлди (фото)

Трамп Фаластинни арзонгаровга сотиб олмоқчи бўлди (фото)

Карикатура: Mikail Ciftci

Тугаётган ҳафта АҚШ президенти Дональд Трамп Фаластин-Исроил зиддиятини бартараф этиш бўйича ўз таклифини эълон қилди. «Аср келишуви» дея муболағали ном билан аталган ташаббусга кўра, Қуддус яхлит ҳолда Исроил пойтахти деб тан олиниши керак.

Фаластинликлар «зўравонлик»дан воз кечиши эвазига уларга ўз давлатини таъсис этиш учун 50 миллиард доллар ваъда қилинган. Фаластинга тегишли ҳудудлардан бири – Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғи Исроил томонидан босиб олингани маълум. «Аср келишуви»га кўра, аннексия қилинган ушбу ҳудудлар Исроил юрисдикциясида деб тан олиниши лозим.  

Трамп маъмурияти илгари сурган ташаббус Фаластин томонидан кескин рад этилди. Араб давлатлари лигаси ҳам «аср келишуви» фақат Исроил манфаатларини ифодалагани боис, уни қабул қилиб бўлмаслигини қатъий маълум қилди.

Таҳлилчиларга кўра, «аср келишуви» икки томонлама зиддиятнинг асосий қурбони Фаластин иштирокисиз қабул қилинган. Трампнинг куёви, дипломатия борасида тажрибасиз Жаред Кушнер бошчилигида ишлаб чиқилган тинчлик режасидан Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича етакчи сиёсий кучлар  – БМТ, Евроиттифоқ ва Россия ҳам хабардор қилинмаган.

Politico нашрига кўра, Трамп бизнесмен сифатида ҳамма нарсани сотиб олиш мумкин деб ўйлайди. Фаластинликларга ваъда қилинган 50 миллиард доллар ҳам аслида уларни сотиб олишга уринишдан бошқа нарса эмас. Аммо давлатманд президент фаластинликлар учун ҳар бир қарич тупроқ пулдан ҳам қадрли эканини ҳис эта олмаётган кўринади.

Исроилнинг собиқ ташқи ишлар вазири, 1993 йилда ташкил этилган тарихий Осло музокаралари ташкилотчиси Йосси Бейлин ҳам «аср келишуви»ни кескин танқид қилди.

«Бу – тинчлик эмас, уруш режасидир. Мазкур ташаббус муаммони ҳал этмайди, балки янада оғир оқибатларга олиб келади. Мени ҳаммасидан ҳам дунё ҳамжамиятининг муносабати таажжубга солмоқда. Ушбу режани маъқуллаётганлар, аслида, минтақада тинчлик ҳукм суришига қарши бўлганлардир»,  деди Исроилнинг собиқ юқори мартабали амалдори.

Трамп таклиф этган «аср келишуви»га жавобан дунё матбуотида кўплаб карикатуралар чоп этилди. Муштарийлар эътиборига мавзуга доим айрим ҳажвий суратларни ҳавола этмоқдамиз.

Собир Салим тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг