Трамп Путинга: «Агар Украинадаги урушни тугатсангиз, фойдали иш қилган бўлардингиз»
АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Бу ҳақда Россия давлат агентликлари Кремль раҳбарининг ёрдамчиси Юрий Ушаковга таяниб хабар берди.
Ушаковнинг сўзларига кўра, суҳбат давомида халқаро вазиятга оид қатор муҳим масалалар муҳокама қилинган.
«Бугун кечқурун Россия ва АҚШ президентлари ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Дональд Трамп Владимир Владимирович Путинга қўнғироқ қилиб, халқаро вазиятнинг ҳозирги ривожига боғлиқ бир қатор жуда муҳим масалаларни муҳокама қилди», – деди Ушаков.
Унинг айтишича, асосий эътибор Эрон атрофидаги вазият ҳамда АҚШ иштирокида олиб борилаётган Украина бўйича уч томонлама музокараларга қаратилган. Суҳбат тахминан бир соат давом этган.
Аввалроқ журналистлар саволларига жавоб берган Дональд Трамп Путин билан бўлган телефон суҳбати ҳақида қўшимча маълумот берганди.
«Биз Украина ҳақида гаплашдик. У ердаги вазият тугамайдиган урушга ўхшайди. Президент Путин билан президент Зеленский ўртасида жуда катта нафрат бор», – деди Трамп.
АҚШ президентининг айтишича, суҳбатда Яқин Шарқдаги вазият ҳам муҳокама қилинган. Унинг сўзларига кўра, Путин бу масалада ёрдам беришни хоҳлаётганини билдирган.
«Мен унга «Агар Украинадаги урушни тугатсангиз, кўпроқ фойда келтирган бўлардингиз. Бу анча фойдали бўлар эди», дедим. Лекин умуман олганда, бизда жуда яхши суҳбат бўлди», – деди Трамп.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter