Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Уч фахрий — бир аср жасорати

Уч фахрий — бир аср жасорати

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар фахрийлар — уруш қатнашчиларининг хонадонларида бўлиб, Президент табриги, 30 миллион сўмлик бир марталик пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни топширишди.

9 май — Хотира ва қадрлаш куни. Тўғрироғи, хотира ва шукроналик мужассам бўлган, миллат ўз қаҳрамонлари олдида бош эгадиган улуғ сана. Бу кун Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлганлар хотирасини ёд этиш, бугун орамизда ҳаёт кечираётган уруш ва меҳнат фахрийларига эҳтиром кўрсатиш, тинчлик ва осойишталик қадрини яна бир бор англаш фурсатидир.

Ҳар йили шу сана яқинлашиши билан юрагимизни ҳовучлаймиз. Беихтиёр кўнглимиздан: «Бу йил неча нафар уруш қатнашчиси қолди экан?» — деган ўй ўтади. Ҳа, афсуски, йил сайин рақамлар камайиб боряпти. Ўзимиз англамаган ҳолда бармоқларимизни буклаймиз... бир... икки... уч... Бир қўлимиз бармоқлари ҳам бу саноқда ортиб қолади...

Бухоро вилоятида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан уч нафари ҳаёт кечирмоқда: Ҳожимурод Бектошев, Файзулла Ходжаев ва Аҳмад Муҳсинов.

Улар бутун бир авлоднинг жасорати, матонати ва сабрини ўзида мужассам этган тирик тарихдир.

Олот туманидаги «Ёш ботир» маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳожимурод Бектошев ҳам ана шундай тақдир соҳибларидан бири. Аср билан юзлашган отахон уруш йилларини эслар экан, энг оғир хотиралари очлик, қаҳратон совуқ ва бир кунда бир неча сафдошидан айрилиш бўлганини сўзлаб берди.

Ҳожимурод Бектошев

— Ўша пайтлари эртанги кунга омон чиқишнинг ўзи катта бахт эди, — дея эслайди фахрий. Айниқса, фронтда она юртдан келган бир парча хат ёки қуруқ нон аскарларга чексиз куч ва умид бағишлаганини ҳаяжон билан тилга олди. — Биз жанг қилмасак, ортимиздаги ота-онамиз, юртимиз азоб чекишини ҳис қилардик. Шу туйғу бизни тик ушлаб турган, — дейди у.

Кўксини қатор орден ва медаллар безаб турган Аҳмад Муҳсинов ҳам навқирон 19 ёшида Бухоро шаҳридан фронтга йўл олган. Урушдан сўнг унинг қарийб 20 йиллик фаолияти ички ишлар тизимида кечди. У юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли лавозимларда хизмат қилди. 1947 йилга қадар қирғинбарот жанггоҳларда, сўнг Европанинг турли давлатларида армия сафида бўлди. Урушдан кейинги йилларда Бухоро давлат педагогика институти (ҳозирги Бухоро давлат университети) тарих факултетида таҳсил олди. Бир муддат ўрта мактабда ёшларга сабоқ берди. Айни пайтда 101 ёшни қарши олган Аҳмад Муҳсиновнинг ҳаёт йўлида оғир хотиралар, йўқотишлар ва Ватан учун қилинган фидойилик мужассам.

Аҳмад Муҳсинов

— Инсон яшаган сари яшагиси келаркан. Ёш боладек ҳаётнинг қўлларидан қўйиб юборгинг келмайди... — дея сўзларни чучмоллаб гапиради Аҳмад Муҳсинов.

Аммо бир асрлик довондан ошиб ҳам, 19 ёшдаги оғриқни ҳар куни ҳис этиб яшаш — оғир қисмат. Шунга қарамасдан, ҳар бир дақиқаси учун шукрона келтириб яшашдан чарчамайдиган отахонга яна узоқ ва баракали умр тилаймиз.

Бухоро туманидаги «Туркон» маҳалласида истиқомат қилувчи уруш қатнашчиси Файзулла Ходжаев хонадонидаги учрашув ҳам ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Юзидаги ажинларда йиллар сурони муҳрланган бўлса-да, отахоннинг қалбидаги шукроналик туйғуси ҳамон барҳаёт. У бугунги тинч ва дориломон кунларнинг қадрига етиш кераклигини таъкидлаб, дуога қўл очади: Илоҳим, дунёда уруш бўлмасин...

Файзулла Ходжаев

Отахоннинг бугун фарзандларимиз кулгисини эшитиб, юртдаги осойишталикни кўриб, Яратганга шукрона келтириш лозимлиги ҳақидаги ўйларини унинг маънодор нигоҳларидан англаш қийин эмас.

Фахрийлар билан учрашувларда энг кўп такрорланган сўз — «тинчлик» бўлди. Зеро, уруш алангасини кўрган инсон тинчликнинг қадрини ҳаммадан кўра теранроқ англайди. Уларнинг ҳар бир дуоси ва насиҳати биз учун энг юксак ҳаётий сабоқдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг