Халқаро жиноят суди прокурори Исроилнинг 5 нафар амалдорига ордер сўраган – Haaretz
Халқаро жиноят суди (ХЖС) бош прокурори Карим Хон Исроилнинг бир қатор юқори лавозимли амалдорларига нисбатан ҳибсга олиш ордерлари сўрагани ҳақида хабарлар тарқалди.
Haaretz нашри маълумотига кўра, ордер сўралган шахслар орасида Исроил молия вазири Безалель Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳам бор. Дипломатик манбалар яна уч нафар шахс — вазир Орит Строк ва икки нафар ҳарбий амалдорга нисбатан ҳам ордер сўралганини билдирган.
Нашрга кўра, ХЖС тергови асосан Ғарбий соҳилдаги яҳудий посёлкалари сиёсати, кўчманчилар зўравонлиги ҳамда босиб олинган ҳудудларга аҳолини кўчириш масалаларига қаратилган. Бу ҳаракатлар уруш жинояти ва инсониятга қарши жиноят сифатида баҳоланиши мумкинлиги айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, мазкур эҳтимолий ордерлар 2024 йил ноябрида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантга нисбатан чиқарилган ордерлардан кейинги навбатдаги қадам бўлиши мумкин.
Тел-Авив университети халқаро ҳуқуқ профессори Элиав Либлихнинг таъкидлашича, Рим статутига кўра суд гумонланувчиларни олдиндан огоҳлантириши шарт эмас. Унинг фикрича, айрим ҳолатларда ордерларни махфий сақлаш гумонланувчини қўлга олиш эҳтимолини оширади.
The Wall Street Journal нашри 2025 йил май ойида Карим Хон айнан Смотрич ва Бен-Гвирга қарши ордер тайёрлаётгани ҳақида ёзган эди. Нашрга кўра, уларнинг Ғарбий соҳилдаги посёлкаларни кенгайтиришдаги роли текширилган.
Шунингдек, 2024 йилда ХЖС Нетанияху ва Галантга қарши Ғазодаги эҳтимолий уруш жиноятлари бўйича ордер чиқариш учун етарли асос бор деган хулосага келган эди.
Айни пайтда Халқаро жиноят суди Исроил ОАВларида тарқалган «янги ордерлар чиқарилгани» ҳақидаги хабарларни рад этди. Суд матбуот котиби Ориан Майе баёнотида мазкур маълумотлар «аниқ эмаслиги» ва «Фаластин иши бўйича янги ҳибс ордерлари чиқарилмагани» таъкидланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter