Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яна бир Европа давлати Исроилга қарши даъвога қўшилди

Яна бир Европа давлати Исроилга қарши даъвога қўшилди

Фото: Reuters

Жанубий Африка Республикаси томонидан Халқаро жиноят судига Исроил давлати устидан киритилган даъво ишига Бельгия ҳам расман қўшилди. Олдинроқ ушбу даъво ишига Бразилия, Колумбия, Ирландия, Мексика, Испания, Туркия каби давлатлар ҳам қўшилган эди.

2023 йил 29 декабрь куни ЖАР Исроилни Ғазо секторида фаластинликларга нисбатан геноцид жиноятини содир этишда айблаб халқаро маҳкамага мурожаат қилган эди.

Яҳудий давлати ҳарбийлари 1948 йилда қабул қилинган Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузган ҳолда, Ғазода минглаб тинч аҳоли вакилларини ўлдириш, Фаластин аҳолисининг бир қисмини қасддан қиришда айбланмоқда.

Халқаро жиноят суди 2024 йил январь, март ва май ойларида қабул қилган дастлабки қарорларида Исроилга Ғазо секторида геноцид ҳаракатларининг олдини олиш мажбуриятини юклаган.

2024 йил 21 ноябрь куни эса халқаро маҳкама Ғазо секторида инсониятга қарши ва уруш жиноятлари содир этгани учун Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берган.

Ушбу икки шахсга Ғазо секторидаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий жиҳозлар, ёқилғи ва электр энергиясидан қасддан маҳрум қилиш айби ҳам илгари сурилган.

Халқаро суд қарори мажбурий бўлса-да, уни тўлақонли амалга татбиқ этиш механизми мавжуд эмас. Тель-Авив ҳукумати эса бу айбловларни бир томонлама рад этиб келади.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан кейин, икки йил давомида камида 70942 нафар фаластинлик ўлдирилди. 2025 йил 10 октябрь кунги оташкесим битимидан кейин ҳам Исроил ҳужуми оқибатида 406 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.

Аввалроқ Лондон университети ҳузуридаги Ҳоллоуэй қироллик коллежи олимлари Исроил томонидан Ғазо секторида олиб борилаётган урушда ҳудуд аҳолисининг 4 фоизи ёки 80 мингдан зиёди ўлдирилганини маълум қилганди. Экспертлар “XXI асрдаги бошқа бирор урушда бундай ҳолат кузатилмаган” деган хулосага келган.

Жорий йил сентябрь ойи БМТ комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди.

Исроилнинг амалдаги ҳукумати олиб бораётган жанговар сиёсат ва хунрезлик амалиётлари ҳатто яҳудийлар томонидан ҳам танқид қилинмоқда. Бир неча ой аввал Исроилдаги икки етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилоти – B'Tselem ҳамда Physicians for Human Rights мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳукуматини фаластинликларга нисбатан геноцид содир этишда айблаган эди.

Жаҳоннинг турли давлатларида яшовчи 460 га яқин яҳудий намояндалари – илм-фан, маданият ва сиёсат арбоблари ҳам БМТ ҳамда дунё етакчиларига Исроил ҳукуматига қарши жазо чоралари қўллашни сўраб мурожаатнома йўллаган. Мурожаат муаллифлари Исроилнинг ишғол остидаги Фаластин ерларидаги (Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддус) ҳаракатларини виждонсизлик ва геноцид деб атаган.



Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг