Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода мураккаб жигар трансплантацияси муваффақиятли ўтказилди

Бухорода мураккаб жигар трансплантацияси муваффақиятли ўтказилди

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида юқори технологик тиббиёт йўналишида яна бир муҳим амалиёт муваффақиятли бажарилди. Республика катталар миллий тиббиёт марказининг етакчи трансплантолог-жарроҳлари ҳамкорлигида навбатдаги мураккаб жигар трансплантацияси юқори аниқлик ва замонавий стандартлар асосида амалга оширилди.

Бир неча йилдан буён жигар циррози ташхиси билан курашиб, мунтазам даволаниб келаётган Когон туманида яшовчи 59 ёшли беморга унинг 34 ёшли қизи донор бўлди. У ўз жигарининг бир қисмини отасига ҳадя қилиб, унга ҳаёт бахш этди.

Тирик донордан жигар кўчириб ўтказиш тиббиётдаги энг масъулиятли ва юқори малака талаб қилувчи амалиётлардан бири ҳисобланади. Бу жараёнда шифокорлар учун энг асосий мезон — ҳам донор, ҳам беморнинг хавфсизлигини таъминлашдир.

Юқори технологик жарроҳлик амалиёти нақ 8 соат давом этди. Бир неча соҳа мутахассисларининг ҳамжиҳатликдаги фидойи меҳнати туфайли нафақат беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш, балки унинг келгуси ҳаёт сифатини ҳам яхшилаш мақсад қилинди. Операция олдидан донор ва реципиентнинг ҳолати ҳар томонлама чуқур ўрганилиб, барча зарур тайёргарлик чоралари кўрилган эди.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, айни пайтда ҳам донор, ҳам бемор малакали шифокорларнинг қатъий назорати остида. Уларнинг соғлиқ ҳолати барқарор ва қониқарли деб баҳоланмоқда, тиббий кузатувлар давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг