Санкт-Петербург губернатори Хайрулло Ибодуллаевни мукофотлади
Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов деразадан йиқилиб тушаётган болани қутқариб қолган ўзбекистонлик Хайрулло Ибодуллаевни мукофотлади.
“Қаҳрамонлар турлича бўлади. Баъзан улар қутқарувчилар либосида, шифокорлар халатида, баъзан эса ишчи кийимида бўлишади.
Бугун Хайрулло Ибадуллаев билан учрашдим. Унинг қаҳрамонлиги ҳақида бутун шаҳримиз билади. Иш вақтида, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, у ойнадан йиқилиб тушаётган 7 ёшли болани ушлаб қолган. Ўзи жароҳат олган бўлса-да, боланинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлган.
Хайрулло клининг компаниясида ишлайди, ўзи тўрт нафар фарзанднинг отаси.
Унга бефарқ эмаслиги, ёрдамга шай туриши ва инсонпарварлиги учун «Қутқарувдаги жасорат учун» кўкрак нишонини топширдим”, дея изоҳ қолдирди губернатор.

Шунингдек, у бир миллион рубль (130 миллион сўм) миқдоридаги пул мукофоти билан ҳам тақдирланди. Маълум қилинишича, Ибодуллаев мукофот пулини Ўзбекистондаги қизлари ва бетоб отасига юборган.
Эслатиб ўтамиз, ҳодиса 22 февраль куни Санкт-Петербургнинг Петрозаводская кўчасида содир бўлганди. Бола кўпқаватли уйнинг еттинчи қаватининг очиқ деразасидан тушиб кетади. Уни Ибодуллаев уни қўллари билан тутиб қолган. Ҳозирда бола барқарор ҳолатда жонлантириш бўлимида даволанмоқда.
Хайрулло Ибодуллаевнинг жасорати Ўзбекистонда ҳам эътироф этилиб, “Жасорат” медали билан тақдирланганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter