Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Соғ-саломат ватанга етиб ол – «Турк ҳаво йўллари»дан ибратга арзигулик иш

Соғ-саломат ватанга етиб ол – «Турк ҳаво йўллари»дан ибратга арзигулик иш

Ўтган шанба кунги бир ишни айтгим келди.

Пешиндан кейин оиламизга оғир мусибат тушди. Табиий, Туркияда ўқиб турган ўғлим Файзуллохонга ҳам хабарни етказдим. Масофа узоқлигини ҳисобга олиб, келмай қўяверишини, ўша ёқдан дуо йўллашини тайинладим. Аммо ўғлим юраги чидамай, барибир йўлга отланибди. Интернетни очиб чипта нархини ўрганса, шу бугун олинаётгани учун бир томонга 490 доллар экан. Чўнтакда эса 200 долларга тенг лира бор.

Жанозага десам арзонлаштириб берар, деган умидда шоша-пиша тайёрланиб, таваккалига йўлга чиқибди. Энг яқинда учадиган учоққа оз вақт қолган. Бахтига Истанбул ҳаволимонига етгунича учта улов алмаштирган бўлса, Оллоҳ йўлини очиб, ярим дақиқа ҳам автобус пойламаган!

Тўғри бориб кассага йўлиққан. Хайрият, чипта бор экан. Лекин арзонлаштиришга чиптачилар кўнмабди. «Мусибатингизга ҳамдардмиз, аммо чиптани арзонлаштириш бизнинг қўлимизда эмас. Афсусдамиз...» – дейишибди.

Вақт эса кетяпти. Ўғлим умид билан ўзбек ҳаво йўли кассасига чопқиллайди. Кечроқ учсам ҳам майли, арзонлаштириб беришса бўлди, дейди. Аммо, афсус, улар ҳам кўнмайди.

Ўшга учадиган учоққа чипта олмоқчи бўлади. Яна омади чопмайди.

Сўнг охирги илинж деб тағин туркларнинг кассасига боради. Бу орада тизим ёпилади. Энди бор чиптани ўз нархида олишга ҳам имкон қолмайди. Университетда ишлайдиган бир таниши эсига тушиб, воқеани тушунтиради. У «Турк ҳаво йўллари» мудирлигидан илтимос қилиб кўришга ваъда беради. «Касса олдидан кетмай тур, ҳозир аниқлаймиз», – дейди.

Бир неча дақиқадан кейин бирдан тизим қайта ишлаб кетади, компьютер очилади, чипта ёзилади!

Бу орада ўғлимнинг ёнига бир йигит келади ва: «Мен сизни кузатиб қўйишим керак», – дейди.

Учишга вақт оз қолганини ҳисобга олиб ҳалиги йигит ўғлимни югуртириб, хизмат йўлакларидан фойдаланган ҳолда тўсиқсиз олиб ўтади, паспорт назоратидан ҳам осонгина ўтказади, сўнг ташқарига чиқиб, то учоқ зинаси тагигача олиб бориб, учоқ ходимларининг қўлига топширади. Ўғлим охирги бўлиб учоққа киради ва бориб жойига ўтирадию эшик ёпилиб мотор гуриллайди.

Булар ҳаммаси яхши, энди бу ёғини эшитинг.

Чипта олингач, ўғлим чўнтагидан бор пулини чиқариб чиптачига узатмоқчи бўлганида у нима дебди денг?!

«Чипта сенга текин бўлди. Соғ-саломат ватанга етиб ол! – дебди. Кетидан кўнгил ҳам сўраб қўйибди: – Бошинг соғ бўлсин!»

Ҳолбуки, арзонга чипта топиб берганининг ўзи, учаётган учоққа ўтирғизиб юборганининг ўзи катта мукофот эди! Булар етмай, ҳаво йўллари мудирлиги чиптани текин ҳам қилиб берибди!

Оллоҳ рози бўлсин сизлардан, қардошларим! Учишларингиз ҳамиша енгил, хатарсиз бўлсин!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг