Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қум остидаги бойлик: тонна-тонна олтинли тоғ жинслари қазиганлар фош этилди

Қум остидаги бойлик: тонна-тонна олтинли тоғ жинслари қазиганлар фош этилди

Фото: Тергов департаменти

Навоий вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ноқонуний олтин қазиб олиш билан боғлиқ жиноятлар очилди.

Навбаҳор туманидаги “Сармишсой” тоғ тизмасида номаълум шахслар томонидан рухсатномасиз равишда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олиш, сунъий ҳовузлар ташкил этиш орқали қум таркибидан олтин ажратиб олиш фаолияти йўлга қўйилгани аниқланди.

Текширувлар давомида 9 279,4 тонна тоғ жинси ҳужжатлаштирилиб, унинг таркибида тахминан 9 килограмм 928 грамм олтин мавжудлиги маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қимматбаҳо металлнинг қиймати 15,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 196²-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов жараёнида бир қатор шахсларга айб эълон қилинган ва уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси танланган. Айрим гумонланувчиларга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Бундан ташқари, тергов давомида Хатирчи туманида ҳам ноқонуний равишда олтин ажратиб олиш билан боғлиқ яширин фаолият фош этилди. Ўтказилган тинтув ҳаракатлари давомида минглаб тонна қум уюмлари аниқланиб, улар таркибида бир неча килограмм, умумий қиймати ўнлаб миллиард сўмлик олтин моддаси мавжудлиги маълум қилинган.

2026 йил январь ойида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбирларда яна бир неча ҳолат фош этилиб, олтин зарралари сақланган минглаб килограмм тош-қумни ташиб кетаётган шахслар аниқланиб, қонуний тартибда ҳужжатлаштирилди.

Айни вақтда мазкур жиноят ишлари бир иш юритувига бирлаштирилган. Қимматбаҳо металлар миқдорини аниқлаш мақсадида тегишли суд-кимёвий экспертизалар тайинланган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг