Андижон-Ҳуаня техникумида 5 минг ўқувчи учун шароит яратилди
Президент Шавкат Мирзиёев Андижон туманидаги «Ипак йўли» саноат зонасида жойлашган халқаро техникумдаги таълим шароитлари билан танишди. Муассасада саноат корхоналари учун мутахассислар тайёрланмоқда.

«Андижон-Ҳуаня» халқаро техникуми «Ипак йўли» ҳудудидаги тўқимачилик, машинасозлик, электротехника ва бошқа юқори технологияли корхоналар учун талаб юқори бўлган йўналишларда мутахассислар тайёрлайди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион долларни ташкил этади. У тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилган. Натижада 150 та янги иш ўрни яратилган.
Техникум тўрт гектар майдонда барпо этилган. 5 минг нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий ўқув биноси қуриб битказилган. Кейинги босқичда ётоқхона, лаборатория биноси, спорт майдончаси, ошхона ва яшил ҳудуд барпо этилади.
Муассасада дуал таълим тизими жорий этилган. Ўқувчилар назарий билимларни техникумда олиб, амалиётни саноат зонасидаги йирик корхоналарда ўтайди.
Бу жараёнда улар ўқиш давридаёқ ишлаб чиқариш, замонавий ускуна ва технологиялар билан танишиш имконига эга бўлади.
Техникум жорий йил июнь ойида ишга туширилган. Ҳозирда бу ерда 210 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Режага кўра, 2030 йилга қадар йиллик қабул 1 минг 800 нафарга, ўқувчиларнинг умумий сони эса 4 минг нафарга етказилади. Таълим йўналишлари сони ҳам 20 тагача кўпайтирилади.
Президент техникумда яратилган шароитлар билан танишди, ёшлар ва инвестор билан суҳбатлашди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter