Августда қайси маҳсулотлар қимматлашди, нималар арзонлашди — расмий статистика
Ўзбекистонда 2026 йилнинг август ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,2 фоизга ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълумот берди.
Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 6,2 фоиз ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2025 йил август — 8,8 фоиз) нисбатан 2,6 фоиз бандга пасайди.
Август ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,4 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,2 фоизга ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,1 фоиз га қимматлашгани кузатилган.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан сабзи (9,2 фоиз), пиёз (6,2 фоиз), узун бошоқли гуруч (2,4 фоиз), юмалоқ бошоқли гуруч (2,3 фоиз), тарвуз (7,5 фоиз) нархларининг ошиши инфляцияга таъсир кўрсатди.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан инфляцияни пасайтирувчи омил сифатида узум (-10,9 фоиз), булғор қалампири (-9,2 фоиз), олма (-7,2 фоиз), нок (-6,0 фоиз), бақлажон (-5,5 фоиз), карам (-4,9 фоиз), картошка (-3,3 фоиз) нархларининг пасайиши муҳим ҳисса қўшди.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларидан АИ-98 ва АИ-100 маркали бензин (6,7 фоиз), АИ-95 маркали бензин (4,9 фоиз), АИ-92 маркали бензин (1,1 фоиз) нархи ошиши кузатилди.
Шунингдек, хизматлар нархи ва тарифларида халқаро авиақатновлар (1,7 фоиз), шаҳарлараро автомобиль транспортида йўловчи ташиш (0,6 фоиз), ижарага олинган турар жойлар учун ҳақ (0,4 фоиз) нархларининг ошиши кузатилди.
Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан 2 млндан ортиқ нархлар қайд этилган. 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 98 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter