Балиқ овлаш тўрларининг техник шартлари миллий стандарти тасдиқланди
Балиқ овлаш воситаларидан фойдаланишда белгиланган талабларни таъминлаш, сув биоресурсларини муҳофаза қилиш ҳамда балиқ овлаш тўрларининг техник ва экологик талабларга мувофиқлигини белгилаш мақсадида янги миллий стандарт ишлаб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 9-февралдаги 80-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида, хусусан, саноат усулида балиқ овлаш учун рухсат этилган тўрларнинг миллий стандартини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш мақсадида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги “Экоҳудуд ва овчиликни ривожлантириш департаменти” давлат муассасаси томонидан ЎзМСт 945:2026 “Балиқ овлаш тўрлари. Техник шартлар” миллий стандарти ишлаб чиқилди.

Мазкур стандарт Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 30-мартдаги 177-сон қарори билан тасдиқланган низом талабларига мувофиқ Ўзбекистон стандартлар институтининг 2026-йил 21-июлдаги 24/МСт-26-сон буйруғи билан тасдиқланди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий стандартлар фондига киритилди.
Стандартда саноат усулида балиқ овлаш тўрларига қўйиладиган асосий техник талаблар белгиланган. Хусусан, тўрларнинг ўлчамлари, мустаҳкамлиги, фойдаланиладиган хомашё ва материалларга қўйиладиган талаблар, шунингдек, уларнинг сув экотизимларига зарар етказмаслигини таъминлашга қаратилган тегишли меъёрлар назарда тутилган.

Ушбу стандартнинг амалиётга самарали жорий этилиши балиқ овлаш тўрларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини таъминлаш, улардан фойдаланишда экологик хавфсизликни ошириш ҳамда сув биоресурсларини муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Янги миллий стандарт талабларини амалиётга татбиқ этиш, “ЎзМСт 945:2026” мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, балиқчилик соҳаси вакиллари ва тегишли ташкилотларни унда белгиланган талаблар билан таништириш мақсадида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, унинг таркибий тузилмалари ҳамда ҳудудий бошқармалари томонидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш режалаштирилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter