Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Cодиқ Сафоевга Император ордени тантанали топширилди

Cодиқ Сафоевга Император ордени тантанали топширилди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевга Япония ҳукуматининг Чиқаётган қуёш Катта Кордон ордени топширилди. С.Сафоев мукофотни Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужиямадан қабул қилиб олди.

Тантанали маросим Ўзбекистон ҳамда Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган халқаро анжуман доирасида уюштирилган.

Аввал хабар берганимиздек, 2021 йил 3 ноябрь куни Япония ҳукумати эълон қилган Император ордени билан тақдирланган хорижликлар рўйхатидан Содиқ Сафоев ҳам ўрин олган эди.

Чиқаётган қуёш Катта Кордон ордени Япониянинг нуфузли ва қадимий давлат мукофоти бўлиб, у юқори натижаларга эришган шахсларга топширилади.

Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси С.Сафоев икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш йўлидаги кўп йиллик хизматлари учун мазкур орден билан тақдирланганини маълум қилган.

Қайд этилишича, С.Сафоев ташқи ишлар вазири вазифасида ишлаган кезлар муҳим платформа бўлган «Марказий Осиё+Япония» мулоқоти таъсис этилишида фаол қатнашган, кўп йиллар давомида ўзаро робиталарни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган. У ўз даврида икки давлат парламентлараро гуруҳи раиси сифатида қонунчилик идоралари алмашинувида ҳам жонбозлик кўрсатган.

С.Сафоев Чиқаётган қуёш Катта Кордон ордени билан тақдирланган илк ўзбекистонлик саналади. Таниқли давлат арбоби Ўзбекистон Республикасининг «Меҳнат шуҳрати», «Дўстлик» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденларига ҳам муносиб кўрилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг