Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар учун иш жойини ўзгартириш тартиби енгиллаштирилди
Жанубий Кореяда E-9 визаси асосида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари иш жойини ўзгартириш учун Миграция агентлигидан олдиндан рухсат олиши шарт эмас. Фуқаролар билан тузиладиган уч томонлама шартноманинг айрим бандларига тегишли ўзгартиш киритилди.
Янги тартибга кўра, иш жойини ўзгартириш учун Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонасидан алоҳида розилик олиш талаби бекор қилинди. Шунингдек, бундай розиликсиз иш жойини ўзгартирганлик учун жарима қўллашни назарда тутувчи банд ҳам шартномадан чиқариб ташланди.
Ўзгартиришлар Кореядаги иш берувчилар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўтказилган музокаралар ҳамда фуқаролар мурожаатлари таҳлили асосида киритилган.
Шу билан бирга, бу ўзгариш Корея Республикасининг E-9 визаси бўйича амалдаги қонунчилик талабларини бекор қилмайди. Фуқаролар меҳнат шартномасини қонунчиликда белгиланган тартибда бекор қилиб, янги иш берувчи билан меҳнат муносабатларини бошлаши мумкин.
Иш берувчи билан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин фуқаро бир ой ичида иш изловчи сифатида давлат рўйхатидан ўтиши ва 90 кун ичида янги ишга жойлашиши лозим. Белгиланган муддатда иш топилмаса, Корея Республикаси ҳудудини тарк этиш талаб этилади.
Мазкур муддатда ишга жойлашмаган ёки мамлакатни тарк этмаган фуқаро ноқонуний мақомга ўтиши мумкин. Бундай ҳолатда Корея қонунчилигига мувофиқ жарима, депортация ва мамлакатга қайта киришни тақиқлаш каби чоралар қўлланиши мумкин.
Шунингдек, уч томонлама шартномада Кореяда ноқонуний мақомда қолганлик учун жарима қўллашга оид банд сақланиб қолган. Агентлик фуқароларни иш жойини ўзгартиришда Корея қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларга риоя қилишга чақирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter