Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сарбозордаги сирли тошларнинг сири нимада? (фото)

Сарбозордаги сирли тошларнинг сири нимада? (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Сарбозор маҳалласидаги Алиобод қабристони тарихий масканлардан бири. Бу ерда эътибордан четда қолаётган бешта кўктош бор. Уларнинг тарихи ҳақида маҳаллий аҳоли деярли маълумотга эга эмас. Қишлоқдаги кексалар ҳам айрим афсоналарни демаса, аниқ фикр айтишолмайди. Айтишларича, қадимдан шу атрофда ҳудуднинг улкан қорамол бозори бўлган. Қишлоқнинг Сарбозор номини олгани ҳам шундандир.

Фото: «Xabar.uz»

Алиобод қабристонидаги тошларни халқ Кўктош бобо зиёратгоҳи сифатида илоҳийлаштиради. Эмишки, тош сиртидаги чуқурчаларга сув тўлдириб, болаларга ичирилса, кўкйўталга эм бўлар экан. Бунинг қай даражада ҳақиқатга яқин экани номаълум. Аммо ихлос қўйиб, шифо топганлар ҳам талайгина.

Бизни қизиқтиргани, ушбу тошларга араб алифбосида турли ёзувлар битилган. Айрим мутахассисларга кўрсатганимизда, араб имлосининг бирмунча мураккаб (зер, забарсиз) услубида ёзилган, дейишди.

Фото: «Xabar.uz»

«Жомбой тонги» газетасининг ўтган йилги сонларида Жомбой туманидаги Яконшайх зиёратгоҳи тарихи ва ушбу қадамжо билан боғлиқ афсоналар жамланган туркум мақолалар чоп этилганди. Хусусан, Жомбой тумани Ногаҳон маҳалласи (Пайариқ тумани билан чегарадош) фахрийларидан Шодиқул Сафаровнинг ёзишича, етти ака-ука – Ҳасан шайх, Дарвеш шайх, Олим шайх, Тоир шайх, Пирим шайх, Қўшмон шайх ва Якон шайх ўрта асрларнинг тариқат ва тасаввуф намоёндалари бўлишган. Улар Булунғурдан Нуротагача бўлган ҳуддудда жойлашиб, халққа маърифат тарқатишган. Яна айтишларича, ака-ука шайхларнинг ҳар бирида ўзига яраша кароматгўйлик бўлган.

Бир нарса аниқки, Якон шайх, Тоир шайх ва Дарвеш шайх номи билан боғлиқ зиёратгоҳлар ва шу номдаги маҳалла ва қишлоқ номлари ҳозир ҳам бор. Аммо қолган ака-укалар қадамжолари, мангу қўним топган масканлари қаерда, бу савол ҳозирча ечимини топмаган. Эҳтимол, Алиобод қабристони тарихи ҳам юқоридаги афсоналарга боғлиқдир. Агар қабристондаги кўктошлар битиги ўқилса, айрим жумбоқларга ечим топилиши мумкин.

Мурод Норқулов, Сарбозор қишлоғи


Таҳририятдан: Сарбозордаги сирли тошларнинг сири нимада? Кўкйўтални даволашда кўктошнинг фойдали хусусияти борми? Соҳа мутахассислари ва манбаашунослари ушбу саволларга жавоб топишда сарбозорликларга ёрдам беришади, деган умиддамиз.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг