Тошкентда бир ойда 11 млн кВт/соат электр ва 10 млн куб метр газ тежалди
Президент раислигида ўтган йиғилишда Тошкент шаҳрини куз-қиш мавсумига тайёрлаш, коммунал ва энергетика инфратузилмасининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам кўриб чиқилди.
«Долзарб 40 кунлик» тадбирлари доирасида шаҳардаги 2 минг километр ариқ чиқиндилардан тозаланди, 500 минг туп мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари экилди.
Электр таъминотида муаммолар кузатилган 114 та маҳаллада трансформаторлар янгиланиб, яна 443 таси таъмирланди. Шунингдек, 600 километр электр тармоғи алмаштирилди ва 2,5 мингта ёритиш устуни соз ҳолатга келтирилди.
Ноқонуний истеъмолнинг олдини олиш ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳисобига бир ой ичида пойтахтда 11 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 10 миллион куб метр табиий газ тежаб қолинди. Электр ва газ тармоқларидаги йўқотишларни қарийб 1 фоизга камайтиришга эришилди.
Мутасаддиларга ноқонуний қурилмаларни аниқлаш, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш ишларини тизимли равишда давом эттириш топширилди.
Олмазор тумани мисолида кўриб чиқилган ушбу вазифалар пойтахтнинг барча туманлари учун бирдек тегишли экани таъкидланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter