СИ кўп нарсани билади, аммо иймон келтира оладими?
Сунъий интеллект тобора кўпроқ соҳаларда инсоннинг билим олиш, таҳлил қилиш ва қарор қабул қилиш жараёнларига кириб келмоқда. У диний матнларни таҳлил қилади, муқаддас китоблар мазмунини тушунтириши, диний таълимотлар ҳақида маълумот бериши ва ҳатто инсон билан маънавий мавзуларда мулоқот қилиши мумкин. Аммо бу ҳолат уни «иймонли» ёки «руҳий интеллект»га эга мавжудотга айлантирадими?
Catholic Stand нашрида руҳоний Натанил Дрейер айнан шу саволни ўртага ташлайди. Унинг 10 сентябрда эълон қилинган мақоласида сунъий интеллектнинг билим ва ахборотни қайта ишлаш қобилияти билан инсоннинг маънавий тажрибаси ўртасидаги фарқ таҳлил қилинади.
Муаллифнинг ёндашувига кўра, ChatGPT каби тизимлар улкан ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиб, улар ўртасидаги қонуниятларни аниқлаши ва инсон саволларига мазмунли жавоб бериши мумкин. Масалан, католик таълимотига оид махсус сунъий интеллект тизимлари диний таълимот, Библия ёки Католик черкови катехизмидаги маълумотларни тақдим этиши мумкин. Бироқ маълумотга эга бўлиш билан ишониш ўртасида катта фарқ бор.
Мақолада таъкидланишича, сунъий интеллектнинг диний билимларни қайта ишлаши унинг шахсан иймон келтирганини англатмайди. Робот иймон ҳақида гапириши, диний матнларни шарҳлаши ёки ҳатто «Мен Худога ишонаман» деган жумлани тузиши мумкин. Аммо бу унинг ҳақиқий маънавий тажрибага эга эканини исботламайди.
Бу нуқта Католик черковининг расмий таълимоти билан ҳам боғланади. Католик катехизмида иймон Аллоҳнинг инъоми, яъни, илоҳий файз билан боғлиқ экани қайд этилган. Шу билан бирга, иймон инсоннинг ақли ва иродаси иштирок этадиган ҳақиқий инсоний амал сифатида таърифланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, сунъий интеллектнинг «руҳий интеллект»и ҳақидаги савол оддий техник имкониятлар масаласидан анча кенгроқ. СИ диний билимларни қанчалик мукаммал ўзлаштирмасин, билимнинг ўзи иймоннинг ўрнини боса олмайди.
Демак, сунъий интеллект Аллоҳ, дин, ибодат ва иймон ҳақида жуда кўп маълумот бериши мумкин. Аммо диний билимни ифодалаш билан шахсан иймон келтириш бир хил нарса эмас. Бу баҳс сунъий интеллект ривожлангани сайин янада долзарб бўлиб боради. Зеро, роботлар инсонга ўхшаб гапириш, ҳиссиётларига тақлид қилиш ва мураккаб маънавий мавзуларда мулоқот қилишни тобора яхшироқ ўзлаштирмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter