Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Дарс» премьераси: байрам арафасида устоз қадри ҳақидаги фильм томошабинларга тақдим этилди

«Дарс» премьераси: байрам арафасида устоз қадри ҳақидаги фильм томошабинларга тақдим этилди

Кеча, 24 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида «Дарс» бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди. 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Контент маркази ва Ma'no Cinema томонидан тақдим этилган фильм томошабинларда илиқ таассурот қолдирди.

«Дарс» — устоз, китоб ва инсоннинг ўзгариши ҳақидаги самимий ҳикоя. Фильм воқеалари бош қаҳрамон Ойқизнинг орзулари, хатолари ва ҳаётий синовлари атрофида қурилган. Томошабин унинг шошқалоқ ва хаёлпараст қиздан мустақил фикрлайдиган, масъулиятли ва етук инсонга айланиш йўлини кузатади.

Ханифа хола образи орқали эса яхши устоз инсон тақдирида қанчалик катта из қолдириши мумкинлиги очиб берилади. Устоз-шогирд муносабатлари, таълим-тарбия ва китобхонлик фильмда шунчаки ғоя сифатида эмас, қаҳрамонлар ҳаётини ўзгартирувчи куч сифатида кўрсатилади.

Премьера давомида фильмдаги самимий ва ҳаётий саҳналар томошабинларда айниқса катта қизиқиш уйғотди. Фильм якунлангач эса залдаги илиқ муносабат «Дарс» кўтарган мавзулар томошабинга етиб борганини кўрсатди.

Картинада баландпарвоз шиорлар ёки сунъий драматизмдан кўра инсонийлик, меҳр-оқибат, устоз қадри, китоб ва миллий қадриятлар олдинги ўринга чиқади. Шу жиҳати билан «Дарс» нафақат томоша қилиш, балки фильмдан кейин ҳам бироз ўйлаб кўришга ундайдиган кино бўлган.

25 сентябрдан «Дарс»ни юртимиз кинотеатрларида томоша қилиш мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг