Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Рустам Жабборов

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл! (Жалолиддин Румий)

Навоийни тан олган жаҳон унинг ворисларини ҳам эътироф этади

Навоийни тан олган жаҳон унинг ворисларини ҳам эътироф этади

Бу анжуман, шубҳасиз, ўзбек адабиётини жаҳонга олиб чиқиш йўлидаги уринишлардан бири бўлади.

Фото: «greylib.align.ru»

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 февралдаги фармойишига биноан 7-8 август кунлари Тошкент шаҳрида «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари» мавзусида халқаро конференция ўтказилади. Унда асосан ўзбек адабиёти вакилларининг асарларини чет тилларга таржима қилган таржимонлар, ўзбек адабиёти бўйича тадқиқотлар олиб борган хорижий олимлар, таржима масалалари билан шуғулланган хорижий тадқиқотчилар, ўзбек ёзувчи ва шоирлари асарларини бошқа тилларга таржима қилаётган ўзбекистонлик таржимонлар қатнашиши кўзда тутилган.

Конференциянинг ташкилий қўмитаси Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, маданият, молия, иқтисодиёт, ташқи ишлар, адлия вазирликлари, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Республика маънавият ва маърифат маркази, Туризмни ривожлантириш қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимияти, «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси, Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари ва Ўзбекистон миллий университетлари, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи, Ўзбек тили ва адабиёти, фольклори институти раҳбарларидан таркиб топган.

Конференция штаби Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлимида жойлашган.

Бу анжуман адабий алоқалар ва ўзбек адабиётининг жаҳонда тарғиб этилиши мавзусида ўтаётган биринчи халқаро конференция ҳисобланади. Ушбу конференцияни ташкил этиш билан боғлиқ ишлар, яъни конференция логотипини ишлаш, сметасини тасдиқлаш, дастурини ишлаб чиқиш, хорижий меҳмонларни таклиф қилиш, конференция ҳақидаги ахборотни хорижда кенг тарқатиш қизғин паллага кирмоқда. Шу кунга қадар анчагина таклифлар, сўровлар олдик, келиш истагини билдирганлар ҳам кўпайиб бормоқда.

Бу анжуман, шубҳасиз, ўзбек адабиётини жаҳонга олиб чиқиш йўлидаги уринишлардан бири бўлади.

Конференция иштирокчиларини «Ijod.uz» сайти, «Теlegram»даги «https://t.me/uzyouzpress» каналимиз ва «Facebook»даги «Ijod.uz» саҳифамиз орқали таништириб борамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг