Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбек режиссёри суратга олган фильм халқаро танловда ғолиб бўлди

Ўзбек режиссёри суратга олган фильм халқаро танловда ғолиб бўлди

Кинематография агентлиги буюртмасига биноан «Ёшлик» киностудияси томонидан Шерзод Назаров режиссёрлигида суратга олинган «Ипак йўлида» («On the silk road») қисқа метражли фильми халқаро танловда ғолиб бўлди. Жорий йилнинг 1-11 ноябрь кунлари АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтказилган AWFF-2021 («Asian World Film Festival») халқаро кинофестивалида «Ипак йўлида» фильми «Осиёнинг энг яхши қисқа метражли фильми» номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.

Аввалроқ ушбу фильм «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалида ҳам «Гран-при»ни қўлга киритган эди.

Мазкур кинокартина «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивали доирасида суратга олинган ва «Гран-При» ҳамда «Энг яхши актёр» номинациясида ғолиб чиққан. Кинокартина борасида HFPA (Hollywood Foreign Press Association) ҳакамлар ҳайъати аъзоси Мари Руҳбан қуйидаги фикрларни билдирди:

«Ёш ўзбек режиссёрининг «Ипак йўлида» фильми менга жуда ёқди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Рим ва Хитой цивилизацияларини, Ғарб ва Шарқни боғловчи Буюк Ипак йўли ўтган марказий давлатлардан биридир. Мазкур фильмдаги воқеа эса абадийдир. Фильм ажойиб ва биз унинг ижодкорларини шарафлашдан мамнунмиз!»

Фильм сценарийнавис Шоҳжаҳон Субҳонов, постановкачи режиссёр Шерзод Назаров, постановкачи оператор Диёр Исматов, рассом Эркин Ҳушматов ва бадиий раҳбар Али Ҳамраевлар томонидан суратга олинган.

Шерзод Назаров Кинематография агентлиги ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлаётгани натижасида фильмлари турли фестивалларда ғолибликни қўлга киритаётганини қайд этди:

«Халқаро майдонда ғолиб бўлганимиздан жудаям хурсандман ва бу жамоам учун ҳам катта ютуқ, деб ўйлайман. Мени қўллаб-қувватлаган барча устозларимдан миннатдорман. Мазкур фильм 16-21 декабр кунлари Россияда бўлиб ўтадиган «Московская Премьера» халқаро кинофестивали дастуридан ҳам ўрин олган.Мен илк бор «Debyut-2020» кинофестивалида «Сартарош» номли фильмимни суратга олгандим. «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалида «Ипак йўлида» қисқа метражли фильми ҳамда «Бобом 90 ёшда» ҳужжатли фильмини суратга олдим. Мазкур лойиҳалар кинофестивалда мукофотларни қўлга киритган. Кинематография агентлигига ҳам алоҳида миннатдорчилик билдираман. Бу ютуқлар агентликнинг ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаши натижасидир. Ёш киноижодкор сифатида бундай имкониятдан жудаям мамнунман ушбу ютуқ менга янада катта шижоат бағишлашига ишонаман!»

Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ёш ижодкорларни рағбатлантириш борасида сўзлади:

«Кинематография агентлиги томонидан ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларга берилаётган рағбат ва эътибор яна давом эттирилади. Жорий йилнинг якунида янги истеъдодларни кашф қилиш, соҳада маҳоратли ёшлар учун ижодий имкониятлар яратиш мақсадида ёшлар кинофестивали ҳам ўтказилади. Ўйлайманки, буларнинг барчаси ўзбек киносида янги истеъдодлар туғилишига замин яратади!»

Агентликнинг «Ёшлик» киностудияси директори Азиз Қурбонов киностудия томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлади:

«Киностудия томонидан 2021 йилда 48 та қисқа метражли фильм, Зумраша киножурналининг 3 та сони, 1 та буюртма асосидаги ҳужжатли фильм, 12 та ижтимоий ролик ишга туширилган. Ҳозирда бундан ташқари 11 та қисқа метражли фильм ва 2 та буюртма асосидаги ҳужжатли фильм устида ёш ижодкорлар томонидан иш олиб борилмоқда. Бу кўрсаткич ўтган 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 5 баробарга ортиқ. Киностудияда 2019 йилда 600 млн. сўмлик моддий техник база, 2021 йилга келиб, 1 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ажратилиб, замонавий кино қурилмалари олинди. Буларнинг барчаси ёш киноижодкорларга янги имконият бериш учундир. Ёш режиссёр Шерзод Назаровнинг «Ипак йўлида» фильми Тошкент халқаро кинофестивалида «Гран-при» мукофотига лойиқ деб топилиб 15000 АҚШ доллари маблағи билан тақдирланди. Бу ҳам ёш ижодкорларнинг соҳада эришаётган катта ютуқларидан далолатдир».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг