Асабни асраш санъати: жаҳлни бир ярим дақиқада қандай «ўчириш» мумкин?
Ҳаётимиз мобайнида энг камида бир марта жаҳл устида айтилган сўз учун йиллаб афсусланганмиз. Қизиғи шундаки, аччиғимиз чиққан пайтда миямизнинг ақлли қисми вақтинча «дам олиш»га чиқиб кетади. Шунинг учун ўша лаҳзада энг вазмин одам ҳам ёш боладек бақириши ёки қўлидаги телефонини синдириб қўйиши мумкин. Хўш, бу ҳолатни бошқариш мумкинми? Мумкин! Бунинг учун асабларни темирдан қилиш шарт эмас, шунчаки мияни чалғитадиган 11 та оддий ва синалган «айёрлик»ни билиб олиб қўлласангиз кифоя...
Бир ярим дақиқа мўъжизаси
Олимлар қизиқ бир ҳолатни аниқлашган: одам жаҳли чиққанида қонга кучли ғазаб моддалари отилиб чиқади. Аммо уларнинг танадан тўлиқ чиқиб кетиши учун бор-йўғи 90 сония (бир ярим дақиқа) вақт кетар экан.
Яъни, жаҳлнинг ҳақиқий умри бир ярим дақиқа, холос! Агар сиз шу 90 сония ичида тишингизни тишингизга қўйиб, ҳеч нима демай турсангиз, танангиз ўз-ўзидан совийди. Агар беш дақиқадан кейин ҳам бақиришда давом этаётган бўлсангиз, демак, сиз ўша воқеани миянгизда қайта-қайта айлантириб, ўзингизга-ўзингиз олов ёқяпсиз.
Мия ва қўллар
Агар тез-тез жаҳлингиз чиқадиган бўлса, бугундан бошлаб оддий ишларни – чой аралаштириш, тиш ювиш ёки эшик очишни чап қўлингиз билан қилиб кўринг (чапақай бўлсангиз – ўнг қўл билан).
Инсон одатланмаган қўлини ишлатганида, мия бор эътиборини шу ҳаракатга қаратади ва ундаги «ўзини тўхтатиш» тугмаси кучаяди. Икки ҳафтадан сўнг арзимас нарсаларга асабийлашмай қўйганингизни ўзингиз сезасиз.
«Бошқа баҳона»лар
Бизни бировнинг қилган иши эмас, балки ўзимиз ўйлаб топган гумонлар кўпроқ асабийлаштиради. Масалан, тирбанд йўлда биров машинангиз олдини кесиб ўтди. Мия дарров ҳукм чиқаради: «У мени менсимади, атайлаб шундай қилди!» – ва қон босимингиз ошиб кетади.
Энди хаёлингиздаги воқеани ўзгартиринг: «Балки бу одамнинг уйида оғир касал бордир ва у дорихонага шошаётгандир». Вазият ўзгармади, лекин сизнинг асабингиз жойида қолди. Биров сизни хафа қилганда ҳам худди шундай йўл тутинг – эҳтимол, унинг ўзи бугун жуда оғир кунни бошдан кечираётгандир.
Нафас ва «ўтириб олиш» қоидаси
Жаҳл бўғзингизга келиб қолганда, гапиришдан олдин шу ишни қилинг: бурун орқали чуқур нафас олинг, тўхтамасдан яна бир кичик нафас ютинг ва оғиз орқали жуда секин ҳаво чиқаринг. Икки-уч марта шундай қилсангиз, юрак уриши бир зумда тинчланади.
Шунингдек, ота-боболаримиз қўллаган энг зўр усул: тик турган бўлсангиз – ўтиринг, ўтирган бўлсангиз – ётинг. Тана ҳолати пасайгани сари инсондаги жанжалкашлик истаги ҳам сўнади.
Яна бир сеҳрли қоида
Уйда ёки ишда жанжал чиқмаслиги учун битта сеҳрли қоида бор: гапни ҳеч қачон «сен...» деб бошламанг. «Сен доим кечикасан, бепарвосан!» десангиз, қаршингиздаги одам дарров ўзини оқлаб, сизга қарши ҳужумга ўтади. Бунинг ўрнига: «Кечикканингда мен хавотир оламан ва режаларим бузилганидан сиқиламан» денг. Бу ерда айблов йўқ, фақат сизнинг кўнглингиздаги гап бор. Бундай гапдан кейин ҳеч ким сиз билан уриша олмайди.
Қорин очлигида...
Баъзан арзимас нарсага – тўкилиб кетган чойга ёки секин ишлаётган интернетга ҳам қаттиқ бақириб юборамиз. Бундай пайтда ўзингиздан сўранг: «Менинг қорним оч эмасми? Уйқуга тўйганманми? Роса чарчамадимми?»
Одам қорни очганида ёки уйқусиз қолганида миянинг сабр-тоқат захираси тугайди. Шунинг учун оилавий муаммоларни ҳеч қачон оч қоринга ёки ишдан чарчаб келган пайтда муҳокама қилманг. Аввал овқатланиб, бир оз дам олинг – қарабсизки, муаммонинг ярми ўз-ўзидан йўқолади.
Сиз ва кузатув камераси
Жаҳлимиз чиққанда бутун диққат-эътиборимиз фақат муаммога қадалиб қолади. Бундай пайтда хаёлан хонанинг шифтига (ёки бешинчи қават балконига) чиқиб, ўзингизга ва қаршингиздаги одамга четдан назар солинг.
Тасаввур қилинг, мазкур ҳолатни кимдир камерага олиб, кейин сизга кўрсатяпти. Қизариб кетган юз, баланд овоз ва қўл силташлар четдан қанчалик кулгили ва хунук кўринади-я? Бу усул мияни бир зумда «уйғотади» ва ўзингизни қўлга олишга мажбур қилади.
Тўхтанг ва савол беринг
Арзимас нарсага асабийлашаётганингизни сезсангиз, тўхтанг ва ўзингизга битта савол беринг: «Мана шу воқеа 5 йилдан кейин мен учун бирор аҳамиятга эга бўладими?»
Эслаб кўринг, бундан 5 йил олдин сизни қаттиқ асабийлаштирган бирор воқеани ҳозир эслай оласизми? Деярли йўқ! Бугунги тирбандлик, кимнингдир қўпол гапи ёки синиб қолган идиш 5 йилдан кейин умуман унутилиб кетади. Шундай экан, эртага эсдан чиқадиган нарса учун бугун соғлиғингизни йўқотишга арзийдими?
Бир зумда...
Кучли ғазаб пайтида танада жуда кўп қувват тўпланади – шунинг учун одам ниманидир ургиси ёки синдиргиси келади. Бу энергияни зарарсиз йўл билан чиқариб юбориш керак.
Юзингизни муздек сувда ювинг ёки қўлларингизни совуқ сув остига тутинг. Бу мияга «хавф ўтди, тинчлан» деган сигнал юборади. Агар сиз уйда ёки офисда бўлсангиз, шунчаки кераксиз қоғозни ғижимлаб ташланг, юмшоқ тўпчани қаттиқ сиқинг ёки тез-тез юриб келинг. Жисмоний ҳаракат танадаги асаб зўриқишини бир зумда эритиб юборади.
Ҳисоб-китоб ёрдами
Одатда «10 гача сананг» дейишади, лекин жаҳл устида одам «1, 2, 3... 10!» деб бир сонияда санаб бўлади-да, яна бақиришда давом этади. Бунинг ўрнига 100 дан орқага қараб 7 тадан айириб сананг (100, 93, 86, 79, 72...).
Бу ерда мия математик ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўлади. Инсон бир вақтнинг ўзида ҳам мисол ечиб, ҳам жаҳл қила олмайди – ғазаб ўз-ўзидан ўчиб қолади.
«Танаффус қиламан» дейишни ўрганинг
Агар суҳбат жанжалга айланиб кетаётганини сезсангиз ва ўзингизни боса олмаётган бўлсангиз, эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетманг. Бунинг ўрнига хотиржам оҳангда: «Ҳозир иккаламиз ҳам қизишиб кетдик, бекорчи гап айтиб қўймаслик учун 15 дақиқа танаффус қилайлик, кейин гаплашамиз», денг.
Бу қочиш эмас, балки кучли ва ақлли инсоннинг қароридир. 15 дақиқадан сўнг ҳиссиётлар совийди ва муаммони бақир-чақирсиз ҳал қилиш анча осонлашади.
Хуллас, кимдир сизнинг жаҳлингизни чиқара олдими, демак, ўша дақиқада у кайфиятингиз ва соғлиғингиз хўжайинига айланди. Асабингиз тизгинини бошқаларнинг қўлига бериб қўйманг. Кейинги сафар биров жаҳлингизни чиқармоқчи бўлса, шунчаки жилмайинг ва ичингизда 90 сония сананг – ғолиб албатта сиз бўласиз.
Самира Насимова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter