Болангни мактабга нонуштасиз юборма, дугонажон!
Ва ниҳоят, таътил кунлари тугаб, сен ойлаб кутган мактаб ҳам бошланди. Агар фарзандларинг ёзги таътилдагидек кеч уйғониб, нонуштасиз ҳам кунни бошлашга ўрганиб қолган бўлса, энди бу одатни ўзгартириш вақти келди, дугонажон. Чунки мактабга борган боланинг куни шунчаки қорни тўқ ҳолда эмас, тўғри овқатланган ҳолда бошланиши муҳим. «Вақтим йўқ эди», «мактабда еб олар», «битта печенье еб кетди-ку» деган гапларни эрталабки одатга айлантириб қўйма.
Чунки фарзандинг дарсларни яхши ўзлаштириши, сен хоҳлагандек аъло баҳоларга ўқиши учун унинг ҳар куни тўғри ва тўйимли нонушта қилиши жуда муҳим. Агар фарзандларинг хусусий мактабга борса, яна бир карра омадинг кулган экан. Аммо ўзимиз қатори давлат мактабларида ўқиётган бўлса, уларнинг ўз вақтида овқатланишидан тортиб, уй вазифаларини яхши бажаришигача сен — онанинг гарданингда.
Нонушта деганда ҳали ҳам шошилибгина колбаса ёки сосиска қовуриб беришни тушунсанг, бу одатингни ўзгартириш вақти келди, дугонажон. Чунки ўсиб келаётган организмга ҳар куни фақат қоринни тўйдириш эмас, балки оқсил, мураккаб углеводлар, витаминлар, минераллар ва фойдали ёғларга бой, хилма-хил маҳсулотлар керак.
Шунинг учун бугун мен сенга «эрталаб нима тайёрлайман?» деган саволдан қутулишга ёрдам бераман. Унутма, яхши нонуштада оқсил, донли маҳсулотлар, мева ва сабзавот бўлиши керак.
- Масалан, тухумни олайлик. Тухум — нонушта учун энг қулай маҳсулотлардан бири. Қайнатилган тухумдан иборат оддий нонуштанинг ўзи ҳам анча тўйимли.
- Эртага сули ёрмасини сут ёки сувда пишир. Устига майдаланган банан ёки олма ва бироз ёнғоқ қўш. Агар боланг ширинликни яхши кўрса, шакар ўрнига табиий асал солиб берганинг маъқул.
- Қатиқ ёки шакарсиз йогуртга банан, олма, нок каби меваларни майдалаб қўш. Устига бироз сули ёрмаси ёки ёнғоқ сепишинг мумкин. Бу ҳам тез, ҳам енгил, ҳам мактабга шошилаётган пайтда жуда қўл келади.
- Творогга майдаланган банан ёки бошқа мева қўш. Ёнига бир бўлак нон ва бодринг ёки помидор бер. Агар фарзандинг творогни яхши кўрмаса, уни мева билан аралаштириб бер.
Энди энг муҳим гап, дугонажон. Фарзандингга «мияси яхши ишласин» деб битта маҳсулотни мажбуран едириш шарт эмас. Хотира ва диққат учун умумий овқатланиш тартиби муҳим. Бола етарли ухлаши, кун давомида сув ичиши, турли хил маҳсулотлар истеъмол қилиши ва мунтазам овқатланиши ҳам аҳамиятли.
Нонуштани ҳам ҳар куни бир хил қилиб қўйма. Бугун тухум, эртага сули бўтқаси, кейинги куни творог ёки қатиқли мева тайёрла. Шунда боланг ҳам зерикмайди, сен ҳам ҳар тонг «бугун нима тайёрлайман?» деб бош қотирмайсан.
Яна бир муҳим маслаҳат, мактабга кетишидан олдин болангни шошириб овқатлантирма. Иложи бўлса, уйғониш билан эмас, мактабга чиқишдан олдин етарли вақт қоладиган қилиб кун тартибини йўлга қўй.
Дугонажон, болангни фақат аъло баҳо учун эмас, соғлом ва бақувват бўлиб улғайиши учун овқатлантир. Аъло баҳо — яхши, албатта. Аммо соғлом фарзанд ундан ҳам катта бойлик. Унутма, боланинг соғлом одатлари сенинг ошхонангдан бошланади, дугонажон.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter