Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Раҳмат сизга, яхши одамлар!

Раҳмат сизга, яхши одамлар!

Ер ўқини яхшиликлар тутиб тургандек туюлади гоҳида. Гарчи, ҳар куни эшитаётган, ўқиётган хабарларнинг кўпи дилни хира қилгудек – ўғирлабди, урибди, алдабди, ўлдирибди... «Яхши-яхши гаплардан ёзмайсизларми...» деди кимдир. Хўш, ўзингиз яхшиликлардан айтинг-чи, дейман нишонни ўзига қаратиб.

Аёл яхшиликка суғорилган воқеани гапириб берди. Эзгулик кўрган одамлар миннатдорлигини кейин ҳам тинглагим келадиган бўлди. Бугун ана шу суҳбатларни жамладим.

Шоира Исломова, 3 фарзанднинг онаси:

– Яккасарой туманининг «Қушбеги» маҳалласиданмиз. 9 қаватли уйнинг 4-қаватида яшаймиз. Бу воқеа ўн йилча аввал содир бўлган. Ўғлим ўшанда 4-5 ёшли эди. Бола тушга яқин ухлаб қолди. Уйғонгунича устидан қулфлаб, бирпасга дўконга чиқиб келмоқчи бўлдим. Нима бўлса, ўша 15-20 дақиқа ичида юз берган. Ўғлим уйғонибди ва эшикни очолмагач, балконга чиққан. Балкондан пастга тушмоқчи бўлган. Темир панжарадан битта оёқчасини оширган. Шунча бир йўловчи кўриб қолиб, биринчи, иккинчи қаватдаги эшикларни тақиллатган, онам ҳам шу уйда яшайдилар, уларни топганлар. Ўша йигитга ҳам раҳмат.

Лекин энг муҳим ишни пастдаги дўконда яқинда иш бошлаган ёрдамчи йигит бажарган.Тезкорлик билан балконлар, панжаралар, қувурлардан ошиб бизнинг балконимизгача чиққан ва ўғлимнинг оёқчасини ичкарига итариб юборган. У йигит 4-қаватгача қандай чиққан, билмадим... Бу орада онам квартира эшигини очган, ўзим ҳам етиб келганман.

Ўша йигитчага миннатдорлик билдираман деб пастга тушдим, у дўконда, мазаси бўлмай, ўзини билмай ётар эди... Аслида ўзи касалманд экан, шунда ҳам жасорат билан боламни қутқариб қолган, пастга тушгандан кейин, ҳаяжони вужудига қаттиқ таъсир қилган.

Бир-икки кун ўтгач, дўконга яна кирдим, раҳмат айтмоқчи эдим. Ишдан кетибди...

Ўғлим ҳозир 14 ёшда. Фарзандларим соғлом, баркамол улғаяётганидан хурсандман. Энди ўзим ҳам кичикларимни 5 дақиқага ҳам ёлғиз ташлаб кетмайман. Оиламиз билан ҳамон ўша боламни қутқарган инсонга раҳмат айтгим келади. Уни дуолар қиламиз. Биздан қайтмаса, Аллоҳдан қайтсин, деймиз.

Исмини ошкор қилишни истамаган журналист йигит:

– Анча вақт оилавий ётоқхонада яшадик. Битта ўзим ишлайман, болаларим ҳали ёш. Укамни уйлантирадиган бўлдик. Тўйга ўғлингни ҳам қўша қол, дедилар отам. Кутилмаган гап бўлди. Бир куни ётоқхонадан чиқиб кетаётган эдим, навбатчи Ойша опа (улар алмашиб туришарди) ҳол-аҳвол сўради.

«Қарз излаб бораяпман» дедим, лекин ундан қарз сўраганим йўқ эди. «Манда пул бор. Шундай турибди, ишлатасиз, қайтариб берасиз». Ҳеч кутмаган эдим. У бор-йўғи биз яшаётган ётоқхонада 3 кунда бир навбатчилик қиладиган опа эди. Бирга уйига бордик, опасига бериб қўйган экан. Опалари 900 доллар чиқариб берди. Ўшанда 900 долларга бемалол тўй ўтқазса бўларди. Катта ёрдам бўлди. Ҳеч бир кафолатсиз, фоизсиз, қоғоз-қаламсиз опа ишониб ана шунча пулни берган эди. Энг муҳими, пул деб ҳеч кимга сарғаймадим. Тўйни хурсандчилик билан ўтказиб олдик.

Кейин мен таътил пули, гонорарлар, у-бу қилиб, йиғиб-йиғиб бунча пулни тўплагунимча бир муддат ўтди. Орада опа ётоқхонадан ишдан бўшаб ҳам кетдилар. Ўша пул олган уйни излаб бориб қўлларига топширдим, раҳмат айтдим. Ойша опа шу орада бирор марта эслатмади ҳам. Бу опанинг менга бўлган ишончидан, деб ўйлайман, мени 3-4 йилдан буён биларди. Ойша опанинг яхшилигини бир умр унутолмайман.

Саодат (исми ўзгартирилди):

– Кўчада қолдим. Ким киму, ёлғиз аёлни уйсиз қолгулик қилмасин. Ота-онамнинг уйида мен ва болаларим яшаши учун шароит десамми, истак десамми йўқ эди. Чунки, ўшанда ишсиз ҳам қолгандим.

Ижара уй топдим, оила билан бир ҳовлида яшаш ноқулай бўлса ҳам арзонроқ эди. Икки-уч ой яшадикми-йўқми, аёли шифохонага тушди, бу хонадонда қолишим мумкин эмасдек туюлди.

Кейин бошқа хонадондан жой топдим, пулини вақтида тўлолмадим. Самарқандда ҳам ижара уй арзон эмас. Уй излаб юрганимда бахтимга тиббиёт коллежи ўқитувчиси Зебинисо Ҳимматовага дуч келдим. Улар опам билан бир мактабда ўқиган экан, мен эса ҳаётимда биринчи марта кўриб туришим эди. Зебинисо опа «Ўзингиз фойдаланган коммунал тўловларни тўлаб борсангиз бўлди» дедилар.

Чоғроққина ҳовли, ўртада биттагина гилоси бор эди. Ҳар йили болаларим тўйиб гилосхўрлик қилишарди. Яқин бўлсак ҳам бирор марта келиб гилосни териб олайлик дегани йўқ, бирор марта келиб «Ижара пули тўламайсизми» дегани йўқ. Талабалар маҳаллага келиб ижара уйи излаб юришарди. Уларни опага йўналтирганлар бўлди. Лекин опа ҳам, турмуш ўртоғи ҳам бўш хоналарда сизлар билан талабалар ҳам яшасин, демади.

Тўрт йил яшабмиз ўша файзли ҳовлида. Ўртада ишим яхши бўлиб кетди, тадбиркорликни йўлга қўйдим, ҳалол пулимга олган бир хонали уйга ана шу ҳовлидан кўчиб чиққанман. Бир хонали уй икки хонали бўлди, сўнгра, болаларим бироз улғайгач участка кўтардик. Мен ана шу инсонларни тез-тез эслайман. Тўғри, дунё ташвишлари билан бўлиб узилиб кетдик. Лекин хаёлан мана шу оиладан миннатдор бўлишдан чарчамайман.

Азиза опа, Самарқанд шаҳридан:

– Уйимиз ёнарди. Яқиндагина кўчиб кирган уйимиз. Болаларим менга қўшилиб йиғларди, лекин ҳеч нарса қилолмасдик. «Ёнғинни ўчириш» машиналари етиб келди. Аммо бор-будимиз куйиб бўлганди. Одамлар тарқалаётганда, кеч тушаётганди, куз эмасми, салқин тушиб эгним жунжука бошлади. Устимга бир нима оламан, деб ўйлашнинг ўзи мантиқсиз эди, ҳеч нарса қолмаганди.

Қўшни яҳудий аёл ўзининг устидаги яп-янги анчайин қимматроқ жемперини шундай ечди-да, менинг елкамга ташлади. Кейин шу аёлми, бошқаларми, болаларимга ҳам нималардир беришди.

Биз кўчиб келган «Шарқ» маҳалласида яҳудийлар яшаб келган ва улар бирин-кетин кўчиб кетаётган пайтлар эди ўшанда. Уч-тўрт кунда уйларни эпақага келтирганимизда, яна ўша аёл «мана бу гилам барибир сотиладиган, кетамиз-ку ахир, қачон қўлингга пул тушса берарсан» деб бизларни гиламли ҳам қилганди.

Ёнғин бўлган пайтда хўжайиним эндигина Кореяга кетгандилар. Шукур, улар ишлаб пул жўнатиб турдилар, кам-кўстимиз битди, уч ўғлимизга бир хил қилиб иморат кўтардик, уларни уйлантирдик, қизимизни чиқардик. Лекин ўша елкамга ташланган жемпер билан қўшиб берилган меҳрни ҳамон унутолмайман. Яҳудий қўшнимиз оиласи билан ўшандан кўп ўтмай Исроилга кўчиб кетди. Улар билан хабарлашиб турамиз. Ҳар гал раҳмат айтгим келади.

Сирдарёлик аёлнинг ҳикояси:

– Ширин шаҳарчасида яшаймиз. Шаҳар ичкарсидан катта канал ўтади. Ўтган йили шу ариққа бир ўсмир қизгина эҳтиётсизлик туфайли тушиб кетди. Канал тўлган, сув тошқин пайти. Бир пасда қийда-чув бўлиб қолди.

Қиз оқаётган ҳудуд шундоққина ҳарбийлар шаҳарчаси ёнида. Қаердандир бир неча ҳарбий йигит етиб келди-да, кўприк устига чиқиб нималарнидир келишиб олишди шекилли, дарров кўприкка осилган ҳолда бир-бирига «занжир» бўлиб боғланишди. Энг юқорида бақувватроғи сержант Асрор Холматов (фақат шуни танирканман), кейин ундан енгилроғи, сўнггиси, учинчиси, қўллари сувга тегадиган чаққонроғи силкиниб-силкиниб оқиб келаётган қизни илиб олди. Аввало шу йигитларни тарбиялаган ота-оналарига раҳмат. Аслида қиз оқиб бораётган ҳудуднинг ҳам, воқеанинг ўзининг ҳам ҳарбийларга тўғридан-тўғри дахли йўқ. Барака топишсин, бир инсоннинг ҳаётини қутқариб қолишди.

Фаррух Алиев, режиссёр:

– Дониёр ака деган кишини танийман. Бу инсон Ҳажга бораман деб йиққан маблағига бир мусофир йигитни уйлантириб қўйди. Йигит ўз уйини кўтаргунча эса истиқомат уйини бериб қўйди.

Абдулазиз Солиҳов:

– Раҳматли Нозим ака 47 ёшда оламдан ўтди. Улар бир умр Ҳажни орзу қилдилар. Лекин атрофида ёрдамга муҳтож одамларни кўриб, аввал уларга кўмаклашишни лозим билди. Кимгадир уй олиб берди, кимга даволаниши учун маблағ берди. 2020 йилда Нозим ака коронавирус билан оғриб, Зангиота шифохонасига тушди. Ўпкага ўтиб кетган экан, ҳаётдан кўз юмди. Аллоҳ раҳмат қилсин.

Меҳри опа:

– Соғлом улғаяётган, ўйнаб-кулиб юрган набирам бирданига қўл-оёқлари тортишиб, фалаж бўлиб қолди. Тилдан ҳам қолди. Болани олиб тўрт томонга югурдик. Фойдаси йўқ эди. Ҳиндистонда операция қилса, яхши бўлади, дейишди. Суриштирсак, Ҳиндистонга бориш-келиш, даволатиш, ҳамроҳлик учун жуда катта пул керак экан. Уйни сотайлик десак, бир уйда 3 та ўғлим оиласи билан яшайди. Шунда маҳалла-куй, бизни билган-билмаганлар пул жамғаришди. Амакилари сафарга чиқишди. Шукур, Ҳиндистонга ҳам бордик, биринчи операциямиз муваффақиятли ўтди. Ўзи емай, ўзи ичмай шу гўдак учун пул ажратган одамларга бошим эгилгунча раҳмат, дейман.

Камола Жумаева, ҳамшира:

– Тумандан келиб шаҳарда ишлаш осон эмас. Ё ижара уй дахмазаси ва ёки соатлаб автобусда қатнашга чидашинг керак. Мен қўл остида ишлаган шифокор Ойша Шониёзова ҳеч ким қилмаган, қариндошлар ҳам қилишга иккиланадиган бир яхшилик қилди. Ўша пайтлар шаҳардан пропискангиз бўлмаса уй сотиб олиб бўлмасди. Улар ўз уйларига пропискага қўйдилар, маҳаллақўмга олиб бориб далолатнома туздирдилар. Йўл-йўриқ кўрсатдилар. Опанинг ёрдами билан 2 хонали уйли бўлдим. Барака топсинлар опа! Ҳозир севимли жамоамда яқиндан қатнаб ишлаяпман.

Ҳилола Рўзиева, уй бекаси:

– Кетма-кет уч қиз туғилгач, оилада бу борада ҳеч ким гапирмаса ҳам, негадир албатта ўғил туғишим керак, деган хаёлда бўлдим. Ҳар сафар ҳомиладор бўлганимда, УЗИга бораман, қиз дейди, аборт қилдираман. Врачнинг олдидан яна «Қиз» деган гапни эшитиб хаёлчан қайтган пайтимда қайинопам келиб қолдилар. «Абортга бораман» деганимда қизишиб кетдилар. «Аёллар ана шу абортлар туфайли ёмон касалларга чалинишни билмайсизми? Увол-савобни-чи?» яна алламбалоларни гапирдилар. Хуллас, икковлон бошқа бир УЗИчига бордик. Қизиғи, буниси ўғил деди. Икки соат орасидаги гап бу. Энди лол қолгандим. Кейингиси адашаётган бўлса-чи? Охири, қайнопам «қиз бўлса, ўзим оламан» дедилар. Хотиржам бўлиб болани дунёга келтирадиган бўлдим... Умиджон ҳозирда 15 ёшда. Қайинопамдан миннатдорман.

Миннатдорчилик изҳорларини ҳали яна давом эттириш мумкин. Аслида эзгуликнинг катта-кичиги бўлмайди. Билсангиз, битта табассум ҳам яхшилик. Кимгадир йўл берсангиз ҳам яхшилик. Тингласангиз ҳам яхшилик. Бўлмаганда ёмонликни раво кўрмасангиз ҳам яхшилик. Лекин бировга яхшилигингиз бошқага зарар эвазига бўлмасин. Яхшилик қилдингиз, уни яхшилик кўрган одам гапирсин. «Мен фалон яхшилик қилдим» деган сонияда амалингиз савоби ҳам қолмайди. Эзгулик эвазига таъмага мойил бўлсангиз, яхшилик қилмай қўя қолинг.

Яхшилик... Бу қандай яхши сўз-а... Раҳмат Сизга, яхши одамлар!

Сиз ҳам кимдандир яхшилик кўрганмисиз? Уларга раҳмат айтгингиз келаяптими? Истасангиз мавзуни давом эттирамиз. «Xabar.uz» телеграм ботига (@xabargayoz_bot) ёзинг, овозли хабар жўнатсангиз ҳам майли.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг