Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рустам Жабборов

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл! (Жалолиддин Румий)

Ҳазрат Навоий ўлимидан тўрт аср ўтиб, қандай хунрезликнинг олди олинишига сабаб бўлган?

Ҳазрат Навоий ўлимидан тўрт аср ўтиб, қандай хунрезликнинг олди олинишига сабаб бўлган?

Фото: «Xabar.uz»

Алишер Навоий ва Грибоедов. Бир қарашда бу икки буюк шоирни адабиётдан ташқари боғлаб турадиган ришталарни илғаш қийин. Уларни бирининг вафоти-ю иккинчисининг таваллудига қадар бўлган муддат салкам уч асрни ташкил этади. Уларнинг бири Шарқ адабиётининг буюк даҳоси саналса, иккинчиси Ғарб адабиёти мезонлари доирасида ижод қилган. Ҳар икки ижодкор ўз асарларида эзгуликни, бағрикенгликни, ватанпарварликни тараннум этганлар. Алишер Навоий ҳам, Александ Грибоедов ҳам ўз даврида бадиий ижод билан бирга давлат ишларига ҳам фаол иштирок этишган ўртадаги умумийликнинг яна бир қиррасини ташкил этади. Хўш, яна-чи?

Ўн тўққизинчи асрнинг биринчи ярмида дунёдаги йирик державалардан саналган Россия ва Эрон ўртасида юзага келган зиддиятлар ва уларнинг ечими ҳам ана шу икки буюк ижодкор номлари билан бевосита боғлиқдир.

***

Ҳижрий 870 йил, рамазон, Ҳирот.

Алишер Навоийнинг Абусаид Мирзо хизматида кечган навқирон йиллари. Бу пайтда Алишер Навоий ҳали давлат арбоби сифатида сиёсатда ўз ўрнини эгалламаган, аммо шоир сифатида Хуросон ва Мовароуннаҳрда жуда катта шон-шуҳрат қозонганди. Унинг шеърлари тилдан-тилга ўтиб юрар, маҳаллий машшоқлар уни куйга солиб, хиргойи қилишар, ҳали бирорта девон тузмаган бўлса-да, варақларда кўчириб тарқатилган байтлари қўлма-қўл бўлиб кетарди.

Бир муддат Машҳадда яшагани, бу ерда ўз истеъдоди ва табъи назми сабаб кўчиликнинг эътиборини қозонгани боис, кўплаб нафис мажлисларда шоирнинг номи ҳурмат билан тилга олинар, ижодидан намуналар ўқиларди. Ана ўша пайтлар Навоийнинг ғойибона ихлосмандлари орасида Машҳаднинг чекка бир қасабасида туғилиб ўсган, тортинчоқ, рангпаргина йигит Султонали ҳам бор эди. У ўзининг ўткир ақли, зукколиги, айниқса, моҳирона ҳуснихати билан ажралиб турарди.

Гоҳида Машҳаддаги Гавҳаршодбегим мадрасасида жума намозидан кейин Навоийнинг мухлислари тўпланиб, унинг шеърларини муҳокама қилишар, шоирни шахсан кўрган-билган, унинг суҳбатида бўлганлар бошқаларнинг оғзини ланг очилиб, ҳавасини келтириб, ўша хушбахт онлар ҳақида берилиб ҳикоя қиларди.

Кейинчалик ушбу мажлис иштирокчиларидан баъзилари Ҳиротга кўчиб ўтишди. Улар орасида Султонали Машҳадий ҳам бор эди. Бу ерда, шоирнинг она юртида унинг ихлосмандалари табиийки, Машҳаддагидан ҳам кўп эди. Шу боис Султонали бу ерда ҳам Навоийхонлик мажлисларида мунтазам қатнашадиган бўлди.

Ана шундлай суҳбатлардан бирида сўз Навоийнинг девонига бориб тақалди.

— Навоийнинг девони бормикин? — луқма ташлади кимдир.

— Йўқ, агар бўлганида, шу пайтгача эшитган бўлардик.

Шунда Султоналининг ёдига шоирнинг сал аввалроқ айтган бир рубоийси тушди. Ўшанда Султонали дўсти Алишербекка «Шеърларингиз анча кўпайиб қолди, девон тузсангиз бўлмайдими?»деб сўраганида, битта рубоий билан жавоб қайтарганди:

Ҳар кун яна бир ишқ иладур афсона,

Ҳар тун яна бир шамъғадур парвона.

Иш анга жунун, манзил анга майхона

Девон ясамоқни не билур девона.

Гарчи шеърлари ўз даврининг манаман деган маликул-каломлари билан бемалол баҳслаша олса-да, ёш шоирнинг бу қадар камтаринлиги ёш хаттотни яна бир карра қойил қолдирганди.

Султонали ана шу даврадаги суҳбатдан сўнг дўсти Алишербек ўзига муносиб кўрмаган ишни ўз зиммасига олишга қарор қилди. Шу пайтга қадар, унинг қўлида Навоийнинг анчагина қўлёзмалари тўпланиб қолган. Одамларнинг қўлида яна қанчаси юрибди. Қолаверса, яна кўпла ғазалларини у аллақачон ёдлаб олади. Ҳаммасини жамласа, бемалол битта девонга жой бўлади.

Навоийга чин дилдан ихлос қўйган, унинг шеърларига анчадан бери кўнгил боғлаган хушнавис хаттот ўша куниёқ ишга киришди. Мақсади — ўзи девон тузиб, уни биродарига туҳфа қилиши, то китоб тайёр бўлгунча уни бировга кўрсатмаслик эди.

Китоб яратиш эса ҳазилакам иш эмас. Унинг учун аввал сифатли, қиммат хитойи қоғоз топиш, унга турли безаклар, зарҳаллар билан ишлов бериш, кейин меҳр ва зеҳн билан ҳар бир ғазални кўчириб чиқиш керак. Бу билан иш битмайди. Моҳир саҳҳофлар ёрдамида саҳифаларни муқова остида бирлаштириб китоб кўринишига келтириш лозим. Бунинг барчаси учун бир қанча инсоннинг машаққатли меҳнати, яна анча-мунча ақча керак бўлади.

Худди ўша даврада Султонали миясига урилган фикрни мухлислар олдида ошкор этди. Навоийнинг девонини тузиш фикри бир овоздан қўллаб-қувватланди. Ҳамма бу ишга қўлидан келгунча ёрдам берадиган бўлди. Кимдир қоғоз харажатларини ўз бўйнига олди. Бошқа биров китобни безатиш учун наққош ва мусаввир топадиган бўлди. Яна биров саҳҳофнинг ҳақини тўлашга рози бўлди. Султонали эса, бажонидил ҳеч кимдан ҳақ олмасдан китобни кўчириб чиқиш мажбуриятини олди.

Бир неча ойлик машаққатли меҳнат, уйқусиз тунлар, тинимсиз ҳатти- ҳаракатлар натижаси ўлароқ, Ҳазрат Навоийнинг биринчи китоби «Илк девон» юзага келганди. Айнан шу беназир туҳфа ёш шоирга тортиқ этилганда, унинг кўзларида қувонч порлади. Беихтиёр дўстларининг бу армуғонидан кўнгли эриб, кўзлари ёшланди. Китобни яратишга меҳнати сингган, ўзи таниган-танимаган мухлисларини бирма-бир бағрига босди.

—Ташаккур, азизларим! Барчангиздан Аллоҳ рози бўлсин! Иншааллоҳ Сиз бошлаган бу хайрли ишни ўзим давом эттираман. Парвардигор умр берса, ҳали бу каби китоблар кўп яратилади.

Бу асрлар оша, инсониятнинг сонсиз наслларига мерос қолиши лозим бўлган бебаҳо сара асарларнинг дебочаси эди. Юқори сифатли Чин қоғозига олтин зарралари сачратиб безак берилган, тоза чармдан муқоваланган ва устига кўк бахмал қопланган бу нодир китоб уни яратган инсонлардан бир неча баравар узоқроқ умр кечириб, жуда катта талотўпларни, саргузаштларни бошидан кечириши, не-не ҳукмдорлар қўлига тушиб, уларнинг хазинасини безаши, қайси қўлларга бориб тегиши мумкинлигини ҳеч ким, ҳатто Мир Алишер Навоийнинг ўзи ҳам билмасди.

Милодий 1829 йил, февраль, Теҳрон.

Бир неча кундирки, шаҳар худди ари уясидек ғунғиллайди. Айниқса, ҳали тож кийишган улгурмаган Россия императори Николай Эронга ўз элчиси Грибоедвони Рус-Эрон уруши интиҳосида қабул қилинган Туркманчай тинчлик шартномаси кўрсатилган бандлар ижросини таъминлаш учун юборган, мазкур битимга кўра Эрондан товон пули — 20 миллион рубл миқдоридаги контрибуция ундирилиши белгиланган эди.

Бу эса, урушдан мағлубият билан чиққан Эрон ҳукумати ва халқи учун нақ жаҳаннам азоби билан баравар. Ғазна худди ўғри талаган уйдек ҳувиллаб ётибди. Халқда ҳам пул йўқ, қашшоқлик, очлик, турли касалликлар, муҳтожлик фуқарони ҳолдан тойдирганди. Аммо мамлакат ҳукмдори Фатҳалишоҳнинг халққа юзланишдан бошқа чораси қолмаганди.

Бу ҳақдаги фармони олий элга ошкор этилгач, бутун мамлакат бўйлаб, норозилик тўлқини ёйилди. Айни пайтда халқни ҳукуматга, рус савдогарлари ва дипломатларига қарши гижгижловчилар ҳам кўпайиб қолганди.

Элчихона атрофида куймаланиб юрган ёхуд шунчаки ўтиб-қайтаётган маҳаллий аҳоли вакилларининг юз-кўзидаги нафрат, қаҳру ғазабни илғаш учун ортиқча идрок шарт эмас. Шу боис Теҳрондаги рус элчихонасида хавфсизлик ва эҳтиёткорлик чоралари бир неча баравар оширилган. Бинони ўттиздан ортиқ, тиш-тирноғигача қуролланган казаклар эртаю кеч қўриқлашади.

Шундай бўлса-да, элчихона биносида, ўз кабинеттида ўйга чўмиб ўтирган 34 ёшли Александрнинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. Ўзи кейинги пайтларда дипломатлик касбини танлаганидан қаттиқ афсус чека бошлаганди. Майли, шу касбни танлашга-танлади. Бошқа давлат қуриб қолганмиди? Европа давлатларидан бирини танлаб, даврини суриб юрмайдими? Унга ҳатто Америкадаги рус консулхонасидан иш таклиф қилишган, аммо у негадир Эронни танлаганди.

Ундан кўра, Москва ёки Петербургда бирор енгилроқ ишга кириб, драмалари-ю шеърларини ёзиб юрса бўлмасмиди? Ахир уни ҳозир Россияда машҳур шоир ва драматург сифатида билишади. Унинг пьесалари қўйилган театрларда ҳар доим аншлаг бўлади. Ким билсин, ҳозир, у ўз юртидан бир неча минг чақирим узоқда, ўзининг мавҳум тақдири ҳақида ўйлаб ўтирганида, балки унинг пьесалари қайсидир театрда ўйналаётгандир? «Ақллилик балоси» комедияси танқидчларнинг диққат марказидан тушмай келяпти. Бу асарни Петербург театри саҳнасида кўриш унга насиб қилармикин?

Беихтиёр эсида Тифлисда қолган суюкли аёли, 17 ёшли грузин гўзали Нинанинг майин табассуми, дилсўз навозишлари, эркалашлари тушиб, хиёл жилмайди. Жин урсин! Фатҳалишоҳ тезроқ қабул қилганида, унга Николай биринчининг ҳамма талабларини шартта-шартта айтарди-да, ўзи ортга, Тифлисга қайтарди. Кейин эса ўз валинеъматига мактуб ёзиб истеъфо талаб қиларди. Агар уни пойтахтга киритишмаса, Москвага, онаси Анастасия Федоровнанинг ёнида яшайди. Ҳеч бўлмаганда, Тифлисда қолиб, севгилиси Нина билан бахтли ҳаёт кечиради. Ўз режасидаги асарларини қоғозга туширади.

Беихтиёр Нинани билан кечган сўнгги учрашув онларини эслади. Ўшанда у Тифлиснинг сокин, баҳаво кўчаларида севгилисини қўлтиқлаб юраркан, авлиё Давид ибодатхонаси жойлашган қадимий Мтацминда тоғини кўрсатиб, шоирона шивирлаганди:

Эшит менинг арзимни дилбар,

Писанд айла орзу-армоним,

Ажал менга чангал солса гар,

Анов тоғда бўлсин маконим...

Бу шеърий мисраларни эшитган онда, Нинанинг чиройли юзи тундлашиб, қовоқлари уйилган, «Саша, сенга нима бўлди, ақлдан оздингми нима бало?» дея елкасига бошини қўйганди. Тавба, ўзи ўша пайтда бу мисралар унинг тилига қай гўрдан келди экан-а?

Айтганча, Шарқдаги бир неча йиллик ҳаёти давомида шунчаки сиёсат билан банд бўла қолмади. Бу ерда у турк, форс, араб тилларини ўрганди. Ҳофиз, Саъдий, Навоий, Фузулий сингари буюк шоирлар ижодидан баҳраманд бўлди. Балки уларнинг асарларини рус тилига ўгирар?

Шу пайт ташқари тобора кучайиб бораётган шовқин-сурон унинг хаёлини бўлди. Беихтиёр элчихона ҳовлисига ёпирилиб кирган оломонни кўриб, ҳуши бошидан учди. Беихтир камарига қистирилган тўппончага қўл югуртирди. Ҳа, у ўқ отишда беназир. Аммо тўппончани ўқдонини текшириб кўришга улгурмади.

Кўзи қонга тўлган юзлаб босқинчилар саноқли дақиқаларда 30 дан ортиқ казак соқчиларини ер тишлатиб, элчининг эшигига яқинлашиб қолишганди. Грибоедов жон ваҳмида эшик илгагини туширди. Аммо...

Ёғоч эшикни синдиришга ўнлаб забардаст босқинчиларнинг бир нечтаси кучли зарбаси кифоя қилганди. Грибоедов тўппонча тепкисини босишга улгурмади. У томонга ёғилган мушт ва тепкилар қисқа фурсатда унинг масаласини ҳал қилди. Орадан чорак соат ўтмай ағдар-тўнтар қилинган, таланган кабинетда, пол устида 34 ёшли элчининг таниб бўлмас даражага келтирилган абгор жасади ётарди.

Ҳижрий 1244 йил, Теҳрон

Қожорлар сулоласининг забардаст вакили Фатҳалишоҳ рус элчихонасида юз берган босқинни эшитиб тепа сочи тикка бўлди. Ахир бу қанақаси? Россия билан кетма-кет юз берган иккита урушдан мағлубият билан чиқиб силласи қуриган, тавбасига таянган шоҳ эндиликда рақибнинг ҳар қандай шартига ночор бош эгаман деб турганда, бундай кўнгилсизлик... Ахир бу хабар россияга етиб борса, Николай қараб турмаслиги аниқ.

— Бу қандай гап, вазири аъзам, — Оллоёрхонга қараб дарғазаб ўшқирди шоҳ. — Пойтахтдаги осойишталик учун каллангиз билан жавоб берасиз, демаганмидим? Босқиндаги қурбонлар сони қанча?

— Жами элликдан ошиқ ўлик санашибди. Ўн олтитаси қўзғолончилардан, қолганлари рус элчихонаси ходимлари ва уларни қўриқлаб турган ёлланма аскарлар.

  • Хуфиялар бу хабарни Николайга етказмасидан олдин энг тезкор чопарларингизга тайинланг, Николайга узрнома ҳозирланг. Элчининг хуни учун яхшигина товон тўлашимизга тўғри келаи. Пешкаш тариқасида хазинадагши энг қимматбаҳо жавоҳирлардан сараланг.

Шоҳнинг амри билан элчихона ходимларининг жасадлари алоҳида, махсус арабаларда Тифлисга етказиладиган бўлди. Ёлланма аскарлар ва қўзғолончиларнинг жасадлари яширинча кўздан панароқ ерга кўмиб ташланди.

Шоҳ оёғи куйган товуқдек типирчилаб қолганди. Чунки, рус ҳукмдори бу ишда унинг қўли борлигига аниқ ишонади, демак шафқатсиз қасос чораларини излайди. Қандай бўлмасин Николайни бу фожиа шунчаки тасодиф эканига, бунга шоҳнинг айби йўқлигига ишонтириш керак.

Шу аснода Фатҳалишоҳнинг ёдига хазинасида сақланаётган энг бебаҳо жавоҳир, бир пайтлар Нодиршоҳ Ҳинд юриши пайтида қўлга киритган «Шоҳ» олмоси тушди. Айтишларича, оғирлиги 88 қирот келадиган, шаффоф тусли бу олмос юз йиллар давомида Бобурийлар тахтини безаб келган, унинг қирраларида икки Бобурий ҳукмдор Низомшоҳ ва Шоҳжаҳоннинг исмлари битилганди. Нима сабабдандир, Нодиршоҳ бу олмос сатҳиига ўз исмини ёздиролмай қолган. Фатҳали шоҳ эса, уни кўз қорачиғидек сақлаб, бир четида ўз исмини дарж эттирганди.

Бу олмоснинг нархини ҳеч ким билмасди. Унинг таърифи етти элга, табиийки, Россияга ҳам етиб борганди. Аммо таниқли элчи, яна Россияга донғи кетган шоирнинг хунини моддий бойлик билан ўлчаб бўлармикин? Яна нимадир қилиш керак. Акс ҳолда. Рус қўшинлари тез орада Эронни кунпаякун қилиши турган гап.

«Китоблар». Шоҳнинг миясига урилган навбатдаги жўяли фикр шу бўлди. Шахсан унинг ўзи сарой кутубхонасига кириб, энг нодир китобларни қидиришга тушди.

Кутубхонада икки мингдан ортиқ нодир китоблар сақланарди. Арабий, форсий ва туркийда битилган айрим китобларнинг ёши юз йиллар билан ўлчанарди. Шоҳ ўз қўли билан бир қанча китобларни ажратиб олди. Улар орасида Ҳофиз, Саъдий сингари шоирларнинг ўта ҳассослик билан кўчирилган китоблари бор эди.

Шу чоқ у китоблар орасида ўзининг сахтиён муқоваси устига тортилган яшил жилди билан алоҳида диққатни тортиб турган қалин бир китобни варақлади.

  • Шаҳаншоҳ, бу кутубхонамиздаги энг нодир китоб, — салкам қирқ йилдан бери китобдорлик лавозимида ишлаб келаётган қилтириқ чол Ризвонқули тиланчидек илтижо билан икки қўлини чўзганча шоҳга яқинлашди. — Бу китоб... Ҳазрат Навоийнинг илк девонлари. Унга ҳазратнинг муборак назарлари тушган, ҳатто айрим жойларига ўз қўллари билан тузатиш ҳам киритган эканлар. Шунинг учун...

Шоҳ китобни варақлаб ундан айрим сатрларни пичирлаб ўқиди. Асли Астрободлик қожор турклари наслидан бўлган Фатҳалишоҳ Навоийнинг шеърларига айрича ихлос қўйганди. Ҳали мадрасада ўқиб юрган пайтларида бир қанча ғазалларини ёд олганди.

  • Биламан, бу китоб бебаҳо, — деди оддийгина китобдор билан нима учун муроса қилаётганини ўзи ҳам тушунмай. — Бошқа пайт бўлганда, бу китобни ҳар қандай олмосдан ҳам кўра кўпроқ авайлаган бўлардик. Аммо ҳозир вазият қалтис, тақсир. Иккита урушда минглаб инсонларимизнинг қони тўкилди. Шояд Шоҳжаҳондан қолган олмос ҳам уддалаши мушкул бўлган вазифани Ҳазрат Навоийнинг шу биргина китоби бажара олса...

 

Милодий 1829 йил, апрель.

Аввалги император Александр Биринчининг кутилмаган ўлими, қонуний валиаҳд Константиннинг тахтдан воз кечиши сабабли тахтни норасмий тарзда бошқариб турган Николай учун Эрондан етиб келган шошилинч хабар кутилмаган бош оғриғи бўлди. Тўғри, бир пайтлар қўзғолончи декабристларга алоқадорликда гумонланиб, ўтириб чиққан шоир дипломатнинг ўлими уни у қадар фожиага ботирмади. Аммо халқаро дипломатия меъёрларига кўра, элчининг ўлдирилиши мамлакат шаънининг тупроққа қориштирилиш билан баробар эди.

Ҳали бошига тож киймай туриб, бундай ҳурматсизликка дуч келишини у ҳазм қилолмасди. Бироқ Эронни тиз чўктирганига ишонч ҳосил қилиб улгургани учун Николай бутун диққат-эътиборни Усмонийларга қаратган, турклар билан урушга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Ўз хуфиялари билан олдинма-кейин Эрон шоҳининг элчилари ҳам етиб келганини билгач, уларни зудлик билан қабул қилишини билдирди. Элчиларга Фатҳалишоҳнинг валиаҳд ўғли Хусрав Мирзо бош бўлиб келгани масала ўта жиддийлигини кўрсатарди.

Элчилар таомилга кўра бош эгиб таъзим қилишгаркан, шоҳнинг қаршисида жой олдилар. Хусрав Мирзо қўлида ўроғлиқ номани ўпиб илтифот билан подшога узатди. Николай эса алланечук кибр билан хатни очди. Хат у кутганидек форсийда эмас, айнан Николайнинг она тилида, кирил алифбосида битилганди.

Фатҳалишоҳ хатнинг муқаддимасида «император ҳазрати олийлари»га узундан-узоқ дуои салом йўллаган, кейин Теҳронда юз берган хунрезликдан қаттиқ изтиробда эканини баён қилган, охирида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик бардавом бўлишига умид билдириб, императорга ҳурмат юзасидан йўлланган камтарона ҳадяларни қабул қилиш сўралганди.

Николай гарчи элчилар олиб келган ҳадялдарга менсимай кўз ташлаб чиққан бўлса-да, ушбу тортиқларнинг ҳашамдорлигига ич-ичидан тан бериб турарди. У барча ҳадяларни олиб қолишни буюрди ва якуний қарорни уч кундан кейин айтишини билдирди.

Шу куни элчиларни алоҳида ажратилган қароргоҳга олиб кетишди. Николай олмоснинг қанчалик қимматли эканини бир қарашда пайқаган, аммо ажнабий битикдаги китобларнинг қийматидан бехабар эди. Императорлик халқ кутубхонаси Шарқ қўлёзмалари бўйича бош мутахассиси ҳар бир китобни синчиклаб кўздан кечираркан, бу асарларнинг нақадар бебаҳо эканини лаби-лабига тегмай жаврарди.

Мовий муқовали киобни варақлаб кўраркан, беихтиёр кўзлари чақнаб кетди.

— Ахир... Ахир бу Алишер Навоийнинг «Илк девони»-ку? Шоирнинг тириклик пайтида битилган, унинг назари тушган, қўли теккан мўътабар манба...

— Навоий? — Николайнинг қошлари чимирилди. — Эшитганман бу номни. Туркий тилдаги адабиётнинг энг буюк вакили, шунақами? Шоҳ шу мўътабар китобни ҳам қимматбаҳо ҳадяларга қўшиб, элчининг хуни сифатида бизга юборган экан, начора, биз бу қонли воқеага қаттиқ таассуфимизни билдирган ҳолда, шоҳнинг илтижоларини қабул қиламиз. Китобларни кутубхонанинг махсус жиҳозланган фондида сақлаш керак, — Кейин эса обер-камергер — Штюрмерга юзланди. — Борис Владимирович, эгилган бошни қилич кесмас, дейдилар. Шоҳга бундай ҳолатлар қайтариладиган бўлса, кескин чоралар кўрилишини таъкидлаб, жавоб хати йўллайсиз. Эрон мулкида юз берган бу хунрезликдан ҳозирча кўз юмамиз.

Хусрав Мирзо бошчилигида элчилар эртаси куни хушхабар билан Теҳронга қайтиб кетишди.

***

Машҳур адиб ва Грибоедовнинг ўлими албатта россиялик зиёлиларни қаттиқ қайғуга солди. Айниқса, Тифлисда навқирон турмуш ўртоғини эмас, унинг қонга беланган абгор мурдасини қарши олган хотини Нина Чавчавадзенинг фарёдидан еру осмон ларзага келди. Шоирнинг васиятига кўра, уни Тифлис яқинидаги Мтацминда тоғида жойлашган насронийлар қабристонига дафн этишди.

Аммо фалакнинг гарлиши билан бир буюк шоирнинг кутилмаган ўлими туфайли икки давлат ўртасида юзага келган таранг вазият иккинчи бир буюк мутафаккирнинг ўлмас асари сабабли юмшаган, Алишер Навоий ҳазратларининг шу биргина китоби минглаб бегуноҳ инсонларни бегуноҳ ўлимдан сақлаб қолганди....

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг