Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Адвокатлар ўртасида ўтказилган аноним сўровнома натижалари – жиддий сигнал

Адвокатлар ўртасида ўтказилган аноним сўровнома натижалари – жиддий сигнал

Фото: «legalquest.ru»

Бугун, 8 февраль куни «Тараққиёт стратегияси» марказида адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Муҳокамада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд, Бош прокуратура, Адвокатлар палатаси вакиллари, «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ҳуқуқий ташкилотининг (Словения) халқаро экспертлари ҳамда адвокатлар иштирок этди.

Давра суҳбати мамлакатда адвокатларнинг мақоми ва процессуал ваколатларини кенгайтириш, уларнинг дахлсизлигини ишончли таъминлаш борасида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳамда соҳанинг келгуси вазифалари ва истиқболларини конструктив муҳокама қилиш учун ташкил этилди.

Адвокатлар ўртасида ўтказилган аноним сўровнома натижалари асосида баён этилган маълумотлар қонунни қўллаш амалиётида мавжуд вазиятни танқидий баҳолаш учун жиддий сигнал ҳисобланиши таъкидланди.

Шу билан бирга, Бош прокуратура вакиллари томонидан адвокатларнинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиниши ва тазйиқ ўтказилиши ҳолатлари содир этилганда, бу ҳақида хабар бериш учун очиқ ва шаффоф мурожаат механизми яратилганлиги, адвокатларнинг бундай мазмундаги ҳар бир мурожаати шахсан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори назоратида индивидуал ва шаффоф тартибда кўриб чиқилиб, қонуний баҳо берилиши қатъий таъминланиши алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, давра суҳбати давомида Жиноят ва Жиноят-процессуал қонунчилиги истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Шу муносабат билан, янги таҳрирда тайёрланаётган Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси доирасида адвокатларнинг процессуал мақомини янада мустаҳкамлаш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Муҳокама якунлари бўйича томонлар суд, прокуратура органлари ва адвокатлар ўртасидаги конструктив ҳамкорлик ва бу соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларнинг таъсирчанлигини таъминлаш ҳамда адвокатларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш учун керакли шароитларни яратиш зарурлигини таъкидлаб ўтишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг