Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Алимент кимларга қанча берилади?

Алимент кимларга қанча берилади?

«Маҳалламизда тақдир тақозоси билан оиласидан ажрашиб, фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаётган аёл бор. Унга фарзанди учун алимент ундириб беришга ёрдам бермоқчимиз. Бунинг тартибини билмоқчи эдик».

Конституциямизнинг 64-моддасига биноан ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Бу шунчаки гап эмас, болалар учун ғамхўрлик қилиш мажбуриятининг қонуний асоси ҳисобланади.

Шунингдек, Оила кодексида ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шартлиги белгилаб қўйилгани ҳам бу мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота-онадан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилишига асос бўлади.

Алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Алимент ундиришда боланинг ота-онаси ўзаро никоҳда экани ёки улар ўртасидаги никоҳ тугатилгани аҳамиятли эмас. Алимент ундиришда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада оталик тўғрисидаги ёзув ҳамда болага ихтиёрий равишда таъминот беришдан бўйин товлаш асос бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги Оила кодексининг 81-моддаси иккинчи қисмига кўра ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Шунингдек, алимент тўлаш тартибига оид меъёрий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, фарзандлар таъминотини яхшилаш мақсадида 2018 йил 9 январдаги 459-қонун билан Оила кодексининг 99, 135, 145-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Яъни алимент тўлаш тартиби ва муддатлари, шунингдек, ҳар бир бола учун ундириладиган алиментнинг энг кам миқдори ўзгартирилди.

Илгари ҳар бир бола учун ундириладиган алиментнинг энг кам миқдори энг кам иш ҳақининг учдан бир қисмидан кам бўлмаслиги лозим эди, яъни 57414 сўмни ташкил этарди.

Эндиликда алиментнинг энг кам миқдори энг кам иш ҳақининг етмиш беш фоизидан кам бўлмаслиги шартлиги белгилаб қўйилди. Яъни ҳозирги кунда алиментнинг энг кам миқдори 129183 сўмдан иборат бўлди.

Бундан ташқари, Оила кодексига вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар бола вояга етгунига қадар бўлган давр учун кўчмас мулк ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашёни бериш йўли билан олдиндан тўланиши мумкинлиги бўйича алоҳида банд қўшилди.

Ушбу норма ҳар икки томон (алимент тўловчи ва алимент олувчи) манфаатларини инобатга олганлиги билан аҳамиятлидир.

Биринчидан, алимент тўлаши шарт бўлган шахс алиментни олдиндан тўлаши натижасида алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади ва бу билан у исталган вақтда чет давлатга вақтинча ёки доимий яшаш учун чиқиб кетиш ва бошқа шунга ўхшаш ҳуқуқларини эркин амалга ошириш имкониятига эга бўлади.

Иккинчидан, алимент олдиндан тўланиши вояга етмаган болани иқтисодий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлашга мустаҳкам замин яратади.

Саволга ҳуқуқшунос Насиба Тўраева жавоб берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг