Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев Ахсикент археологик ёдгорлик мажмуасини бориб кўрди (фото)

Шавкат Мирзиёев Ахсикент археологик ёдгорлик мажмуасини бориб кўрди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Тўрақўрғон туманидаги Ахсикент археологик ёдгорлик мажмуасини бориб кўрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ахсикент эрамиздан аввалги III асрда ташкил топган бўлиб, қадимги Фарғона давлатининг пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Тарихий манбаларда, хусусан, «Бобурнома»да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Қадимдан бу ерда ер ости сув иншооти бўлгани боис мудофаа учун қулай саналган.

Шаҳар Арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда ўз даврида шишасозлик, кулолчилик, темирчилик, қуролсозлик каби ҳунармандлик турлари ривожланган. 1620 йилларга келиб зилзила оқибатида улкан шаҳар вайрон бўлган.

Бугунги кунда харобаларнинг 60 гектарга яқин қисми сақланиб қолган бўлиб, Фарғона водийсидаги энг катта археологик ёдгорликдир. Археологлар томонидан темирчилар устахонаси, X-XIII асрларга оид ҳаммом қолдиқлари, аскарлар хоналари, жомеъ масжиди, мудофаа деворлари, ер ости ирригация тармоқлари, ҳунармандлар маҳалласи, ҳукмдор қароргоҳи – Арк қазиб ўрганилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент топшириғига мувофиқ 2017 йилда Ахсикент тарихий ёдгорлигини асраб-авайлаш ва тадқиқ этиш, унинг ҳаққоний тарихини яратиш бўйича улкан ишлар бошланди. «Ахсикент» археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш дирекцияси» давлат унитар корхонаси ташкил этилди.

Ҳозирга қадар Бельгия, Австрия, Япония, Жанубий Корея, Россия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлардан сайёҳлар ташриф буюрган. 

Президентга Ахсикент мажмуа бош режаси, унинг тадқиқот олиб борилган объектлари, ҳудудда барпо этиладиган туристик мажмуа лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.

Унга кўра, бу ерда музей ташкил этилади. Ахсикентнинг қадимий довруғини тиклаш мақсадида рамзий дарвоза қурилади. Умаршайх Мирзо ва Бобурнинг Камолиддин Беҳзод чизган суратлари асосида уларнинг ҳайкали бунёд этилади. Сайёҳлар учун Сирдарё бўйлаб қайиқларда сайр қилиш, туяда кўҳна шаҳарни томоша қилиш имконияти яратилади.

Зарур инфратузилма, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб, Ахсикент туризм манзилига айлантирилади.

Шавкат Мирзиёев мажмуада қадимий тарихимизни тарғиб қилувчи фестиваль ўтказиш, Наманган давлат университетида археология таълим йўналишларини очиш бўйича тавсиялар берди. Тарихни тарихий объектларда ўқитиш, мактаб ва университетдаги амалий машғулотлар ва дарсларнинг айримларини шу ерда ўтиш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг