Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бепул қулоқ, томоқ, бурун операциялари» — имконияти чекланганлар учун акция (видео)

Дунё аҳолисининг 5 фоизидан кўпроғи ёки 430 миллион киши эшитиш заифлиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келишмоқда. Улардан 34 миллионини болалар ташкил этади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга келиб 700 миллиондан ортиқ инсон ёки ҳар ўн кишидан бири — эшитиш қобилиятини йўқотиши мумкин.

Ўзбекистонда ушбу рақамлар қанчани ташкил этишини билмаймиз, аммо кам эмаслиги тайин. Шу ўринда ЛОР соҳасидаги касалликларнинг олди олиниши ва даволаниши қанчалик муҳим эканлиги аҳамиятлидир.

Пулингиз бўлса-ку яхши, хусусий шифохоналарда ёки чет элда даволаниб келишингиз мумкин. Аммо имконияти чекланганлар нима қилсин, улар қаерга мурожаат қилишлари мумкин?

Бугунги видеолавҳамизда «Мен эшитяпман» хайрия акцияси ҳақида сўзлаб берамиз. Қулоқ касалликларини даволаш учун 2021 йилда Андижонда ташкил этилган ушбу мурувват акцияси, ҳозирги кунга келиб, Фарғона вилояти, Тошкент ва Нукус шаҳарларига ёйилди. Эндиликда бу акция доирасида бутун ЛОР касалликлари бепул даволанмоқда.

– «Мен эшитяпман» хайрия акцияси қандай ташкил этилди?

– Туйғунхон Музаффаров: Республика болалар миллий тиббиёт маркази томонидан ҳар йили хайрия акциялари ўтказилар эди. Илк бор Андижон шаҳрида шу каби хайрия ташкил этилди. Беморлар жуда кўп, бирданига ҳаммага ёрдам беришнинг эса иложи йўқ. Шунда биз ўзимизнинг «Мен эшитяпман» акциямизни бошлашга қарор қилдик. Ҳозирги кунга келиб, 200 га яқин беморларда жарроҳлик амалиётларини ўтказиб, уларни ижтимоий ҳаётга қайтаришга муваффақ бўлдик.

– Акция кимлар учун мўлжалланган?

– Шерзод Ғуломов: Ушбу акцияга ЛОР касалликлари билан оғриган, аммо даволаниш учун имконияти етарли бўлмаган етим, боқувчисини йўқотган, «темир дафтар»га киритилган болалар қатнаша олади.

– Акция бошланганидан буён унинг кўлами қанчалик кенгайди?

– Шонодир Шоазизов: Андижон шаҳрида старт олган ушбу хайрия акцияси ҳозирги кунга келиб, юртимизнинг турли вилоят ва шаҳарларида ўтказилмоқда. Жумладан, Тошкент, Фарғона ва Нукусда. Акцияни турли вилоятларда ўтказишимизга сабаб, у ердаги аҳолининг шаҳарга келиш имкониятининг чекланганлигидир. Яна бир сабабларидан бири эса чекка ҳудудлардаги шифокорларнинг малакасини ошириш. Негаки, биз амалга оширадиган аксарият жарроҳлик амалиётлари Ўзбекистонда оммалашмаган.

– Қайси турдаги касалликлар кўпроқ даволанади?

– Шерзод Ғуломов: Акциямиз номидан келиб чиқсак, дастлаб фақат қулоқ касалликлари, яъни туғма эшитиш заифлиги ёки нуқсонига эга болаларни назарда тутган эдик, кейинчалик эса нафас йўли, яъни бурун ва ҳалқум касалликларини ҳам даволашни йўлга қўйдик. Ҳозирда «Мен эшитяпман» номи остида бутун ЛОР касалликлари даволанади.

– Нима сизга куч беради?

– Шонодир Шоазизов: Мен натижа ҳақида гапиришни яхши кўраман, биз одатда ташқи эшитув йўли йўқ, қулоқ супраси йўқ беморларга ташқи эшитув йўлини шакллантирамиз ва уни ноғора парда билан ёпамиз. Демак, у болалар энди эшитишни бошлайди. Улардаги хурсандчиликни кўриб мен куч оламан, бундан ортиқ бахт борми?!

– Акция имконятларидан қандай фойдаланиш мумкин?

– Туйғунхон Музаффаров:  Агар ЛОР соҳаси касалликларидан шикоятингиз бўлса, даволаниш ёки жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун имкониятга эга бўлмасангиз, «Otolor» марказимизга мурожаат қилинг. (98) 777 99 88 ёки (99) 777 99 88  рақамлари орқали доимий алоқадамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг