Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бир кўзли актёрнинг оламшумул қисмати

Бир кўзли актёрнинг оламшумул қисмати

фото:интернет очиқ манба

Баъзан инсоннинг энг катта заифлиги унинг энг буюк кучига айланади. Тақдир инсондан ниманидир тортиб олади, аммо эвазига бутун дунёга таъсир қиладиган шахсиятни яратади. Америкалик машҳур актёр Питер Фалькнинг ҳаёти ана шундай ҳикоядир. Бу бир кўзидан айрилган боланинг бутун бошли Ҳолливуд қоидаларини ўзгартиргани ҳақидаги ҳақиқий ҳаёт драмасидир.

Болалик: ҳаёт ва кўз ўртасидаги танлов

Питер Фальк 1927 йил 16 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида туғилган. У оддий оилада вояга етган, аммо тақдири жуда эрта оғир синов билан бошланди.

Уч ёшида Питерда хавфли ўсма аниқланди. Шифокорлар унинг ота-онасига даҳшатли танловни таклиф қилишди: боланинг кўзини ёки унинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Вақт жуда кам эди. Ота-онаси ўғлининг ҳаётини танлашди, албатта.

Жарроҳлар Питернинг ўнг кўзини олиб ташлаб, ўрнига сунъий кўз ўрнатишди. Боланинг юзи ҳеч қачон мутлақ симметрик бўлмаслиги маълум эди. Аммо у тирик қолди.

Қизиғи шундаки, Питер бу ҳолатни ҳеч қачон фожиа деб қабул қилмади. У болалар билан ўйнади, спорт билан шуғулланди, мактабга борди. Сунъий кўз Питер учун шунчаки ўзининг бир қисми эди. Лекин дунё, айниқса кино саноати, буни бошқача қабул қилишини у кейинроқ англади.

Ҳолливуд рад этган актёр

1950 йилларда Ҳолливуд қатъий ташқи андозаларга эга эди. Экранда фақат идеал кўринишдаги актёрлар бўлиши керак, деб ҳисобланарди. Бир кўзнинг йўқлиги эса актёрлик карьераси учун деярли ҳукмга тенг эди.

Питер ёшлигида барқарор ва яхши ишга эга бўлса-да, қалби уни санъатга етаклади. 26 ёшида театр курсларига ёзилди ва актёрликни ўз тақдири деб танлади.

Унинг ўйини табиий, ботиний кучга бой ва жуда таъсирчан эди. Аммо кастингларда Питерга доимо бир хил гап айтиларди: “Сиз бу соҳада ишлай олмайсиз”, “Томошабин бир кўзли қаҳрамонга ишонмайди”, “Бизга идеал ташқи кўриниш керак...”

Кўпчилик бундай пайтда шартта таслим бўлади. Аммо Питер ҳаётнинг энг муҳим сабоғини уч ёшидаёқ ўрганган эди: инсон тўсиқни эмас, уни енгиш усулини танлайди.

Кичик роллардан катта муваффақиятга

Питер ҳар қандай имкониятга рози бўлди – театр саҳналари, телевидениедаги кичик роллар, реклама роликлари... Унинг учун асосийси саҳнада бўлиш эди.

1960 йилда Питер биринчи катта муваффақиятига эришди: киносаноат унинг иқтидорини тан олди ва “Оскар” мукофотига номзод бўлди. Кейин яна бир бор шу нуфузли мукофотга тавсия қилинди.

Энди Питерни эътиборсиз қолдиришнинг иложи йўқ эди. Аммо у иккинчи даражали актёр бўлиб қолишни истамади. Питер Фальк ўзини тўлиқ намоён қиладиган ролни изларди.

Коломбо – афсонага айланган образ

1960 йилларнинг охирида Питер Фальк тақдирини ўзгартирган ролини топди.

Телевидение детектив сериал учун классик қаҳрамон яратишни режалаштирган эди: кучли, идеал, жасур. Аммо Питер мутлақо бошқача образ таклиф қилди. У ўз қаҳрамонини ғижимланган плашч кийган, беўхшов юрадиган, доимо узр сўрайдиган, содда ва аҳамиятсиз кўринадиган инсон қилиб тасвирлашни истади. Асосий қуроли – одамларнинг уни жиддий қабул қилмаслиги эди.

Питер ўзининг сунъий кўзини ҳам ролнинг бир қисмига айлантирди. Шу орқали у детективга ўзига хос қараш ва психологик куч бағишлади.

Сериалнинг аҳамиятли жиҳати шунда эдики, томошабин қотил кимлигини аввал бошиданоқ биларди. Қизиқиш эса Коломбонинг жиноятчини аста-секин фош қилиш жараёнида эди.

Лойиҳа улкан муваффақият қозонди. Питер Фальк бу роли учун тўрт марта “Эмми” мукофотини олди, унинг роли эса телевидение тарихидаги энг машҳур қаҳрамонлардан бирига айланди.

Ҳолливуд нуқсон деб билгани Фалькнинг энг катта устунлиги бўлди.

Питер Фалк бир муҳим ҳақиқатни исботлади: инсонни ташқи кўриниши эмас, унинг иродаси улуғлайди. Бугун камчилик бўлиб кўринган нуқсон эртага сизнинг энг катта устунлигингизга айланиши мумкин.

Фальк икки кўзга эга эмас эди. Аммо у ўз келажагини кўриш учун битта кўз ва улкан жасоратнинг ўзи ҳам етарли эканини бутун дунёга исботлади.

Оила ва шахсий ҳаёт

Питер Фалькнинг шахсий ҳаёти ҳам хиёл ўзгача бўлган.

У 1960 йилда актриса Алис Мэйо билан турмуш қурди. Эр-хотин икки қизни асраб олишди. Уларга Кэтрин ва Жеки деб исм қўйишди.

Бироқ узоқ йиллик никоҳдан кейин – 1976 йилда Питер ва Мейо ажрашишди.

1977 йилда Питер Фальк актриса Шера Данезега уйланди. Бу никоҳ умрининг охиригача давом этди. Шера нафақат унинг умр йўлдоши, балки ижодий шериги ҳам бўлиб, “Коломбо” сериалида ҳам қатнашди.

Питер ҳаётининг охирги йилларида оғир касалликка чалинганида айнан Шера Данезе унинг асосий суянчиғи бўлди.

Азобли йиллар ва оғир синов

2000 йиллар бошида Питер Фалькнинг хотираси билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. Кейинчалик унга Алцгеймер касаллиги ташхиси қўйилди.

Касаллик аста-секин актёрнинг хотирасини сусайтирди. Айрим маълумотларга кўра, у ҳатто ўзининг машҳур “Коломбо” ролини ҳам эслай олмай қолган.

Питер Фалкнинг парвариши масаласида оила аъзолари ўртасида низолар юзага келди. Бу жамоатчилик эътиборини тортди ва кейинчалик беморларнинг яқинлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид ҳуқуқий ташаббусларга туртки бўлди.

Питер Фальк 2011 йил 23 июнда 83 ёшида вафот этди. Унинг ўлими бутун дунё мухлисларини қайғуга солди.

Фальк ўз ортидан телевидение тарихида ўчмас образ, миллионлаб мухлисларнинг муҳаббати ва жисмоний нуқсонни кучга айлантириш намунасини қолдирди. У идеал эмас, балки идеал бўлмагани боис машҳур бўлган эди.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг