Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бизнинг очкўзлигимиз, бахиллигимиз, худбинлигимиз, зиқналигимиз «Аҳмадбой» тимсолида зуҳр бўлди

Бизнинг очкўзлигимиз, бахиллигимиз, худбинлигимиз, зиқналигимиз «Аҳмадбой» тимсолида зуҳр бўлди

«Аҳмадбой» жамиятнинг юзи – қозонда бори чиқади.

Фото: «Тошкент» телеканали

«Аҳмадбой» жамиятнинг юзи – қозонда бори чиқади. Ҳар биримиздаги бахиллик куртак очиб, барг ёзиб, мева тугиб кетганининг аломати — «Аҳмадбой». Ҳеч биримиз Аллоҳга қарз бермаймиз, баландпарвоз айтмасдан оддий айтилса: ҳеч ким физик ё химик, ё биолог ё тарихчининг лойиҳаси амалга ошиши учун бирор сўм ҳадя ёки қарзни қўлига тутқазмайди. Йўқ, ҳамма «Пулим икки ҳисса кўпайсин», дейди. Ҳеч ким, масалан, Берунийнинг ҳали чоп этилмаган китобларини нашр қилдириш учун шу пайтгача бирор сўм берган эмас, бермайди ҳам. 

Яна телеэкранда ва ёки радиода, газетада чиқиб олиб буюк аждодларимиз бор деб «мақтанамиз».

(Маълумот учун: Берунийнинг камида 40 дан ортиқ китоби дунё кутубхоналарида чанг босиб ётибди. Фақат ўтган асрнинг 60 йилларида 2 тагина китоби ўзбек тилида нашрдан чиққан.) 

Фикр тараққиёти учун пул беришни ҳеч ким тарғиб қилмайди. Бунинг учун имкониятлар очилган бўлса-да, ҳали ҳеч ким бу борада ўйлаб ҳам кўрган эмас. Ва шуниси ажабланарлики, маънавий тараққиёт гўё ҳеч биримизга керак эмасдек. Чунки АВРАЛ бор жойда ҳеч қачон тараққиёт бўлмайди. 

Ўтган йилнинг шу ойида Американинг Сент-Питерсберг шаҳрига боргандик, шаҳарчадаги жамоатчилик радиосига кирдик. Радио биноси 1979 йилда қурилган, унга кетган миллион-миллион пулни халқ берибди. Ноёб усулда қурилган радиони айланиб, томоша қилиб юрганимизда уч нафар кампирга дуч келдик. Улар ушбу жамоатчилик радиосига 100 минг доллар атрофида ёрдам пули беришмоқчи эканини айтди. Биз ҳайрон қолдик, лекин кейин билсак бу нарса америкаликлар учун табиий нарса экан. 

XVI асрдан кейинги даврда Туркистон инқирозига сабаб уни империя босиб олиб бойликларни ташиб кетгани, ерликларнинг ўз-ўзига бахиллик қилгани эди. Йўқ, империя зулм қилмади, ўзимиз айбдор эдик. Империя бойликни ҳам ташиб кетди, ҳам туб аҳолидан бож ундириб, солиқ солиб рус-тузем мактабларини қурди, темир йўл ўтказди. Ва яна миннат ҳам қилди. Биламизки, ортимизда қолган асрларда жадидлар миллатдаги тўю ҳашамлардан дод дейишган, бу бежизга эмас эди. Тўй-ҳашамларнинг кўплиги сахийлик меваси эмас, аксинча, исроф ва бахиллик натижаси, бу эса инсондаги энг қабиҳ ҳайвоний сифатдир. 

Инсон қадри ўртадан кўтарилган, биз бир-биримизга бўрилардек қараймиз, сал имкон бўлса бир-биримизни ғажиймиз, буни шу кунларда «Аҳмадбой» мисолида кўряпмиз. «Аҳмадбой» тимсолида юзимизга тутилган ойнадан ўзимизни ўзимиз томоша қиляпмиз. 

Бир талаба: «Қанийди, менга, масалан, ижод фонди ҳомийлик қилса-ю, инглиз тилидан фалон китобларни таржима қилсам», деб хаёл қилади. 

Битта тарихчи: «Қанийди, оиламдаги моддий муаммоим бўлмаса-да, XVII-XIX арслардаги ижтимоиий-сиёсий аҳволни битта китобда ёритсам», деб хаёлпарастлик қилади. 

Яна битта астроном, «Қанийди кимдир менга ҳомийлик қилса-ю, мен коинотдаги вазиятларни ўргансам», деб ҳамкасбига гапвозлик қилади. 

Ва яна, яна бундай мисоллар тугамайди… 

Асад Каримов, манба: uza.uz

 

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг