Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Иглесиаснинг концерти. Пулга сотилган «текин» чипталар юзасидан Ёшлар иттифоқи изоҳ берадими?

Иглесиаснинг концерти. Пулга сотилган «текин» чипталар юзасидан Ёшлар иттифоқи изоҳ берадими?

Фото: Instagram / @ulugbekismailov

Испаниялик машҳур хонанда Энрике Иглесиас 28 декабр куни Тошкентдаги «Истиқлол» санъат саройида концерт берди. Ижтимоий тармоқларда бу концерт Алишер Усмоновдан Ўзбекистон ёшларига Янги йил совғаси экани айтилди. Энрике Иглесиас «Facebook»даги саҳифасида «Тошкентдаги концерт чипталари аллақачон сотувда!», деб ёзгани билан, чипталар фақат фаол ва иқтидорли ёшларга тарқатилиши маълум қилинди.

Фото: Instagram / @ulugbekismailov

Энрике Иглесиаснинг Тошкентда концерт бериши ҳақидаги гап-сўзлар декабр ойи ўрталарида, Робби Уилямснинг концертидан сўнг пайдо бўлган эди. «Истиқлол» санъат саройи директори Исроил Ғуломов 19 декабр куни «Дарё»га берган қисқа интервюсида испаниялик хонанда ҳақиқатан ҳам 28 декабр куни Тошкентда куйлашини тасдиқлаб, «чипталар нархи ҳозирча маълум эмаслиги»ни билдирган эди.

Энрике Иглесиаснинг концертига бепул чипталарни қўлга киритганлар.
Фото: Facebook / Қаҳрамон Қуронбоев

Исроил Ғуломов концертга чипта сотилмаслиги, барча томошабинлар унда таклифнома асосида меҳмон бўлиши ҳақида 23 декабр куни маълум қилди. Шу куни «Nuz.uz» нашри Энрике Иглесиасни Тошкентга россиялик миллиардер Алишер Усмонов олиб келаётгани, концерт чипталари Маданият вазирлиги ва Ёшлар иттифоқи, шунингдек, бошқа жамоат ташкилотлари ва Меҳрибонлик уйлари орқали иқтидорли, фаол ёшларга тарқатилиши ҳақида хабар берди.

Скрин: «Xabar.uz»

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи 24 декабр куни ўзининг «Telegram»даги каналида ташкилот Энрике Иглесиаснинг концертига чипта тарқатаётгани ҳақидаги хабарларни «миш-миш» деб атаб, «бу гап-сўзлар ҳеч қандай асосга эга эмаслиги» ҳақида баёнот берди. 26 декабр куни эса ташкилот раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев «Ёшлар иттифоқи ушбу концерт учун ўзига ажратилган бепул таклифномаларни иқтидорли ва энг фаол ёшларга тарқатаётгани» ҳақида хабар берди.

«Хабарингиз бор, 28 декабр куни юртимизга жаҳонга машҳур эстрада хонандаси Энрике Иглесиас ташриф буюриб, ўзининг концерт дастурини намойиш этади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ушбу концерт учун ўзига ажратилган бепул таклифномаларни иқтидорли ва энг фаол ёшларга тарқатмоқда. Ўйлаймизки, ушбу маданий тадбир ёшларимизга байрамона кайфият бахш этади», — деб ёзган Қуронбоев.

Қаҳрамон Қуронбоев ўз хабари остида омадли чипталар насиб қилган ёшларнинг рўйхатини ҳам ёзган: Бегзод Зоиджонов, Жахонгир Бозоров, Александр Фелицин («Яхшилик қил» лойиҳаси аъзолари), Хумоюн Хошимий, Дмитрий Рахимов, Даврон Уйғунов (ҚВЗ рус олий лигаси совриндори), Жасур Ғайратов (Турин политехника университети бошланғич ташкилоти етакчиси, ёш дастурчи), Ахмаджон Шамсуддинов (Инҳа университети бошланғич ташкилоти етакчиси, ёш дастурчи), Нодирбек Тўрабеков (И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филлиали бошланғич ташкилот етакчиси, ҚВЗ рус олий лигаси совриндори), Шерзод Олимов (Ўзбекистон ёшлар иттифоқи М.Улуғбек тумани Кенгаши раиси, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби).

Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқлар орқали турли ҳазиллар, мемлар ва муҳокамаларга сабаб бўлди. Лекин иттифоқ ҳозирча мазкур миш-мишларга ҳеч қандай изоҳ ёки раддия бермади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг