Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кўксаройда Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчиларининг тарихий музокаралари бўлиб ўтди

Кўксаройда Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчиларининг тарихий музокаралари бўлиб ўтди

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув аввалида меҳмон давлатимиз раҳбарини Мустақиллик куни билан самимий табриклади. Ушбу тарихий ташриф икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқиб, ўзаро ҳамкорликда янги босқични бошлаб бериши таъкидланди.

Томонлар савдо-иқтисодий алоқалар изчил ривожланаётганини мамнуният билан қайд этдилар. Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард доллардан ошди, қўшма корхоналар сони эса 7 баробарга кўпайди, ҳафтасига 14 та тўғридан-тўғри авиапарвоз амалга оширилмоқда.  Икки давлат раҳбарлари 2030 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш бўйича зарур чораларни кўришга келишиб олдилар. Шунингдек, энергетика, фармацевтика, металлургия, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги каби устувор соҳаларда янги саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳамкорликни самарали мувофиқлаштириш мақсадида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасида янги мувофиқлаштирувчи механизм таъсис этиладиган бўлди. Томонлар парламентлараро, Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши доирасидаги мулоқотларни фаоллаштиришга келишиб олдилар. Андижон ва Гужарат, Фарғона ва Ҳаряна, Самарқанд ва Агра ўртасидаги ҳудудлараро яқин шериклик алоқалари ҳам юқори баҳоланди.

Гуманитар соҳада таълим ва маданият йўналишидаги алоқалар кенгаймоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг 4 та университети фаолият юритмоқда. Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳинд маданияти маркази ва Маҳатма Ганди номидаги Ҳиндшунослик маркази муҳим ўрин тутмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда йога тобора оммалашиб бораётгани ва ушбу соҳадаги ҳамкорлик фаол ривожланаётгани қайд этилди.

Ташриф доирасида Маданий алмашинув бўйича беш йиллик дастур имзоланиши, маданият кунлари ва кинофестиваллар мунтазам ўтказилиши белгиланди. Раҳбарлар БМТ, ШҲТ ва БРИКС каби халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини изчил қўллаб-қувватлашни давом эттиришларини билдирдилар. Музокаралар якунида белгиланган барча вазифалар бўйича аниқ «йўл хариталари» ишлаб чиқилишига келишиб олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг