Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мексикада наркобарон ўлдирилгач, мамлакатни зўравонлик тўлқини қамраб олди

Мексикада наркобарон ўлдирилгач, мамлакатни зўравонлик тўлқини қамраб олди

Мексика хавфсизлик кучлари мамлакатнинг Халиско штатида ўтказилган йирик ҳарбий амалиёт давомида дунёдаги энг кўп қидирилаётган наркобаронлардан бири ҳамда қудратли «Халиско янги авлод картели» (CJNG) етакчиси — Немесио Осегера Сервантесни (лақаби «Эл Менчо») йўқ қилди.

Амалиёт Тапалпа муниципалитетида (Гвадалахарадан 130 км жанубда) ўтказилган. «Эл Менчо» Мексика ҳарбий хизматчилари билан отишма оқибатида воқеа жойида ўлдирилган.

Маълумот учун: аввалроқ АҚШ маъмурияти «Эл Менчо»ни топишда ёрдам берганлик учун 15 миллион доллар мукофот ваъда қилган эди.

Бироқ ўз етакчисидан маҳрум бўлган наркокартел дарҳол қарши ҳужумга ўтди. CJNG таъсири остидаги бир қанча штатларда, жумладан, Халиско, Колима, Мичоакан ва бошқа ҳудудларда автомобиллар ва юк машиналарига ўт қўйиш, ҳарбийлар ва полиция ҳаракатига тўсқинлик қилиш учун йўлларда тўсиқлар ўрнатиш, отишмалар ва қўрқитиш ҳаракатлари кучайиб кетди.

Гвадалахара шаҳри ва унинг халқаро аэропорти атрофида тартибсизлик ҳукм сурмоқда: гувоҳлар терминаллардаги ваҳима, ўқ овозлари, одамларнинг оммавий қочиши ва кириш йўлларининг ёнаётган машиналар билан тўсиб қўйилгани ҳақида хабар бермоқда. Шу каби тартибсизликлар Пуэрто-Валярта ва штатнинг бошқа шаҳарларида ҳам кузатилган. Ҳукумат аҳолини ҳимоя қилиш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида Халиско штатида «қизил код» (юқори хавф даражаси) эълон қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг