Ўзбекистон целлюлоза ва пахта маҳсулотлари экспортига вақтинча чеклов жорий қилди
Ўзбекистон ҳукумати целлюлоза ва бошқа пахта маҳсулотлари экспортига вақтинча тақиқ жорий қилди. Бу қарор маҳаллий компаниялар Россияга маҳсулот етказиб бериши орқали халқаро санкциялар хавфи остида қолиши мумкинлиги билан изоҳланмоқда. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Тошкент вилояти тадбиркорлари билан учрашувда маълум қилган.
«Spot» нашрининг Хўжаевдан иқтибос келтиришича, ҳозирда экспорт шартномалари текширилмоқда. Текширув якунлангач, ҳукумат рухсатнома бериш тартибини тасдиқлайди ва ишлаб чиқарувчилар яна хорижга маҳсулот етказиб бериш имконига эга бўлади. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига тегишли қонун лойиҳаларини тезлаштириш ва тез орада Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш топширилган.
Масала маиший ва санитария-гигиена мақсадидаги қоғоз маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Bumfa Group Asia корхонаси раҳбари Шакиржон Додожоновнинг мурожаатидан сўнг кўтарилган. Унинг таъкидлашича, 7 январдан бошлаб Божхона қўмитаси изоҳсиз равишда экспорт амалиётларини тўхтатган. Натижада корхонанинг 100 нафар ходими мажбурий таътилга чиқарилган, компания зарари эса 2 миллиард сўмдан (тахминан 164,5 минг доллар) ошган.
Расмийлар эса целлюлоза ва унга ўхшаш пахта маҳсулотлари халқаро ташкилотлар назоратида эканини таъкидлади. Агар бу маҳсулотларга санкция жорий этилса, экспортдан тушган маблағлар музлатиб қўйилиши мумкин. Бу эса ишлаб чиқарувчиларни оғир молиявий аҳволга солиб қўяди.
Марказий банк вакиллари ҳам экспорт шартномалари регулятор томонидан текширилаётганини билдирди. Чунки Ўзбекистондан Россияга юборилаётган целлюлоза ҳарбий-саноат мажмуаси эҳтиёжлари учун ишлатилиши эҳтимоли бор. Шу сабабли шартномаларда АҚШнинг SDN санкция рўйхатидаги компаниялар ёки санкцияларни четлаб ўтишга уринаётган воситачилар бор-йўқлиги ўрганилмоқда. Бироқ бундай ҳолатларда банкларга тўловларни бутунлай тўхтатиш эмас, балки огоҳлантириш юборилаётгани айтилди.
Гигроскопик пахта ишлаб чиқарувчи бошқа бир корхона вакили ҳам экспорти тўхтатилганидан шикоят қилди. Унинг айтишича, компания маҳсулотни фақат Россияга эмас, балки Европа давлатларига ҳам етказиб беради.
Жамшид Хўжаев ҳар қандай пахта маҳсулоти санкция хавфи остида қолиши мумкинлигини таъкидлаб, битимлар синчковлик билан ўрганилаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу чеклов узоқ давом этмайди.
«Бир марта рухсат олганингиздан сўнг, кейинчалик экспортни бемалол амалга оширишингиз мумкин», – деди у тадбиркорларга.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter