Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент мустақиллик байрамида нутқ сўзламоқда

Президент мустақиллик байрамида нутқ сўзламоқда

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда нутқ сўзламоқда.

​Давлатимиз раҳбари халқимизни айём билан самимий табриклади. Энг улуғ байрамимиз Янги Тошкентда ўтказилаётгани тантана шукуҳини янада ошираётганини таъкидлади.

​Келгусида илм-фан, таълим ва маданият маркази бўладиган ушбу ҳудудда куни кеча Янги Ўзбекистон университети, Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети ҳамда Ўзбекистон миллий кутубхонасининг муҳташам бинолари ишга туширилди.

​Тантана иштирокчилари ҳузурида очиладиган фаввора дунёдаги энг баланд мусиқали фаввора сифатида «Гиннесснинг рекордлар китоби»дан жой олгани байрам кайфиятига янада баланд руҳ бағишлаши қайд этилди.

​– Бир неча юз йиллик орзулар рўёбга чиқаётган ушбу бетакрор маконда бутун халқимиз билан ҳали яна кўплаб қувончли ва тарихий воқеаларга гувоҳ бўламиз.

​Аминманки, Янги Тошкент пойтахтимизнинг кўркига кўрк қўшиб, биз барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг куч-қудратини намоён этадиган чинакам тараққиёт марказига айланади,– деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари 1991 йилда халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва қатъияти билан давлат мустақиллиги қўлга киритилганини таъкидлади.

​Буюк истиқлолимиз илдизлари уч минг йилдан зиёд давлатчилик анъаналаримиз ва қадимий цивилизациямиз тарихига бориб тақалади.

​Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Мир Алишер Навоий каби буюк алломаларимиз башарият тафаккури хазинасини бойигани қайд этилди.

​Соҳибқирон Амир Темур бобомиз барпо этган давлат адолат ва бунёдкорлик тимсоли сифатида тарих зарварақларидан муносиб ўрин олгани таъкидланди.

​– Ватан озодлиги ва миллий истиқлол йўлида жонини фидо қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг ҳуррият ҳақидаги орзу-ниятлари бугун Янги Ўзбекистонда тўлиқ рўёбга чиқмоқда.

​Мустақиллик бизга шону шарафимиз, муқаддас динимиз, она тилимиз ва унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди. Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англаб, улуғ ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик,– деди давлатимиз раҳбари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг