Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

Қиз томонга тўй қилдирсанг — «қум» ейсанми уйланиб?!

Қиз томонга тўй қилдирсанг — «қум» ейсанми уйланиб?!

Сарпо, буюм олишни қиз эмас, куёв бўлмиш «буюртма» қилаяпти!

Фото: «vk.com»

Душманлар куйиб ўлсин

Бугун яна тўй, никоҳ тўйлари ҳақида гаплашамиз. Бугун никоҳ тўйларининг қайси томонга қараб кетаётгани ҳақида гаплашамиз. Бугун тўйларни ихчамлаштириш, камчиқим қилиб ўтказиш тўғрисидаги қатор қонун-у, қоидалар, давлат ёки диний идоралар чиқарган тавсиялар ҳақида гаплашмаймиз. Бундай қарорлар кўпайгани сари тўйлар «маҳаллада дув-дув гап» бўлиб кетаётгани сир эмас. Бугун ўзимизга, азиз муштарий, ўзингизга сал наридан назар ташлашни истадик.

Куёвларнинг султони

Мақолани ёзишга «xabar.uz» сайтида эълон қилинган устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратдан мерос қолган мақола мутолааси сабаб бўлди. Бир воқеий ҳикоя ёдимга тушди. Андижонлик А.Юнусовнинг «Куёвмисан куёв» деган лавҳаси ўша ҳикояда бозорга куёвлик сарполарини харид қилгани кетаётган йигит онасига иддао қилади: «Қудаларингиз беш юз доллар берса, кўниб, олиб қолавердингизми? Бу арзимас пулга энди тузукроқ кийим олиб бўладими? Кеча қиз билан учрашиб, қанақа телевизор олишларини ҳам, қанақа мебель олишларини ҳам кўрсатиб қўйдим. Шундай қилмасам, ўзимизда чиққан бирор хашаки мебель билан, модадан қолган телевизор олишдан ҳам қайтмайди уларингиз. Ўқитувчилар оиласи экан, дейсиз, қўлидан келса, тўй қилсин! Ўзи улар жон десин, ўқиган қизларини олишга рози бўлганимга!»

Эътибор қилдингизми, ўқимаган йигитга тегишга олий маълумотли қиз эмас, унга уйланишга бесавод йигит ноз қилаяпти!

Эътибор қилдингизми, сарпо, буюм олишни қиз эмас, куёв бўлмиш «буюртма» қилаяпти?

Бунақа «Куёвларнинг султони» бошқа юртда экан, деб ўйлаяпсизми? Сизнинг ён-атрофингиздаги уйланаётган йигитлар қанақа? Алпомишми? Рустамми? Мардми? Ёки...

Бизнинг «Султон куёв»

Яқин қариндошим ўғил уйлантирадиган бўлди. Олдин совчиликка бордик. Бир тўй бўлди. «Нон синдириш» қилишди. Бир тўй бўлди. Фотиҳа бўлди. Бир тўй бўлди. Ҳаммаси ресторанда. Ҳаммасида ашулачилар бор. Ҳаммасида қариндошимнинг ҳамма қариндошлари жам бўлишди. «Инсоф билан, қариндош, жуда тўй кўпайиб кетмаяптими?» дедим. «Э, ишингиз бўлмасин, қудаларим чет элдан долларни супуриб олиб келишаяпти, давлати камайиб қолмайди», деди қариндошим.

Тўйдан олдин қариндошникига борсам, ҳовли адоғидаги бир уй, бир даҳлизга кўчиб ўтишибди. Тўрт хонали катта уйни шип-шийдам қилиб қўйишибди, на гилам бор, на парда. «Ҳа, уйларингга ўғри тушдими?» сўрадим ажабланиб. «Келинга бўшатиб бердик, бир тўлдириб, жиҳозласин», деди қариндошим. Ҳақиқатдан ҳам, келин томондан келган одамлар бир ҳафта меҳнат қилиб, тўртта уйни ҳам мебель, гиламлар билан тўлдиришди, пардалар илишди. Уларнинг бошида туриб, қўлини белига тираб олган қариндошимнинг аёли ҳали уни, ҳали буни буюришдан чарчамас эди. Унинг топшириғи билан энг сўнгги русумдаги телевизор, кир ювиш машинаси, чангютгич, дазмол, электр гўшт қиймалагич, электр духовка, микротўлқинли печ, сок сиқадиган машина, ошхона комбайни деган нарсаларни келтиришди. Бир юк машина идиш-товоқ келган куни бориб қолиб, оғзим очилиб қолди, «Мадонна» деб аталадиган коса-товоқ, чойнак пиёлалар тўпламидан ташқари, уларнинг ичида чой қошиғу, сабзи тўғрайдиган тахтагача бор эди. Янги газ плитаси олдиришгани кўриб, одамнинг нафси ҳеч қачон тўймаслигига амин бўлдим.

Хуллас, тўй ҳам бўлди. Тўйдан кейин қариндошим яна ўз уйига қайтди. Келин олиб келган диванларда маликалардай ястаниб, келиндорлик қилишини бошлади. «Келин, манти егим келаяпти», «Келин, палов ейман», «Келин, чарчаб келдим, оёқ-қўлларимни бир уқалаб қўйинг!»

Келин болали бўлганда қудалар куёвларининг ишёқмаслигини, таъмагирлигини билиб қолишди. Болага бериладиган гўдаклар овқатини ҳам «Отангга айт, отанг олиб келиб берсин», дейиши уларнинг сабр косасини тўлдирди.

Мухбир сифатида каминани ҳам музокарага чақиришди. Мен қариндошимнинг ўғлига насиҳат қилмоқчи бўлиб, «Жиян, севиб уйланган эдингиз, энди ҳурматини қилсангиз, ҳеч бўлмаса, ўзингизнинг гўдагингиз ейдиган овқатни олиб келиб берсангиз бўлмайдими?» десам, кўзимга бақрайиб туриб, «Қанақа севги? Мен буларнинг бойлиги учун қизларига уйланганман. Қизлари тўйдан кейин бизни ҳам Америкага юборишади, дегани учун уйланганман. Ўзим каша олиб келадиган бўлсам, простойроқ одамнинг қизини ҳам олиб қўяверар эдим».

Султон куёвнинг ана шу гапи қайнотасининг сабр косасини тошириб юбормади, синдирди. Тўртта юк машинаси ва мардикор бозордан мардикорларни олиб келиб, қариндошимнинг уйини тўйдан олдин мен кўргандек қилиб, «яланғочлаб» кетди. Энди ростдан ҳам, қариндошимнинг уйи ўғри ургандек бўлиб қолди...

Мулла бобо нима дейди

«Имомларнинг айтганига қавм амал қилмай қўйса, имомларнинг ғариб бўлгани шу», дебдилар пайғамбаримиз алайҳиссалом. Имомларимиз эса, бугун бўлаётган тўйларга бормай ҳам қўйдилар. Чунки уларнинг айтган гапларига амал қиладиган одам қолмади. Имомларимиз никоҳ тўйини икки ёшнинг никоҳланганини эълон қилиш дейди. Бор-йўғи шу. Эълон қилиш керак, холос. Бунда иккала тарафга яқин кишилардан ўн беш-йигирма кишидан тўпланиб, шу нарса эълон қилинса, бўлди. Бунинг шукронасига кичикроқ бир зиёфат уюштириш ҳам суннат. Аммо ҳеч қайси шаръий китобда «катта ресторанда минг кишини йиғиб, тўй берсин, тўйга пойтахтдан беш-олти минг доллар бериб, артист олиб келсин», деган ёзув йўқ. Энг қизиғи, бирор китобда «Уйни келин безатсин, келин гилам олиб келсин, келин парда илсин, келин янги газ плитаси олиб келсин» деган ёзув ҳам йўқ.

Шариатимиз никоҳ тўйи билан боғлиқ ҳамма харажатларнинг куёв томон зиммасида бўлишини таъкидлаган! «Нон синдириш»ми, фотиҳами, тўйми, ҳаммасини куёв томони қилади. Келинни шунча йил вояга етказгани, тарбиялагани, имкон топганлари ўқитиб, маълумотли қилгани учун унинг ота-онасига раҳмат айтиш, мукофотлаш ўрнига уни майиб қилиш, бўйнига шунча харажатни «илиш» мусулмон одамнинг иши эмас. Мард одамнинг ҳам иши эмас. Келин томонга «Нон синдириш» тўйини, фотиҳа тўйин, тўйдан кейин «Чарлар» тўйини қилдириб, автобус-автобус одам олиб бориб, тўй еб келаётган куёв томон билиб қўйсин, ўша маросимларда еган таомлари Қиёмат куни уларнинг бўғзидан тутади!

Ҳамма замонларда ҳам келин олиш шараф ҳисобланган. Бир хонадон ўн саккиз-йигирма йил бағрида вояга етказган қизини рози бўлиб, сизнинг хонадонингизга келинликка беришининг ўзи жасорат ва тақдирланишга арзийдиган иш. Қизларнинг тарбияси енгил иш бўлмаганидан пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларида қиз боққан оналарга жаннат ваъдасини берганлар. Бугун уйланаётган «султон куёвлар» эса қизнинг ота-онасини мукофотлаш ўрнига уларни «тунаб» келмоқдалар, бор-будини шилиб келмоқдалар. Камига тўйдан кейин ўзларининг «ўликларини» уларнинг устига ортиб олмоқдалар.

Никоҳдаги фарзлардан бири маҳр бўлиб, бугун кўпчилик бу нарсанинг нималигини ҳам билмайди. Ваҳоланки, маҳр тайин қилинмаса, никоҳ никоҳ бўлмайди. Барча замонларда қизнинг маҳри одатда барча керакли жиҳозлари билан ясатилган бир уй, бир даҳлиз бўлган. Маҳр абадий келиннинг мулки ҳисобланган. Эркак бир куни аёли билан яшашни истамаса, жавобини бериб, чопонини елкасига ташлаб, уйдан чиқиб кетган. Шунинг учун ҳам олдин ажрашишлар оз бўлган. Қўлидан келган эркак ажрашган-да. Ҳозир-чи? Имомлар «Қизнинг маҳрига нима ваъда қилдингиз?» деб сўрашса, куёвлар «Битта узук», дейишади. Юз-икки юз минг сўм турадиган узук эвазига уйларини келин олиб келадиган жиҳозлар билан тўлдириб олишиб, камига, келин олиб берган кийимларни кийиб, керилиб юришади. Ёқмай қолса, келинни ҳайдаб юбориб, яна битта қизга уйланишади. Яна битта узук олиш қийин эмас-да!

Ана энди битта саволни айнан куёвларга, султон куёвларга бермоқчиман:

Уйингда гиламинг бўлмаса, деразангда парданг бўлмаса, ётоғингда мебелинг бўлмаса, ошхонангда газ плитанг, идиш товоғинг бўлмаса, қўпол бўлса, кечиргин-у, «қум» ейсанми, бировнинг қизига уйланиб? Сабзи тахта олишга кучи етмаган эркакка ким қўйибди уйланишни? Бировнинг қизига бахт беролмасанг, ўзинг ясатиб қўйган уйингда, ўзинг олиб берган каравотларда, ўзинг олиб берган кўрпа-тўшакларда яйратмасанг, номаъқул ейсанми, уйланиб?

Сўнгсўз ўрнида

Мана шу мақолани олиб қўйинг! Иложи бўлса, рамкага солиб қўйинг!

Қонун, қарор, тавсияга амал қилмайсиз. Одамнинг ўзи тарбияланган бўлиши керак. Одамнинг ори бўлиши керак.

Келин олмоқчимисиз? Тўйдан олдин мана шу мақолани яна бир марта ўқиб чиқинг! Келин баҳона уйингизни мебелга, гиламга, пардага, жиҳозга тўлдириб олмоқчи бўлсангиз, марҳамат, юртимизда бойлар кам эмас, уларнинг қизлари ҳам бор. Ўғлингиз ноз қилмай, уларнинг қизларига уйланишга рози бўлса, бас. Бойлар қизига қўшиб, ўғлингизга машина ҳам, уй ҳам беришади. Чунки сиз ўзингиз ақалли чойнак-пиёла ҳам ололмайдиган Худо урган ношуд одамсиз, бечорасиз, ғарибсиз!

Бой бўлсангиз-у, «Маҳаллада дув-дув гап бўлсин, душманларим куйиб ўлсин!» десангиз, катта ресторанларда дабдаба билан тўй қилинг. Беш-олти минг долларга артист олиб келинг. Артистларнинг ўн минг долларга келадигини, эллик минг долларга келадиганларини ҳам мана, биз топиб берамиз сизга!

Аммо тўйдан мақсад ўғил уйлантириш, наслингизни давом эттириш бўладиган бўлса, ўз уйингизда, имконингиз кўтармаса, кичикроқ ошхонада эллик-юз кишига зиёфат бериб, келин олинг. Аммо келин келгунча уйга гилам тўшаб, деразага пардани ўзингиз илишни унутманг!

Уйланишга шайланган йигит! Бойни пойлама! Кимнинг қизини олсам, бир нимали бўлиб қоламан, дема! Бировнинг қизини олиб, бахтли қилолмасанг, уни ўзинг боқолмасанг, ҳали «катта бўлгунингча» кутиб тур!

Уйланишга қарор қилдингми? Ўзинг уйлан! Севиб уйлан!

Уйландингми, келиннинг ейиш-ичиши, кийиниши, илм олиши, дам олиши, касал бўлса, даволаниши сенинг зиммангга ўтади.

Энди сен эркак бўл! Мард бўл!

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг