Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тўлқин Тешабоев: «ТАТУнинг халқаро миқёсда нуфузи оширилади»

Тўлқин Тешабоев: «ТАТУнинг халқаро миқёсда нуфузи оширилади»

Фото: «Xabar.uz»

Шу кунларда абитуриентлар ҳужжатларини олий ўқув юртларига топшириш учун елиб-югуришларни бошлаган. Ташвишли, аммо ширин бу югур-югур инсон ҳаётида муҳим бурилиш ясаши аниқ. Ўз навбатида, олий ўқув юртларида ҳам ҳужжатларни қабул қилиш жараёнлари тобора қизиб бормоқда. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Тўлқин Тешабоев билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

– Тўлқин Зокирович, бу йилги ўқишга қабул жараёнлари ҳақида гапириб берсангиз?

– Хабарингиз бор, 2018 йил 4 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Ушбу қарор билан олий таълим муассасаларига қабул квоталари ҳам белгиланган.

ТАТУга 2018/2019 ўқув йилида кундузги бўлимга жами 1645 ўрин, шу жумладан, грантга 405 ўрин, тўлов-контрактга  1240 ўрин белгиланган. Яъни, ўтган йилги қабулга нисбатан 145 кўп ўрин ажратилган. Бу АКТ соҳасига катта эътибор берилаётганлигини кўрсатади. Таълим йўналишлари эса 9тадан 14тагача кўпайди.

– Сир эмас, турли қинғир йўллар билан ўқишга киришни хоҳловчилар ҳам бор, бу йил ана шундай ғирромликларнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўрилади? Биламиз, ўтган йили бундай нохуш ҳолатларга барҳам бериш мақсадида абитуриентнинг биометрик паспорт маълумотлари ва бармоқ излари сканерланиб, назорат қилиш ва бошқариш тизими жорий этилган эди. Бу тизим қандай самара берди, ўзини оқладими? Умуман, янги қабулга ТАТУда қандай тайёргарликлар кўрилди?

– Дарҳақиқат, 2017/2018 ўқув йили қабулида биз синов сифатида ҳужжатларни қабул қилиш ва тестга киритиш жараёнида республикамизда илк бор университетимиз мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган биометрик тизимдан фойдаландик. Бу йил тизим мутахассисларимиз томонидан янада такомиллаштирилди, ишлаш тезлиги, самарадорлиги ва ишончлилиги оширилди.

2018-2019 ўқув йили қабули учун ТАТУ ва унинг филиаллари Қабул комиссиялари таркиби, 2018-2019 ўқув йили қабули ишини самарали ташкил қилиш ва таъминлаш юзасидан Қабул комиссиясининг иш режаси тайёрланди. Унга кўра, Қабул комиссиясининг таълим йўналишлари бўйича масъул шахслар, ахборот маркази масъуллари, тартиб интизом ва иш тартиби, фуқаролар мурожаати, хорижий абитуриентларни қабул қилиш бўйича тегишли масъуллар белгиланди. Абитуриентларни университет ҳақидаги маълумотлар билан таъминлаш учун кўргазмали материаллар (баннерлар) тайёрланди.

Қабул комиссияси ишини самарали ташкил қилиш учун Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда тизимдаги корхоналардан – «UzDigital TV» МЧЖ, «РРТМ» ДУК жалб этилди. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун қулай шароитлар яратилди.

– Маълумки, университетда талабгорлар махсус сиртқи факултетда ҳам таҳсил олишарди. Келгуси ўқув йилидан ишдан ажралмаган ҳолда ҳам ўқишлар ташкил қилинадими, яъни кечки факултетлар очиладими? Ўтган йили суперконтракт асосида ўқишни хоҳловчиларга ҳам имконият яратилиб берилганди. Бу тизим орқали университетга 6 миллиард сўм тушгани олий ўқув юртининг молиявий имкониятларини оширди. Энди кредит таълим тизимига навбат келди. Ҳозир бу бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Ҳақиқатда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, университетда, шу жумладан, унинг филиалларида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланган.

Ҳозирда университет ва унинг филиалларида таълимнинг кредит тизими тўғрисидаги низом ишлаб чиқилган бўлиб, бу борадаги ишлар тизимли олиб бориляпти. Кредит тизимига ўтувчи таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг фанлар бўйича ўқув режалари АҚШ, Германия, Буюк Британия, Корея Республикаси, Япония, Франция ва бошқа ривожланган давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари тажрибалари асосида ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига кечки таълимни ташкил этиш бўйича таклифлар берилган.

– ТАТУ ва унинг филиалларида ҳозир қанча чет эллик талаба таҳсил олмоқда? Уларга қандай имкониятлар яратилган?

– Университетда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистондан жами 12 нафар хорижий талаба бакалавриатурада таълим олмоқда. Албатта, бу миқдор кам. Биз университетнинг халқаро миқёсда нуфузини ошириш йўналишида ҳам ишлаяпмиз.

Ўз навбатида, хорижлик мутахассисларнинг университетда таълим беришга жалб қилиш бўйича сўз юритсам. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент ахборот технологиялари университетининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2834-қарорининг 6-бандида университетда дарс бериш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш учун юқори малакали хорижий мутахассислар ва олимларни жалб қилиш назарда тутилган бўлиб, бунда қайси маблағлардан фойдаланиш белгилаб берилган. Ҳозирда университетга хорижий мутахассислар жалб қилиниб, турли фанлар бўйича ўқув курслари ва малака ошириш курслари ташкил этилмоқда.

– Тўлқин ака, сизни талабчан, ташаббускор, айни пайтда ҳамма масалада ўз фикрига эга раҳбар сифатида яхши биламиз. Айтингчи, фарзандингизни ректор сифатида эмас, оддий ота сифатида қайси олий ўқув юртига киришини хоҳлардингиз?

– Касб танлаш ўта муҳим, ҳамма ўз қизиқиши, дунёқарашидан келиб чиқиб бу борада қарор қабул қилади. Фарзандларимга келсак, аввало ўзлари хоҳлаган олий ўқув юртига киришларини ҳеч иккиланмай айтган бўлардим.

Абдуғани Абдураҳмонов суҳбатлашди


Маълумот ўрнида:

  • Ҳозирги кунда университет ва унинг филиалларида жами 11 641 нафар талаба таҳсил олаётган бўлиб, 11 342 нафари бакалавриат ва 299 нафари магистратура мутахассислигида. Университет ва филиалларда жами 14та факултет ва 62та (шу жумладан, Тошкент шаҳрида 29та) кафедра фаолият олиб бормоқда. Талабаларга таҳсил бериш учун 908 нафар асосий штатда (шундан 507 нафар ТАТУда, 401 нафар филлиалларда) малакали профессор-ўқитувчилар фаолият юритмоқда, улардан 56 нафари фан доктори, профессорлар, 214 нафари фан номзоди, доцентлардир.
  • Университетда 2021 йилга қадар янги 10та бакалавриат таълим йўналиши ва 11та магистратура мутахассислиги очилади.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг