Тошкент меъморчилиги жаҳон эътирофида!
Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида бўлиб ўтаётган ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессияси мамлакатимиз маданий-тарихий салоҳияти учун яна бир улкан тарихий воқеа билан муҳрланди. Пойтахтимиздаги модернизм архитектураси объектлари ташкилотнинг нуфузли Халқаро рўйхатига расман киритилди. Таъкидлаш жоизки, сўнгги 25 йилда Ўзбекистон томонидан тақдим этилган миллий номинация илк бор шундай юксак халқаро мақомга сазовор бўлди.
Мазкур қарор фақатгина биноларнинг меъморий қийматини баҳолаш эмас, балки 1966 йилги вайронкор зилзиладан кейинги Тошкентнинг қайта бунёд этилиши билан боғлиқ бутун бир эпоханинг халқаро миқёсдаги эътирофидир. Ўша даврда пойтахтимиз замонавий жаҳон архитектураси тенденциялари, Марказий Осиё миллий анъаналари ҳамда минтақанинг ўзига хос иқлим хусусиятларини мукаммал мужассам этган ҳолда буткул янги ва бетакрор қиёфа касб этган эди.
Бугунги кунда ушбу ижодий ва муҳандислик ёндашуви глобал миқёсда тан олиниб, инсониятнинг умумий мероси сифатида қайд этилди. Тошкент шаҳрининг ўзига хос қиёфасини белгилаб берувчи, замонавий ва миллий архитектуранинг энг ёрқин намунаси бўлган қуйидаги объектлар халқаро рўйхатга киритилди:
- «Жемчуг» турар-жой биноси;
- «Ўзбекистон тарихи» давлат музейи;
- «Халқлар дўстлиги» саройи;
- «Ўзбекистон давлат санъат» музейи;
- «Ўзбекистон давлат цирки»;
- «Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар зали»;
- «Алишер Навоий» номидаги киносарой;
- «Чорсу» бозори;
- «Космонавтлар» метро бекати;
- «Катта қуёш» печи.
Ўзбекистоннинг халқаро майдонидаги бу каби навбатдаги ғалабаси — бой меъморий меросимизни асраб-авайлаш, уларнинг ўзига хослигини сақлаган ҳолда келажак авлодларга безавол етказиш йўлидаги муҳим ва стратегик қадамдир. Пойтахтимиз модернизм архитектурасининг жаҳон даражасида эътироф этилиши барча юртдошларимиз учун улкан ифтихор манбаидир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter