Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Владимир Басов... қаҳқаҳа ортидаги оғир дард

Владимир Басов... қаҳқаҳа ортидаги оғир дард

фото: интернет, очиқ манба

Кино тарихида томошабинни бир вақтнинг ўзида ҳам кулдирган, ҳам ўйлантирган санъаткорлар кўп эмас. Шундай ноёб истеъдод соҳибларидан бири Владимир Павлович Басов эди. У нафақат машҳур актёр, балки истеъдодли режиссёр ва сценарийнавис ҳам бўлган. Басовнинг ҳаёти уруш, ижод, муҳаббат, оилавий драмалар ва оғир касалликлар билан тўла бўлса-да, у умри охиригача кино санъатига садоқат билан хизмат қилди.

Урушлар соясида

Владимир Басов 1923 йил 28 июлда Россиянинг ҳозирги Белгород вилоятидаги Уразово қишлоғида туғилган. Отаси ҳарбий хизматчи эди ва Владимир ҳали болалигидаёқ вафот этди. Шу сабабли онаси уни катта машаққатлар билан тарбия қилди.

Кичик ёшидан адабиёт ва театрга қизиққан Басов актёр бўлишни орзу қиларди. Аммо тақдир уни аввал уруш майдонига етаклади.

1941 йилда Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, Басов фронтга кетди. У артиллерия қўшинларида хизмат қилди, бир нечта оғир жангда қатнашди ва жасорати учун давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Уруш тугаганида Басов капитан унвонигача кўтарилган эди. Унга ҳарбий соҳада катта лавозимлар таклиф қилинди. Аммо Басовнинг юраги саҳнага талпинарди. Шунинг учун у ҳарбий фаолиятини тугатиб, Москвага қайтди ва   ўқишга кирди.

Кино оламида

1952 йили институтни тамомлаган Владимир Басов «Мосфильм»да иш бошлади. Аввалига режиссёр сифатида танилди. У суратга олган фильмлар жиддий мавзуларни кўтаргани, психологик жиҳатидан чуқурлиги ва кучли драматургияси билан ажралиб турарди.

Энг машҳур режиссёрлик ишлари «Мардонаворлик мактаби», «Йўлдаги жанг», «Жимжитлик», «Қилич ва қалқон», «Турбинлар кунлари» бўлиб қолди. Айниқса, «Қилич ва қалқон» кўп қисмли бадиий фильми разведкачилар ҳақидаги энг яхши киноасарлардан бири сифатида эътироф этилди.

Режиссёрликдан ташқари Владимир Басов кинода роллар ҳам ижро этди. Кўпчилик томошабинлар Басовни ўзига хос ташқи кўриниши, хирилдоқ овози ва ҳазиломуз образлари орқали эслайди. У гўзал қаҳрамонларни эмас, балки ҳаётда учрайдиган ғалати, ҳазилкаш, айни пайтда меҳрибон инсонларни жонлантиришда тенгсиз эди.

Владимир Басов ташқи кўриниши билан классик қаҳрамонларга ўхшамасди. Аммо у ҳақиқий санъаткорнинг кучи чиройида эмас, истеъдодида эканлигини исботлади. Басов фронтда жасорат кўрсатган офицер, саҳнада бетакрор актёр, камера ортида эса талабчан режиссёр эди. Унинг фильмлари ҳали-ҳамон томошабинларни кулдиради, ўйлантиради ва инсон қалбига эзгулик уруғини сочади.

Басов иштирокидаги «Ы» операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари», «Қизил шапкача ҳақида», «Буратинонинг саргузаштлари», «Жиноят ва жазо», «Москва кўз ёшларга ишонмайди», «Электрониканинг саргузаштлари» фильмлар машҳур. У ҳатто кичик эпизодларда ҳам томошабин хотирасида қоладиган образ ярата оларди.

Омадсиз турмушлар ва оғир хасталик

Басов уч марта оила қурган. Биринчи рафиқаси актриса Роза Макагонова эди. Кейин у машҳур актриса Наталья Фатеева билан турмуш қурди. Уларнинг никоҳидан ўғли – кичик Владимир Басов туғилди. Аммо бу никоҳ ҳам узоқ давом этмади.

Учинчи рафиқаси актриса Валентина Титова эди. Бу оилада икки фарзанд дунёга келди. Бироқ кейинчалик бу никоҳ ҳам ажрим билан якунланди.

Валентина Титова билан ажрашувидан сўнг кўпчилик фарзандлар онаси билан қолади деб ўйлаган эди. Аммо суд болаларни отаси Владимир Басов тарбиясида қолдирган. Сабаблардан бири Басовнинг барқарор даромади, турар жойи ва фарзандларни таъминлаш имконияти юқори деб баҳолангани эди. Александр кейинчалик отасига бўлган меҳри ва ҳурмати ҳақида бир неча бор илиқ хотиралар билан ўртоқлашган.

Басов фарзандларининг тақдири турлича кечди. Катта ўғли – кичик Владимир Басов отаси каби кино соҳасини танлади. ВГИКни тамомлаб, актёр ва кинорежиссёр сифатида фаолият юритди. Басовнинг яна бир ўғли Александр Басов ҳам отасининг изидан борди. У ВГИКда таҳсил олиб, режиссёр ва актёр бўлди. Бир нечта фильм ва телелойиҳаларга режиссёрлик қилди, кинода суратга тушди.

Александр отаси билан жуда яқин бўлган. Ота-онаси ажрашгач, суд қарори билан Александр ва синглиси отасининг тарбиясида қолган. Владимир Басов уларни деярли ёлғиз ўзи тарбиялаган: овқат пиширган, мактаб ишлари билан шуғулланган ва ижодга меҳр уйғотган.

Басовнинг қизи  Елизавета Басова рақс санъатини танлади. У Санкт-Петербургда хореография бўйича таҳсил олди, сўнг Европага кўчиб кетди. Кейинчалик грек миллатига мансуб Адонис исмли йигитга турмушга чиққани ва Франциянинг Париж шаҳрида яшагани ҳақида маълумотлар бор. Елизаваета Басова халқаро хореография танловларида мукофотларга ҳам сазовор бўлган.

Айтиш жоизки, Владимир Басов ҳаётида уч марта оила қурган бўлса-да, унинг энг катта бойлиги сифатида айнан фарзандлари тилга олинади. Улардан икки нафари кино санъатини давом эттирди, қизи эса рақс соҳасида ўз йўлини топди.

1983 йилда Владимир Басов инсультни бошдан кечирди. Шифокорлар унинг яна кино суратга олишига ишонмасди. Бир неча ой давомида ҳаракатланиши ҳам қийинлашди. Лекин Басов таслим бўлмади. У катта матонат билан соғлиғини тиклаб, режиссёрликка қайтди ва яна бир нечта фильмни суратга олди. Бу унинг санъатга бўлган чексиз муҳаббатини намоён этди.

1987 йил 17 сентябрда Владимир Басов 64 ёшида Москвада иккинчи инсульт оқибатида вафот этди. У Москвадаги Кунцево қабристонига дафн қилинди. Басовнинг вафоти кино учун катта йўқотиш сифатида баҳоланди.

Акбар Анвар ўғли тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг